Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. ФОРИШДАГИ СЕҲРЛИ ГЎША «ҲАСАН ОТА» ҚИШЛОҒИ

ФОРИШДАГИ СЕҲРЛИ ГЎША «ҲАСАН ОТА» ҚИШЛОҒИ

Cана : 20-02-2018   /   Жиззах янгиликлари, Тарих, Қадамжолар   /   кўрилди: 406

Табиатга шайдолик, гўзал ва бетакрор манзаралардан завқ олиш, сирли табиат ҳодисаларига бўлган қизиқиш, тоғлар бағридаги қишлоқлар тарихи билан танишиш бизни Нурота тоғ тизмалари томон отлантирди.

Фориш тумани ҳудудига кириб борар эканмиз, баланд тоғ тизмаси эътиборимизни тортади. Нурота тизма тоғлари Нурота воҳасини шимол ва ғарб томонидан ўраб туради. Тоғнинг энг баланд жойи Ҳаётбоши чўққиси бўлиб, унинг баландлиги 2169 метрга тенг. Жанубий-шарқдан оқиб ўтадиган Сангзор дарёсининг Илон ўтти тоғ йўлаги Нурота тизма тоғини Молгузар тоғ тизмасидан ажратиб туради.

Тарих фанлари номзоди Файзулла Толиповнинг ёзишича, Нурота тоғлари милоддан аввалги IV-II асрлардаги қадимги юнон манбаларида Суғд тоғлари деб аталган. Ўрта асрларга оид араб манбаларида Коф деб аталиб, тармоқлари билан қўшиб ҳисоблаганда 500 км. узунликка эга.

Довондан кун ботиш тарафга – қораабдол қишлоғи томон борар эканмиз йўлнинг чап томонида, сердарахт жойда гумбазли мақбара кўзга ташланди. Машинани шу тарафга бурдик. Шағалли йўлдан ичкарилаб, кўхна қабристон дарвозаси ёнида тўхтадик.

Бир неча киши Ҳадис сўзлари битилган мармар тошларни йўлакнинг икки тарафига ўрнатиш юмушларини бажараётган экан. Улардан бири – зиёлисифат киши бизга пешвоз чиқди. Мақсадимизни англатиб «Ҳасан ота» мақбарасини зиёрат қилмоқчи эканлигимизни билдирдик.

- Хуш келибсизлар меҳмонлар, мен шу ернинг мутасаддиларидан Толлибой Сулаймонов бўламан, – деди бизни хурсанд қаршилаб.

Толлибой Сулаймонов йўл бошлади, уч-тўрт зинани босиб нақшинкор эшикдан ғиштин бино ичкарисига кирдик. Бино ўртасида уч метрча келадиган мармар сағана жойлашган. Ҳасан отанинг қабри шу экан. Ўриндиққа ўтириб «қуръон» сураларидан тиловат қилдик.

Ҳамроҳимиз Ҳасан ота кароматли авлиё киши бўлганлиги ҳақида гапирар экан, эътиборимизни мақбара ёнидаги тут дарахтига қаратди.

– Мутахассисларнинг эътироф этишларича, танасига уч одамнинг қулочи етмайдиган мана бу тут дарахтининг ёши тўрт юз йилдан ошар экан. Шундан билиш мумкинки «Ҳасан ота» зиёратгоҳи вужудга келгандан буён камида 4-5 аср вақт ўтган.

Ахборотчининг сўзларича ўғуз туркманларининг «така» уруғининг бир шохобчаси ҳисобланган Нурота туркманлари X-XI асрларда Сирдарёнинг ўрта оқими атрофидаги Сиғноқ шаҳри ҳудудида яшаб, Солжуқийлар давлати таркибида бўлган. ғазнавийлар сиқуви остида Солжуқийларнинг бир қисми Каспий денгизи ортига – ҳозирги Туркманистон ҳудудларига кўчиб ўтиб кетади, бир қисми Нурота тоғи атрофида қолишади. Вақт ўтиши билан ўзбек-туркманлари (Нурота туркманлари ҳам дейишади) яшайдиган ҳудудлар кенгайиб, XVI-XVIII асрларда қораабдол томонларга келиб ўрнашади.

қораабдол топонимининг юзага келиши тўғрисида икки хил қараш мавжуд. Биринчисига кўра қадимги туркий халқларда, хусусан қарлуқ, чигил, яғмоларда «қора» сўзи қўрқмас, кучли маъноларини англатган ва бу қишлоқда яшовчи абдал этник қавм вакиллари ўзларига қора унвонини қабул қилган. Шу тариқа қораабдол этноним, этнотопонимга айланган, дебҳисобланади.

Иккинчи фаразга кўра абдоллар яшайдиган қишлоқ бозорида бир қора киши сув тарқатиб юрган ва одамлар «қора абдолнингқўлидан сув ичдик», деб гапириши орқасидан қишлоқ қораабдол деган номга эга бўлган.

Ҳасан ота қабри ёнида илгари хонақоҳ бўлган. Бино пишиқ ғиштдан тикланган. Шу қишлоқлик Абдурауф Ўтамуродовнинг маълумот беришича, хонақоҳ анча эскириб кетганлиги сабабли «Ҳасан ота» мақбараси қайта қурилаётган кезлари бузилиб, пишиқ ғиштларидан бино гумбазларига ишлатилган.

«Ҳасан ота» мақбараси ҳудуди қирга туташ. қирга боқиб, табиат мўъжизасини кўрасиз. қир пастдан юқорига торайиб борувчи, устма-уст жойлашган учта яссилик шаклида. Учинчи қир устидан ён-атроф, сойликлардаги қишлоқлар яққол кўриниб туради.

– Ушбу қир бағрида ғишт пишириладиган хумдонлар бўлган экан. Бу ғиштлардан Бухоро амирлиги ҳудудида қуриладиган ҳашаматли биноларга ишлатилган. Кўп йиллар «Ҳасан ота» зиёратгоҳига келувчиларга, намоз ўқувчиларга хизмат қилган мачит-хонақоҳ ҳам шу ерда тайёрланган пишиқ ғиштдан қурилган экан, - дейди Толлибой Сулаймонов.

Суҳбатдошимиз бу гапларга бизнинг ишонинқирамай турганимизни сезиб:

- Ҳозир пастроққа тушайлик, бундан 200-300 йилча илгари шу ердаги хумдонларда пиширилган, безаклари ва шакли ҳеч бир жойникига ўхшамайдиган ғишт намуналарини сизларга кўрсатаман, деди ва бизни қир пастига эргаштириб келди. Хандаққа ўхшаш чуқурликлар атрофида ҳақиқатдан ҳам биз билган ғишт заводлариникидан бутунлай фарқ қиладиган, кўкимтир тупроқ тусли пишиқ ғиштлар сочилиб ётарди. Улардан бирини қўлга олиб, мустаҳкамлигини синаш мақсадида тошга уриб кўрдик – синмади.

Ҳасан отанинг ким бўлганлиги, қайси даврда яшаб ўтганлигини билиш мақсадида бир қанча манбаларни ўқиб чиқишга, қораабдоллик илмли-маърифатли кишилар билан мулоқотда бўлишга тўғри келди. Гарашалик тарихчи олим Файзулла Толиповнинг ёзишича, араблар VII-VIII асрларда Ўрта Осиёни босиб олган бўлсаларда бу ўлканинг тоғли ҳудудлари аҳолисининг ислом динини қабул қилиши XII-XIII асрларгача давом этган. Араблар аҳолига ислом динини қабул қилдириш учун ислом динини яхши биладиган, илм-маърифатли кишиларни, хўжа, эшон, шайхларни дин тарғиботига кенг жалб этиб, уларга катта-катта имтиёзлар беришган. Араблар билан шарқий Туркистонга келган Сайидлар ва хўжалардан катта гуруҳи ана шу талаблар тақозосига кўра ўлканинг чекка қишлоқларига келиб жойлаша бошлаган. Нурота тоғ тизмалари атрофларидаги ярим ўтроқ яшаб келаётганқишлоқлар аҳолиси ўртасида ислом динини тарғиб қилиш учун ҳам диний арбоблар, уламолар, эшонлар, шайхлар юборилади.

