Янгиерда мирзаободликларга ижтимоий ёрдам юклари тарқатилиб, тикланган ҳужжатлар топширилди

Янгиерда мирзаободликларга ижтимоий ёрдам юклари тарқатилиб, тикланган ҳужжатлар топширилди

Адлия вазирлигининг “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида вазирликнинг Сардоба сув омборидаги тошқиндан жабр кўрган аҳолига ижтимоий ёрдам юклари ортилган карвонлари вилоятимизга етиб келган бўлиб, уни ҳудудларга тарқатиш ишлари давом этмоқда.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ж. Нуритдинов, Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Б.Артиков, Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи И.Қаюмов, Янгиер шаҳар Давлат хизматлари маркази директори О.Назаров, Янгиер шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Р.Батировалар Янгиер тиббиёт коллежида бўлиб, мазкур эвакуация ҳудудига Мирзаобод тумани “Навбаҳор” маҳалласи, Оқолтин тумани Фарғона шаҳарчасидан кўчирилган оилаларга зарур озиқ-овқат ҳамда гигиеник воситалар тўпламларини тарқатилди.

Шунингдек, мазкур ҳудудда вақтинча яшаб турган, сув тошқини оқибатида ҳужжатлари йўқолган фуқароларга Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ ходимлари томонидан тикланган туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари ўз эгаларига топширилди.

-Бугун Адлия вазирлигининг ижтимоий ёрдамини олдик, биздан кўнгил сўраб келганларга катта раҳмат, - дейди Мирзаобод туманининг “Навбаҳор” маҳалласидан келган Мавжуда Қаршибоева. -Айниқса, фарзандларимнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни ҳеч қандай тўловларсиз тиклаб беришди. Уларни топширишаётганида кўзларимга ёш келди. Бу албатта қувонч ёшлари. Мушкулимизни осон қилган барча ташкилотлардан миннатдормиз.

Шуни таъкидлаш керакки, бугун вилоятнинг турли ҳудудларида 120 та гувоҳномалар, жумладан, 90 та туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 30 та никоҳ тузилганлиги гувоҳномалар ўз эгаларига топширилди.

ДХА Сирдарё вилоят бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси