Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда беш йилдан буён чироқ ўчмаётганлиги ҳақидаги жумла бўйича тушунтириш берди

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда беш йилдан буён чироқ ўчмаётганлиги ҳақидаги жумла бўйича тушунтириш берди

Энергетика вазирлиги Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Ўзбекистонда беш йилдан буён чироқ ўчмаётганлиги ҳақидаги жумласи бўйича изоҳ берган. Гап фуқароларни 18 соатлаб чироқсиз яшашга мажбур қилган “оммавий” ўчиришлар ҳақида кетган.  

Вазирликнинг билдиришича, юқоридаги жумла кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда   қизғин муҳокама қилинмоқда.   Кишилар амалда электроэнергия таъминотида узлишлар кузатилаётган бир пайтда бу соҳанинг яхшилангани ҳақида сўз юритиш мумкинми, деган саволни ўртага ташлашмоқда.

“Ҳақиқатан ҳам электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар ҳали ҳам учраб турибди. Бироқ кўп ҳолларда, бу 10 дақиқадан 2 соатгача бўлган қисқа муддатли узилишларни ташкил қилади. Бироқ, шу ҳам эсда тутиш керакки, яқин ўтмишда барчамиз “оммавий ўчириш” ҳолатига дуч келар эдик. Аслида, бу энергия сарфини тежаш учун маълум бир жадвалга мувофиқ амалга оширилган узилишлар эди”, - дея маълум қилган Энергетика вазирлиги.

Фақатгина 5 йил олдин тугатилган “оммавий ўчиришлар”нинг сабаби эса оддий. Йиллар давомида электр энергияси истеъмоли ўсишига қарамай, бир хил энергия баланси шаклланган ва мавжуд балансни тенг тақсимлаш мақсадида деярли ҳар куни 6 ёки ундан кўпроқ соатга электр энергия таъминотида узилишлар рўй берган.

“Масалан, ўша йилларда Қашқадарё вилоятида ана шундай режали ўчиришлар кунига 18 соатгача етган. Аҳолининг сўзларига кўра, ўша вақтларда эрталаб ва кечқурун фақат 2-3 соат электр энергияси берилган холос”, -дея хабар берган вазирлик.

Шунингдек, вазирликнинг маълум қилишича, 1991 йилдан буён 25 йил давомида мамлакатда электр энергияси истеъмоли бор йўғи 20 фоизга ўсган. Сўнгги 5 йил ичида электр энергияси истеъмолининг ўсиши йиллик 11 фоизни ташкил қилади.   Сўнгги 5 йил давомида эса энергия баланси аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилди.

“Ниҳоят, биз кунлик узоқ муддатли ўчиришларга барҳам бердик, маълум сабабларга кўра юзага келаётган қисқа муддатли электр таъминотидаги узилишлар эса туну-кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар томонидан зудлик билан бартараф этиб борилмоқда. Бу каби узилишларнинг бир неча йил аввал Самарқанд, Бухоро, Урганч ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида деярли ҳар куни 4-6 соат давомида электр таъминотисиз қолган ўтмиши билан алоқаси йўқ”,- деб маълумот берилмоқда вазирлик томонидан.