Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. “Бобоякка” зиёратгоҳи энди якка эмас...

“Бобоякка” зиёратгоҳи энди якка эмас...

сана : 25-08-2017   /   Жиззах янгиликлари, Миллий тикланиш ДП   /   кўрилди: 462

Она диёримиз - Ўзбекистон тарихи шу заминда яшаб ўтган буюк аждодларимиз қолдирган жуда катта тарихий мерос билан ҳар қанча фахрланишга арзигуликдир. Жиззах воҳаси ҳам ана шу буюк тарих шодасида авлодлар ардоғига муносиб маданий манзиллари, бебаҳо тарихий масканлари билан энг муносиб ўринга даҳлдор. Ҳар бир юртнинг ўз табаррук масканлари, бош узра тутган муқаддас зиёратгохлари бўлгани каби Жиззах воҳасининг ҳам мўътабар зиёратгохлари бор. Жиззах вилояти худудида жами 372 та маданий мерос объектлари, шундан 42 та тарихий обида ва муқаддас зиёратгохлар, 267 та археологик манзилгоҳлар, 63 та монументал ёдгорликлар(ҳайкаллар, бюстлар, хотира майдонлари)"Давлат муҳофазаси рўйхати”га киритилган. Ҳўш, рўйҳатга олинган ушбу объектларда бугунги кунда аҳвол қай даражада? Ёки бўлмаса уларнинг номлари фақатгина рўйҳатга олинган қоғозлардагина қолиб кетяптими? Шу каби саволларга жавоб топиш, учраётган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш, мавжуд маданий-меъморий ёдгорликлар, тарихий обидаларни асраб-авайлаш мақсадида ЎзМТДПнинг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан холда "Пресс-тур” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Жиззах шаҳридаги "Ўрда” истироҳат боғи ҳудудида жойлашган XV-XX асрларга таалуқли "Бобоякка” зиёратгоҳида ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда партиянинг Жиззах вилоят ва шаҳар Кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгаши депутатлари, Жиззах вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси вакиллари иштирок этди. Ушбу зиёратгоҳ 2007 йилда руйхатга киритилиб, давлат мухофазасига олинган. Жиззах вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси бошлиғи Синдор Қорабоевнинг сўзларига кўра ушбу зиёратгоҳнинг тарихи ҳақида бир неча афсоналар бўлиб, улар мазмун жиҳатидан бир бирини тўлдирар экан. Жумладан, ёзувчи Оға Бургутлининг 2008 йилда чоп этилган "Жиззах вилояти зиёратгоҳлари” деб номланган китобида мазкур зиёратгоҳнинг тарихи қуйидагича баён этилган. "Иброҳим исмли бир йигит Хоразм шоҳининг қизига ошиқ бўлиб, унинг зулфини таёққа тор қилиб тортиб соз ясаб ошуқлик куйини чалиб юраверибди. Бу ҳонишлар бовруғи Хоразмшох қулоғига етиб борибди ва уни зиндонга хукм қилибди. Яхшилар амаллаб Иброхимни зиндондан қочирибдилар. Шоҳ дарғазаб бўлиб унинг изидан одам юборибди. Малика хам бу гапдан хабардор бўлиб сочини белига боғлаб уни қутқармоққа чоғланиб йўлга тушибди. Қотиллар Иброхимга Жиззахда етиб олиб чопиб ташлабдилар ва асодан ясалган созини устига туғ қилиб қадаб қуйибдилар... Малика зор йиғлаб "Якка ошиғим эрдинг, бо якка қолдинг!”дея илтижо қилган экан...” (Мусахон Имомов, "Бобояккадаги муҳаббат туғи ёки Жиззах Ўрдасидаги қатл қилинган ошиқ ҳақидаги ривоят”. Йиғма материаллар).

Яна бир ривоятга кўра эса Бобоякканинг асл исми Бобоқамбар бўлиб "Боборавшан” достонида Бобоқамбар шаклида берилиб ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналаридан "Гўрўғли” туркумига кирувчи достонлардан қирқдан ортиғида "Соқибулбул” образи орқали баён қилинган. Яна бир манбада Бобоқамбар пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)нинг амакиси Абу толибнинг фарзанди Али (Ҳазрат Али)нинг отбоқари бўлганлиги, унинг ўткир табиб, шоир, тарихчи, хушовоз хонанда ва от танловчи фазилатларига эга бўлганлиги қайд этилади.

Бобоқамбар замона зайли билан Хоразм шоҳи саройида хизматда бўлади. Шоҳнинг Қорасоч исмли қизини яхши кўриб қолганлиги учун Хоразмшоҳ ундан қутулиш мақсадида Бобоқамбарни олис Жиззахнинг Ўрда қалъасига дарвозабеги қилиб жўнатади. Буни эшитган қиз хам унинг ортидан жўнайди. Хоразмшоҳ бир гуруҳ лашкар юбориб "Бобоқамбарга тегманглар, қизимни олиб қайтинглар” деган топшириқ беради. Аммо, лашкарбошининг ҳам шоҳ қизида кўнгли борлиги сабаб Бобоқамбарга нисбатан унинг хусумати бор эди. Лашкарбоши дарвоза олдида эндигина Қорасоч билан кўришиб турган пайтида Бобоқамбарнинг елкасига қилич солади. Шундан сўнг Қорасоч чодир чаманига ўралганча "Бобо якка қолди” дея зор йиғлаб қайтиб кетган экан. Ривоят қилишларича, ана шундан берисига Жиззахнинг Ўрдасидаги Бобоқамбар шаҳид бўлган жой маҳаллий аҳоли томонидан "Бобоякка” дея эъзозланиб келинар экан. Жуда кўп жойларда, айниқса, Хоразмда Бобоқамбарни санъат аҳлининг пешвоси сифатида иззатлайдилар. "Бобоқамбар” отлиғ куй ҳам бор.

Гапнинг индаллосини айтганда суҳбатдошимиз С.Қорабоевнинг сўзларини тинглаб беиҳтиёр Хоразм қўшиқчилик мактабининг асосчиларидан бири Бобоқамбар бўлса ҳам ажаб эмас дея ўйлаб қолдим. Ачинарлиси, бир чеккаси пайғамбаримиз Муҳаммад (сав)га бориб тақалувчи зот дафн қилинган бу жой минг афсуски жамоатчилик эътиборидан четда қолиб кетмоқда. Яъни, ушбу зиёратгоҳ хақида фақат маҳаллий аҳолидан бўлак деярли кўпчиликнинг хабари йўқ. Чуқур маъно ва мазмун касб этувчи ушбу ривоятларни тинглар эканмиз шу аснода зиёратгоҳ ва унинг атрофига зимдан назар солдик. Бу ердаги аҳвол унчалик ҳам ҳавас қиладиган даражада эмаслигининг ёки бўлмаса биз тинглаган ривоятдаги машҳур қаҳрамон хотирасига етарлича эътибор кўрсатилмаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Фикримизнинг тасдиғи сифатида оддий бир мисолни келтирамиз. Ушбу зиёратгоҳнинг "Ўрда” истироҳат боғи ҳудудида жойлашганлигини билдирувчи белги ёки бўлмаса зиёратгоҳга элтувчи бирор йўл кўрсаткичлари мавжуд эмас. Хўп, ташриф буюрувчилар бир амаллаб зиёратгоҳни топиб келди ҳам дейлик! Аммо масканда зиёратчиларга тарихий объект тўғрисида маълумот берувчи, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак "Ўзи ҳақида сўзловчи” бирор маълумотлар доскаси ёки маҳсус баннерлар мавжуд эмас. Шунингдек, зиёратгоҳ ҳудуди қаровсиз ва назоратсиз қолдирилганлигидан бу ер ёшларнинг маҳсус "стрелка” жойига ҳам айланиб улгурган. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларни бартараф қилиш мақсадида ҳудуд катталигини инобатга олган ҳолда маҳалла профилактика инспекторига ёрдамчи сифатида "Ўрда” истироҳат боғига алоҳида штат асосида назоратчи инспектор тайинланиши тўғрисида таклифлар берилди. Атроф-муҳитни ободонлаштириш мақсадида халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Суннатулла Бойхўрозов ҳудудга манзарали дарахт кўчатларини етказиб бериш ташаббусини илгари сурди. Зиёратгоҳ яқинида эски ховуз сувидан атроф-муҳитни ободонлаштириш мақсадида фойдаланиш мумкин. Аммо, бунинг учун маҳсус сув чиқарадиган насос зарурлиги қайд этиб ўтилди. Зиёратгоҳдаги умумий аҳволини ўрганиш якунида кўзга ташланган муаммолар, аниқланган камчиликлар юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан вилоят Кенгаши сессиясига масала сифатида киритиш мақсад қилиб олинди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак ўзимиз яшаб турган ҳудудда мана шундай муқаддас қадамжо ва буюк зотларнинг зиёратгоҳлари борлигидан беҳабар бўлсак, қандай қилиб бу каби масканларга ҳорижий меҳмонларни жалб қилиш мумкин. Демак, бу ҳақда жамоатчиликни ҳабардор қилиш ва ҳудудга бўлган эътиборни кучайтириш бугуннинг кечиктириб бўлмас муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Демакки, ишни шу бугундан бошлашимиз керак!

 

Улуғбек Мустафаев,

ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши Матбуот котиби

 

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!