Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. Жиззахда афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Жиззахда афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Cана : 15-05-2019   /   Жиззах янгиликлари   /   кўрилди: 115

Вилоятимизда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар ва уларнинг оилалари билан ишлашда қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Турли ҳолатларда жиноят содир этиб, қилган ишидан пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, афв этилган шахсларнинг бандлигини таъминлаш муҳим масалалардан биридир.

Уларнинг ижтимоий мослашувини ва жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш мақсадида вилоят ҳокимининг ўринбосари Эштемир Исматов раҳбарлигида вилоят ички ишлар бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва "Нуронийлар” жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, муаммолари ўрганиб чиқилди.

Шунинг натижасида меҳнатга лаёқатлилик даражасига ҳам аҳамият қаратилди. Кимдир тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уй-жой олиш билан боғлиқ мақсадларини айтса, бошқалари деҳқончилик, чорвачилик ҳамда иссиқхона ташкил қилиш истаги борлигини маълум қилишди.

Жумладан, шаҳримиздаги "Сайилжойи” МФЙда яшовчи М.Хўжаеванинг тикувчилик цехи очишга бўлган имкониятларини ўрганиш ва кредит олишга ёрдам беришга келишилди. "Жиззахлик” маҳалла фуқаролик йиғинида истиқомат қилувчи Ж.Эшматов асаларичилик билан шуғулланаётган бўлиб, уни асаларичилик уюшмасига аъзо қилиш ҳамда уй ҳужжатларини кадастрдан ўтказишдаги тўсиқлар ўрганилди. Фориш туманидаги "Учма” МФЙда яшовчи Ш.Юсуповга боғдорчилик учун ер майдони ажратиш масаласи кўриб чиқилди. Пахтакор туманидаги Дўстлик МФЙда истиқомат қилувчи У.Толиповга "Ҳар бир оила — тадбиркор” лойиҳаси доирасида кредит ажратиш масаласи ўрганилди.

Мазкур шахсларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш мақсадида давлат ташкилотлари масъул этиб бириктирилди. Уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, жамият ҳаётида ўз ўрнини тўлиқ эгаллаб олгунига қадар қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтилди.

Афв этилганларга имтиёзли кредитлар ажратиш орқали ижтимоий ва моддий боқимандалик кайфиятига бўлган тушунчасини тубдан ўзгартириш, фарзандларини келажакда Ватанга меҳр-муҳаббатли қилиб тарбиялаш, турли тўгаракларга жалб этиш орқали иқтидорларини аниқлаш ҳамда касбга йўналтириш чора-тадбирлари кўриладиган бўлди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахсларнинг, айниқса, соғлигидан шикояти бўлганларга тиббий хизмат кўрсатиш, фуқаролик паспортларини олишда ёрдам бериш чоралари амалга оширилади.

Халқимизда "йиқилганни суяш”, деган гап бор. Тўғри йўлдан адашган инсонларни бошқа хато қилмасликлари учун ижтимоий муҳофазага олиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Жамиятда ўз ўрнини топа олишига кўмак бериш нафақат давлат ташкилотлари, балки маҳалла-кўйнинг, барча юртдошларимизнинг вазифаларидан биридир.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!