«Ҳасан ота» зиёратгоҳини таъмирлатиб, унинг қабри устига мақбара қурилишида жонбозлик кўрсатган Мамадиёр Ороловнинг маълумот беришича, Жўш қишлоғига келиб ўрнашган диний уламолар орасида Ҳасан ота авлоди вакиллари ҳам бўлишган. Бизнинг изланишларимиз туфайли аниқланишича, Ҳасан отанинг отаси Муҳаммад Муқум хўжа Муҳаммад Пайғамбаримизнинг илк сафдошларидан бири, Арабистонда 572-634 йилларда яшаган, диндорлар ўртасида «чорёрлар» деб аталадиган тўрт халифанинг биринчиси Абу Бакр Сиддиқ (розиёллоҳу анҳу) нинг 18-авлоди ҳисобланади. Бу шажаранинг 9-авлоди ҳазрати Сулаймон бобо – Суфийлик тариқатининг асосчиси Аҳмад Яссавийнинг шогирди, ислом динини, тасаввуфни ўз ижодида кенг тарғиб қилиб, панд-насиҳатли шеърлар ёзган шоир Сулаймон Боқирғонийдир. У тахминан 1186 йилда вафот этган.

XIV-XV асрларда яшаган Муҳаммад Муқум хўжа оиласида 4 нафар ўғил улғайган бўлиб, барчаси илмли, маърифатли, авлиёсифатли кишилар ҳисобланган. Катта ўғил Султон шайх (билимдон, уламо, «муқаддас жойларнинг мутасаддиси») Туркистон шаҳрининг Отабой қармоқ қишлоғида яшаб, жасадлари ўша жойга қўйилган.

Иккинчи ўғилнинг исми Назиржон хўжа Азиз Навоий вилояти Хатирчи тумани Жизмон қишлоғида яшаган, қабрлари ҳам ўша жойда. Учинчи ва тўртинчи ўғиллари Абдусамиь хўжа Азиз ва Ҳасан хўжа Азиз қўшрабод туманидаги Жўш қишлоғида яшаган.

Ҳасан ота умрининг сўнгги йилларида Нарвон ота зиёратгохидаги чиллахонада ўтирган. Сўнг йўлга чиқиб, ҳозирги Ҳасан ота қишлоғига келган ва шу ерда вафот этган. Аҳоли ўртасида обрў-эътибори юқори бўлган бу шахс қабри асрлар давомида асраб-авайланиб келинган.

Ҳасан ота қабрини ободонлаштириш пайтида топилган пишиқ ғиштдаги маълумотларга кўра у киши 1441 йилда вафот этган экан. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Ҳасан ота XIV асрнинг иккинчи ярмида таваллуд топган. Унинг авлодлари ҳозирги кундаҳам Самарқанд вилоятида, қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳри атрофларида яшаб келмоқда. қўшрабод туманида «Ҳасан бобо» деган қишлоқ ҳам мавжуд.

«Ҳасан ота» қишлоғида яна бир табиат мўъжизасига дуч келдик – қабристондан унча узоқ бўлмаган тепаликнинг пастидан, ясси тошлар орасидан чиқаётган булоқ суви тўпланган ҳовузчада ҳар хил катталикдаги балиқлар у ёқдан бу ёққа сузиб юрарди. Балиқлар гох тиниқ сувли ҳовузда бир-бири билан «қувлашмачоқ» ўйнайди, гох сув оқиб чиқаётган ясси тошлар орасига кириб кетиб, кўздан йўқолади. Шу ерда бизга ҳамрох бўлган йигитнинг айтишича «Ҳасан ота»даги балиқлар Нурота зиёратгоҳидаги муқаддас ҳисобланувчи балиқларга ўхшаш бўлиб, сув йўли орқали сузиб бориб, у ёқда ҳам, бу ёқда ҳам пайдо бўлар экан.

Рашид КАРИМОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!