Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. Фориш ўлкашунослик музейи ЎзМТДП эътиборида

Фориш ўлкашунослик музейи ЎзМТДП эътиборида

сана : 14-07-2017   /   Жиззах янгиликлари   /   кўрилди: 637

Баланд тоғлар билан ўралган, кўл ва даштликлардан иборат Фориш тумани қишлоқларида миллий-тарихий қадриятларимизни асраб-авайлаш, ўрганиш, тиклашга алоҳида аҳамият қаратилади. Ўзбек, тожик ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли вакиллари азалдан бақамти яшаб келаётган ҳудудда қадим маданиятнинг турфа намуналари асрлар оша сақланиб келмоқда. Хўжа боғбон ота зиёратгоҳи, Хонбанди тўғони ёдгорлиги, Қоратош, Абдуллахон чорбоғи, Гумбаз Оқтепа, Қизучгантепа, Хонкелдитепа, Тепаота, Отақўрғонтепа, Қоровултепа, Қўрғонтепа, Султонтепа, Номсизтепа каби археологик ёдгорликлар туманнинг тарихий, маънавий-маданий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутади.

 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят, Фориш туман кенгашлари ходимлари, "Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат гуруҳ партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, туманда ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар давомида ҳудуд аҳли, турли ташкилот ва идоралар вакиллари билан мулоқот қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди. Мазкур жараёнда тумандаги мўъжазгина ўлкашунослик музейи ишчи гуруҳи эътиборини тортди. Ушбу музей ташкилотчиси ва раҳбари Норинисо Ирисова партия вакиллари билан самимий суҳбат чоғида музей тарихидан сўз очди.

 

— Ёш авлод маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, уларни она Ватанга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашда маънавий-маърифий масканлар муҳим ўрин тутади, — дейди Норинисо опа. — Айни шу мақсадда туманимиз имконияти ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ўлкашунослик музейини ташкил этиш ташаббуси билан чиқиб, Олий Мажлис ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат Фондининг 25 миллион сўмлик грантини ютиб олишга муваффақ бўлдим. 2015 йилда туман ҳокимининг қарорига мувофиқ "Боғдон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги эски бинода Фориш ўлкашунослик музейини ташкил қилдик. Хонадонма-хонадон юриб, аҳоли қўлидаги турли даврларга оид буюмлар, тарихий ашёларни йиғдик.

 

Бугунги кунда музейимизда тош даврига, XIX-XX асрларга оид, шунингдек, мустақиллик манзаралари тасвирланган 600 дан ортиқ экспонат мавжуд. Улар орасида ота-боболаримиз деҳқончилик ишларида фойдаланган меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари бор.

 

Ҳудуд тарихидан сўзловчи ушбу маскан ҳақиқатан ҳам ўлка ҳаётини, ота-боболаримиз шонли ўтмишини ўзида акс эттириб турибди. Бой тарихни ўрганиш, тарғиб этиш, шунингдек, бугунги замонавий туман ҳаётини келажакка муҳрлашда ушбу ўлкашунослик музейи алоҳида ўрин тутади. Аммо музейнинг айни пайтдаги ҳолати қониқарли даражада эмас. Норинисо Ирисова музей фаолиятини янада ривожлантириш, бинони жорий таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш каби масалаларда партия вакиллари ва депутатларимизга мурожаат қилди. 

photo_2017-07-10_18-51-52.jpg

 

— Музейда жамланган турли даврларга оид уй-рўзғор буюмлари, иш қуоллари, халқ амалий санъати намуналари туманнинг узоқ ва яқин тарихидан ҳикоя қилади, — дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Алишер Қодиров. — Еттита бўлимдан иборат музейнинг ҳар бир экспонати ўзининг қиймати, ноёблиги ва такрорланмаслиги билан бебаҳо маънавий бойлик ҳисобланади. Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш, тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашишни устувор мақсад-вазифаларидан деб билади. Ушбу музей фаолияти партия дастурий мақсад-вазифаларимизга мос ва ҳамоҳанг. Шу боис музей раҳбарининг мурожаати ижобий ҳал этилишига киришдик. Туман ҳокимлиги билан биргаликда музей фаолиятини ривожлантириш, бинони таъмирлашга оид чора-тадбирларни белгилаб олдик. Таъмирлаш, ободонлаштириш ишларидан сўнг партия вилоят ва туман кенгашлари билан биргаликда музейда ҳудуд туристик салоҳиятини ошириш юзасидан амалий конференция ўтказишни режалаштиряпмиз.

 

Дарҳақиқат, ушбу ўлкашунослик музейи, қолаверса, тарих тилсимини ўзида яширган қатор тепалик ва археология ёдгорликлари ҳудудда туризмни ривожлантириш имконини беради. Ушбу масканларга, айниқса, ёшлар ташрифини уюштириш уларнинг тарихий билим ва тасаввурларини бойитишда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада партия "Ёшлар қаноти”нинг "Юртим тарихини ўрганаман” шиори остидаги "Тарихдан садо берувчи обод гўшалар” акцияси ҳамда "Тарихий масканлар — замондошлар нигоҳида” деб номланган пресс-тур ташкил этиш бўйича келишиб олинди. Фориш ўлкашунослик музейи фаолияти энди ЎзМТДПнинг доимий эътиборида бўлади.

 

Муҳтарама Рамазонова,

"Milliy tiklanish” мухбири

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!