БАХТ НИМА?

Қанчалар бахтлисан-а?!

Юзлари сўлғингина кекса бувимнинг хитобидан сергак тортдим. Бувим менинг ҳайрат тўла нигоҳимга ажиб бир ҳавас билан боқаркан, давом этди:

-Ниҳоятда хотиржамсан. Бир қарашдаёқ билинади. Яна, табассуминг ҳам тоза...Бу – бахт, болам, ҳақиқий бахт!

Аввалига бувимнинг сўзларига жавобан кулимсираб қўя қолдим. Кейинроқ эса бу мени хийла ўйлантирди. БАХТ...Нима ўзи у? Уни қўл билан ушлаб, кўз билан кўриш мумкинми? Ўлчами, ҳажми, кўлами борми? Бу тушунчани ҳаётда нималар билан таққослаш мумкин? Саволлар бисёр, жавоблар эса ҳар кимда турлича...Ким учундир бахт – ҳашам, кошона, энг сўнгги русумдаги автомобиль, кўнгли тусаган вақтда хоҳлаган буюмини сотиб олиш. Яна ким учундир обрў – эътибор, мансабу унвон. Аммо ҳаётда шундайлар ҳам борки, улар ўз бахтини фарзандлари камолида кўрадилар. Ўғил – қизининг ортидан раҳмат эшитса, ўзларидан тиниб – тинчиб яшаса, кўнгли тоғдек кўтарилади, руҳи янада юксалганини ҳис қилади.

Биз, одамлар жуда қизиқмиз-да! Одатда, нимагаки муҳтож бўлсак, нималаргадир етиша олмасак, ўша нарса биз учун бахтдек туюлади. Нега шундай экан-а? Соғ бўлсак, отаётган ҳар бир тонгни тинчлик – хотиржамликда қаршиласак, ҳалол меҳнат билан топиб еган бир бурда нонимизнинг шукронасини айтиб яшасак, яқинларимиз ва оила аъзоларимизнинг меҳру муҳаббати, маънан ва руҳар қўллаб – қувватлашини ҳамиша ҳис этиб турсак, толеимизга битилган бундай бебаҳо бахтни нега ҳар доим ҳам ҳис қилавермаймиз?

Яна ўша савол: хўш, бахт, аслида,нима? Кимнинг қарашлари ҳақиқатга яқинроқ? "Самода кенг қанот ёзиб парвоз қилаётган қушларга ҳавасим келади. Билмадим, эҳтимол, улар учун бахт парвозмикан? Шукр қилиш керак! Ҳаётнинг ширин ташвишлари билан осойишта тонг отмоқда, осуда тун чўкади...Қўлга қурол ушлаб, ғанимнинг тузоғига тушиб қолишдан ҳавотирланиб яшаётганим ёки касалхона шифтига боқиб, ваҳимали ўйлар қуршовида умидсизлик ботқоғига ботаётганим йўқ-ку...”. Кимдир шундай ўйлайди. Бошқа биров бўлса "Истаган касб – корим бор. Ҳалол меҳнату пешона тери билан топганим фарзиндларим учун, оилам учун сарфланмоқда. Яхши ишласам, астойдил машаққат чексам, оилам бундан ҳам тўқ, фаровон яшаши мумкин. Ҳаракат қилишим керак!” деган қараш билан яшайди. Яна кимдур шундай фикрда: "Мени парча этдан бино қилиб, вояга етказган меҳрибон ота – онам соғ – саломат. Оила аъзоларим, жигаргўшаларим билан ҳар куни биргалашиб, бир дастурхон атрофида мамнун юзлашамиз. Гарчи ошкор айтмасак ҳам, бир – биримиз учун қайғурамиз. Бундан зиёд нима ҳам керак менга?!”. Бошқа бировнинг эса бахти, бу... "Мен севимлиман. У ҳамиша ёнимда: кулса куламан, йиғласа, юпанч бўламан. Унинг дарди – дардим, шодлиги – шодлигим. Меҳр, мустаҳкам ишонч, вафо, садоқат ришталари бизни боғлаган. Шунинг ўзи тенгсиз бахт эмасми?...”. Муҳаббатга тўла кўнгил соҳибининг саодати шу...

Аслида, ҳар бир инсон дунёга бахтли бўлиш учун келади. Назаримда, бахт учун кўп нарса керак эмас. Бахт бу – Қаноат. Бахт бу – Ишонч. Бахт бу – Муҳаббат. Буларнинг орасида эса моддий икир – чикирларни алоҳида қайд этишга ҳожат йўқ. Зеро, ҳар кимнинг ҳаётида шу уч жиҳат жамулжам экан, бойлик, давлат, даромад келтирувчи касбу кор, фаровон турмуш, шуҳрат, обрў – эътибор, ютуқ ва муваффақият – буларнинг барига эришиш мумкин!

 

 

Ўғилой Исмоилова

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига