Жиззах аккумулятор заводи карантинда 752 миллион сўм солиқ тўлади

Жиззах аккумулятор заводи карантинда 752 миллион сўм солиқ тўлади

Карантин даврида ишлаб чиқариш суръатларининг камайиши ва ишсизликнинг ортиши  иқтисодиётга катта зарар келтиради.  Шундай мураккаб шароитда ҳам фаолиятини буткул тўхтатмасдан, санитария меъёрларига тўлиқ амал қилган ҳолда фаолият кўрсатган йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири Жиззах аккумулятор заводидир.

Корхона жамоаси  йил бошида 850 минг дона аккумулятор батареяси ишлаб чиқариш бўйича катта марра олган эди. Аммо коронавирус пандемиясининг тарқалиши натижасида кўплаб ходимлар масофавий иш режимига ва меҳнат таътилига чиқарилди. Бу  билан ишлаб чиқариш суръатлари буткул тўхтаб қолгани йўқ.

Бугунги кунда Жиззах аккумулятор заводида вахтавий иш режими ташкил қилинган бўлиб, вирус юқишининг олдини олиш бўйича энг юқори даражада чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Жумладан, завод ҳудудига кириш олдидан ҳар бир шахс ва автомобиль дизенфекция станциясида зарарсизлантирилмоқда. Цехлар, кийиниш хоналари, ётоқхона, ошхона ва дам олиш хоналари ҳар икки соатда дизенфекция қилиниб, антисептик воситалар билан узлуксиз таъминланиб турибди. Ҳар куни ишчиларнинг тана ҳарорати бир неча марта ўлчаниб, сўнг меҳнат фаолиятига рухсат берилади. Тиббий ниқоб тикиш корхонанинг ўзида амалга оширилиб, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига яраша таъминланмоқда.

Корхонада  ўтган йили 732 минг дона батарея ишлаб чиқарилган. Маҳсулотнинг асосий харидорлари республикамиздаги барча автомототранспорт ишлаб чиқарувчи заводлар бўлиб, катта қисми Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Россияга экспорт қилинади.

Қўрғошинни эритиш ва қотишмалар тайёрлаш цехида 2000 цельсий ҳароратга чидамли қимматбаҳо ғиштлардан ротор печи футеровкасининг ишчи қатламини алмаштириш эндиликда заводнинг ўз мутахассислари томонидан  амалга оширилаяпти. Илгари бу амалиёт Россия ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати мутахассислари томонидан катта маблағ эвазига амалга оширилар эди.

Карантинда бу каби яхши янгиликлар талай. Жумладан, январь ойида электродлар ишлаб чиқариш, аккумулятор батареяларини йиғиш ва формировка қилиш цехларида модернизация лойиҳаси доирасида замонавий ускуналар олиб келинди. Бутун дунёда карантин шароити боис хорижлик мутахассислар корхонага кела олишмаяпти. Аммо заводнинг юқори малакали электроника ва механика мутахассислари улар билан интернет орқали боғланиб, ишлаб чиқариш жараёнларини енгиллатувчи бу ускуналарни ўзлари ишга туширмоқдалар.

Албатта, мураккаб пандемик даврда ҳар бир ишчи-ходимнинг саломатлиги ниҳоятда қимматли. 15 кунлик смена давомида ҳар бир ходимнинг меҳнат қилиш, дам олиш шароитлари етарлича таъминланиб, саломатлиги қатъий назорат қилинаяпти.

Карантин даврида оқилона ва хавфсиз ташкил этилган меҳнат шароитлари боис Жиззах аккумулятор заводининг апрель ойидаги ишлаб чиқариш қувватлари пасаймади. Аксинча, якунига етган ойда корхона ҳисобидан давлатимиз бюджетига 752 миллион сўм солиқ тушуми тўланди.

Ҳаёт давом этмоқда. Карантин ва халқимиз бошига тушган янги синовлар бизларни янада жипс бўлиб, ваҳимага берилмасдан, тезкор ва оқилона йўл тутишга ўргатаяпти.

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати