ВИРТУАЛ ХАТАР ВА ОММАВИЙ МАДАНИЯТ ҳақида нималарни биламиз ?

Экспертлар фикрига кўра, ер юзининг 24 фоиз аҳолиси интернетдан деярли ҳар куни фойдаланади. Ҳозирги кунда глобал тармоқдаги энг кўп мурожаат қилинадиган веб-саҳифаларнинг 23 таси ижтимоий тармоқлар сирасига киради.

 

ХХ аср давомида инсониятни таҳликага солиб келган ядровий уруш хавфини эндиликда ахборот хуружлари эгаллади. Улар инсон онги ва тафаккурига таъсир ўтказишнинг энг осон ва камчиқим усули бўлиб, яхлит бир жамиятни парокандаликка олиб келиши ҳеч гап эмас. Буни Яқин Шарқдагиҳалигача давом этаётган уруш-у, бошбошдоқлик, сиёсий беқарорлик воқеалари мисолида кўриш мумкин. Ушбу тўс-тўполонларнинг юзага келишида айнан ижтимоий тармоқлар муҳим роль ўйнаган эди.

Хавотирнинг нақадар асосли эканини исботлаш учун мавжуд рақамларга эътибор қаратиш кифоя. Айни вақтда глобал тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг осон йўлларини тарғибқилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги
4 мингдан зиёд сайтлар мавжуд бўлса, уларнинг 49 фоизи компьютер ўйинлари орқали зўравонлик ва ёвузликни тарғиб қилаётир. Дунёдаги 41 фоиз болалар ва ўсмирлар On-line тарзда тарқатилаётган порнографик мазмундаги манбалар таъсирига тушиб қолмоқда. Халқаро экспертлар дунё миқёсида 40 фоизга яқин бола зўравонлик руҳидаги сайтларга, 25 фоизи миллатчилик характеридаги веб-сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда.

Бу нарса миллионлаб инсонлар, айниқса ёшларни ўз домига тортаётгани хавотирли. Ушбу рақамлар дунё миқёсида олинган бўлиб, улар орасида бизнинг ёшларимиз ҳам борлигини асло унутмаслик лозим.

ХХI аср одамлари бугун икки: реал ва виртуал дунёда истиқоматқилмоқда. Айримлар фақат биринчиси билан чекланган бўлса, бошқалар иккинчисида кўпроқбанд ва унга кўпроқишонади.

Дунё аҳолисининг аксарияти қандай мазмундаги ахборот бўлишидан қатъий назар, уни асосан интернетдан олишга ҳаракат қилади. Бир қарашда бу жуда осон усул бўлиб кўринади. Ростдан ҳам, энди соатлаб китоб варақлаб, зарур маълумотни минг машаққатлар билан излашга ҳожат йўқ. Ҳаммаси интернетда муҳайё. Бир яхшининг бир ёмони бўлгани каби интернет ҳам нуқсонлардан ҳоли эмас. Бу ерда ҳамма нарса аралаш - оқ билан қора, яхши билан ёмон. Тезкорлик ва турли кўринишларда информация тарқатиш имконияти, аудиториянинг қайта алоқага чиқиши учун мавжуд қулайликлар бизнес, тадбиркорлик, реклама, оммавий алоқалар ҳамда ахборот хизматлари учун катта информация майдонини яратаётган бўлса, шу билан бирга, уни чегара ва назорат қилишнинг имкони йўқ - бузғунчи ғоялар, террористик даъватлар, порнография ва ҳоказоларни учратиш мумкин. Айтайлик, виртуал олам - интернет орқали террористик ташкилотлар ҳам ўзларига «ҳудуд» яратиб олган. Шунингдек, фоҳишалик айнан интернет хизмати орқали амалга оширилмоқда. Одам савдосининг дунё миқёсида ёйилишида интернет имкониятларидан кенг фойдаланилаяпти.

Умуман олганда, ўзига юклатилган вазифадан келиб чиқадиган бўлсак, ижтимоий тармоқлар фикр ва тажриба алмашиш, маълум бир соҳа вакиллари ўртасида мулоқот ўрнатиш каби мақсадларга хизмат қилиши лозим. Афсуски, истеъмолчи томонидан бу тармоқлар кўпроқ эрмак, кўнгилхушлик учун танланмоқда.

Мутахассислар фикрича, дунё бўйича оилаларнинг ажралиши, юрак, қон-томир фаолияти бузилиши ва асаб касалликлари айнан интернетга тобеликдан ҳам келиб чиқаётган экан. Хитойнинг баъзи шаҳарларида интернетга қарамликка чалинган беморларни даволайдиган махсус касалхона ҳам ташкил этилган экан.

Ижтимоий тармоқларнинг интернетдаги ғалабали юриши 1995 йилда америкаликларнинг Classmates.com (Odnoklassniki унинг русча аналоги ҳисобланади) ижтимоий тармоғи яратилиши билан бошланди. Бу ижтимоий тармоқнинг мақсади синфдошларни интернет тармоғи орқали қидириш, топиш ва мулоқот ўрнатишдан иборат бўлган.

Албатта, бу веб-саҳифаларни яратишдан кўзланган асосий мақсад бир томондан маблағишлаш бўлса, иккинчи томондан, саҳифани оммалаштириш ҳамда бир хил дунёқарашга эга бўлган шахслар гуруҳини шакллантириш ҳисобланади. Салбий томони шундаки, шаклланган гуруҳларни бошқариб бўлмайди.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда маълумотлардан, шу жумладан, шахсий маълумотлардан фойдаланиш маданияти ҳам муҳим аҳамият касб этади. Эътибор бериб, мавжуд веб-саҳифалар таҳлил қилинса, қуйидаги салбий ҳолатлар ва камчиликлар учрайди:

- фойдаланувчиларнинг айримлари ўз номи билан рўйхатдан ўтмайди;

- номақбул фотосуратлар қўйилади;

- ўзаро мулоқотларда ҳурматсизлик, беписандлик, энг ёмони, маданиятсизлик кўзга ташланади;

- бемаъни гаплар ёзилади, баъзан нотўғри маълумотлардан фойдаланилади;

- саҳифалар ижтимоий бўлишига қарамасдан, сиёсий мулоқотлар ўрнатадилар ва ҳоказо.

Юртимизда бугунги кунда ёшларга берилаётган эътибор вағамхўрликларга дунёнинг ривожланган давлатлари ҳавас билан қарамоқдалар. Шундай бўлса-да, биз бир зум бўлсин, бепарволикка берилмаслигимиз, ёшлар орасида интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини мунтазам юксалтириб боришимиз, энг муҳими, ундаги ҳар бир жиҳатга онгли равишда муносабат билдира олиш кўникмаси талаб этилади.

 

 

 

Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ахборот хуружи орқали таъсир кўрсатишга уринаётган кимсаларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялар ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш ва англаш осон эмас. Бор фожиа ҳам шунда...

Ўзи «Оммавий маданият» ХХ аср маҳсулими ёки у кўп даврлардан буён мавжудмиди? Унинг ғоявий, фалсафий асослари қачон юзага қалқиган?

Инсоният бошидан ўтказган инқилобларни тадқиқ этиш асосида ва инсоннинг феъл-атвори ҳақидаги билимлар негизида ХХ аср 30-йилларида янги назария пайдо бўлди. Бу назариянинг муаллифи Италия компартиясининг асосчиси ва назариётчиси Антонио Грамши эди.

Грамшининг фикрича, гегемония жамиятнинг «маданий ўзаги»га таянади. Бу ўзак инсоннинг ҳаёт, яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги тасаввурларини, билим ва тажрибани, анъана ва рамзларни ўз ичига қамраб олади. Маданий ўзак қанчалик барқарор бўлса, мавжуд тартибни сақлабқолишни ихтиёр этган жамоанинг иродаси ҳам шу қадар қатъий бўлади. Маданий ўзакнинг кучсизланиши ёки қўпорилиши эса жамоа иродасининг емирилишига олиб келади ва инқилоб учун замин яратади.

Бунинг учун танкларга снаряд, самолётларга бомба жойлаштириш, автоматларни ўқлаш талаб этилмайди, балки кўп сонли китоб ва рисолаларда, журнал ва газеталардаги мақолаларда маданий ўзакни таназзулга етакловчи «вирус – ғоя»ларни тарқатишнинг ўзи кифоя.

Хўш, маданий гегемония ўрнатишга, аниқроғи, маданий ўзакни кучсизлантиришга шайланганларга Грамши нима маслаҳат беради? Тарихий хотирани сусайтириш, жамиятдаги бирдамликка путур етказиш, анъанавий қадриятларни емириш, халқни маънавий илдизларидан маҳрум этиш, соғлом ақлни «ўчириш» каби усулларни таклиф қилган Грамши қарашларини унинг замонавий «шогирдлари» янги йўналишлар - ахлоқсизликни тарғиб қилиш, инсоннинг энг тубан майллари, ҳайвонийҳирсини, нафсини қўзғаш ҳисобига бойитдилар.

Соғлом ақл «ўчирилгач», инсонни ақл бовар қилмас афсона ва уйдирмаларга ҳам ишонтириш осон бўлади. Айни пайтда жаҳонда кенг қулоч ёйган мафкуралардан бири «евроцентризм» деб аталади. Номидан кўриниб турганидек, Ғарбдан андоза олиш, унга тақлидқилиш тараққиётнинг бош омили эканлиги уқтирилади. Улар «Ғарб изидан бор - бу энг яхши дунёлардан биридир», дея маслаҳат берадилар.

«Оммавий маданият» Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда «популяр» ёки қисқартириб «поп-культура»
(яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир.

Мутахассислар фикрича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмагани учун «оммавий маданият» тушунчаси қўлланилмоқда. Чунки «оммавий маданият» аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизликнинг синонимидир.

Ғарб дунёсида мумтоз асарлар дурдоналарига нисбатан «Бизга «Тўққизинчи симфония» (Бетховен) керак эмас!» ёки «Мона Лиза»ни лойга қориштирамиз!» каби жаҳолатпарастликка асосланган хитоблар «оммавий маданият» тарафдорлари ва мухлисларининг дастурий қарашлари негизини ташкил этади.

Aжабланарлиси, гоҳида ғоятда истеъдодли инсонлар ҳам «оммавий маданият» тарғиботчилариқутқусига учраб, унинг тегирмонига сув қуйиб келган. Масалан, машҳур рассом Салвадор Дали Леонардо да Винчининг «Мона Лиза» («Жаконда») асарини киноя қилиб, Мона Лиза лаблари устига мўйлов чизган ва «Мўйловли Жаконда» «асар»ини яратган. Мана шундай «аччиқистеҳзоли,қора мазмунли кулги» - «оммавий маданият» фаолиятининг етакчи белгиларидан биридир.

«Оммавий маданият» намояндалари қора, заҳарханда, беҳаё кулгини «исён ифодаси» деб билишади. «Нимага қарши исён ?» деган савол туғилиши табиий. Aгар «поп-маданият» дунёга «эҳсон» этаётган «поп-арт» («тасвирий санъат» деса ҳам бўлади) намуналарига қараб ҳукм юритилса, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданият, маънавият, ахлоқ, эзгу орзу-мақсадларни менсимайди. Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Уларнинг фикрича, ҳамма санъаткор бўла олиши мумкин. Ҳамма нарса санъат деб аталиши ҳам мумкин.

Баъзи, «оммавий маданият» намояндаларининг фикрича, атроф-борлиқда, маиший ҳаётда мавжуд барча нарсалар (масалан, консерва банкалари, синиқ тиш чўткалари, машина, водопроводларнинг занглаган бўлаклари, турли суратлар, журнал-газета қийқимлари) ҳам алоҳида ажратилиб, уларга муайян тартиб берилиб, одамлар эътиборига ҳавола этилса, бу оддий чиқиндилар баайни археологик қазилмалар чоғида топилган қадимги юнонлар осори-атиқаларидай ўзгача аҳамият касб этиб, «санъат ва маданият намуналари» қаторидан ўрин олар эмиш.

«Поп-арт»чиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча нарсалар ва буюмларни эъзозлашади, маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси - маънавиятни ўлдириш ва буюмларга қулликни рағбатлантиришдир. Aмерикалик таниқли адиб Рей Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси - автомобиль, телевизор, музлатгичга эга бўлиш. Aгар телевизор иккита бўлса, шунча яхши.

Албатта, «оммавий маданият» таъсирини етарлича баҳоламаслик, уни оддий кўнгилочар иш, «иккинчи нав санъат», тутуриқсиз, бемаъни, бачкана ҳодиса деб ҳисоблаш нотўғри. Чунки «оммавий маданият»ни соддагина тушунтириш орқали замонавий маданиятнинг жиддий ҳодисасига жамиятнинг эътибори кучайиш ўрнига сусаяди ва унинг жамият ахлоқий соғломлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳисобга олинмай қолади. Мисол учун, «оммавий маданият»нинг энг қуйи даражаси бўлган китч маҳсулотлари. Китч - жўн ва саёз товар, омма томонидан энг кўп талаб қилинадиган ва сифати энг паст маҳсулот.

«Оммавий маданият» турли кўринишларда намоён бўлади. Хусусан:

Китч - заррача бадиий-эстетик қийматга эга бўлмаган нарса ва буюмларга юксак андоза тусини бериш.

Комикс - тагига қисқа матн ёки луқмалар битилган беҳаё матбаа - расм маҳсулотлари.

Старизм - субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар ва телебошловчиларни илоҳийлаштириш.

Хиппи - аввалдан режалаштирилмаган, ногаҳонда уюштириладиган «кескин» томошалар, масалан, рояль, пианино ёки автомобилларни уриб абжағини чиқариш ёхуд ўт қўйиш орқали ваҳшиёна, оммавий «кўнгил очиш»лар уюштириш.

Булар «оммавий маданият»нинг айрим кўринишлари, холос.

«Оммавий маданият»да «оммавий мусиқа» алоҳида ўрин тутади. «Оммавий мусиқа»ни кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқа - «янги рок» белгилайди. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанингқиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. «Оммавий маданият»даги техник-ижро воситалари мусиқа имкониятларини ниҳоятда торайтирмоқда, полифонизм - мусиқий садолар бойлиги ва ранг-баранглигини йўққа чиқармоқда.

Мамлакатимиз раҳбари «Юксак маънавият - енгилмас куч» асарида ўринли қайд этган эди: «Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда инсоният маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган, кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан кучли, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин».

Бу фикрнинг нақадар жиддий асосга эга эканлигини интернетда мавжуд салбий ва зарарли сайтлар, яъни ўз-ўзини ўлдиришнинг осон йўлларини тарғиб этувчи сайтлар қарийб 10 мингга яқинлашгани, бундан-да кўп террорчилик ва экстремистик сайтлар, қарийб 5 минг порнографик сайтлар ва бошқа тарбияга зид сайтлар кўпайгани ҳам тасдиқлайди.Ғаразли сиёсий кучлар ўзларининг манфур мақсадлари йўлида интернетдан усталик билан фойдаланмоқдалар, зеро, кимки ахборотга эга бўлса, у дунёга эгалик қилади, деган фикр кўпчилик томонидан эътироф этилган.

Таъкидлаш керакки, Буюк Британияда «Ўзини тутиш кодекси» ва «Хавфсиз тармоқ» мустақил жамғармаси зарарли, ноқонуний ахборотлар оқимини назорат қилади. Айрим Европа давлатларида қонун асосида сайтларни блокировка қилиш белгилаб қўйилган. Хусусан, Германияда бу масала суд қарорига кўра амалга оширилади. Россияда эса турли ахборот хуружларига қарши курашиш мақсадида «Хавфсиз интернет маркази» ташкил этилган. Умуман, Европа Иттифоқи томонидан 6 та қонун ҳужжати қабул қилинган ва «Хавфсиз интернет» дастури ишлаб чиқилган.

Гарвард университетининг медицина факультети маълумотларига кўра, америкалик бола 18 ёшга тўлгунича телевизор экранидан 180 минг мартадан кўпроқзўравонликни кўрар, шундан тахминан 80 мингтаси қотиллик экан. Шунингдек, АҚШда болалар учун кўрсатувларнинг 66 фоизида зўравонлик саҳналари бўлиб, телевидение тўртдан уч ҳолатда зўравонлик асло жазоланмайдиган дастурларни намойиш этар экан. Ҳозирги «оммавий маданият» негизида Америка киноларидан кўр-кўрона нусха кўчирилиши ёхуд унинг энг ёмон намуналарига тақлидқилинишиҳисобга олинса, мазкур маълумотлар экран зўравонлиги ва унинг ижтимоий онгга, энг аввало, ёшларга таъсири ҳақидаги масалани жиддийқўйишга мажбур этади.

Охирги вақтларда телевидение ва кинематографиянинг болаларга таъсирига бағишланган мингдан зиёд тадқиқотлар олиб борилди. Бу тадқиқотлар жаҳондаги турли мамлакатларда, турли ирқ, миллат ва ижтимоий гуруҳларга кирувчи ўғил ва қиз болалар орасида ўтказилди. Шунга қарамай, натижалар деярли ўхшаш бўлиб чиқди: экран орқали кўрсатилган агрессия болаларни одамларга ва жонсиз предметларга нисбатан янада тажовузкор қилиб қўяди.

Эътибор қилинса, турли сериалларда ўз рақибларини чаққонлик билан саранжомқилаётган оддий бандитларнинг зўравонлиги ёки эстрада «юлдузлари» ҳаёти қаҳрамонлаштирилиб, уларнинг барча нарсага: қимматбаҳо автомашинадан тортиб, далаҳовлига эга бўлишни умр мазмуни деб билиши оддий, одатий ҳолга айлантирилади.

Яқинда чиққан қўшиқчилар (жумладан, ўзбек шоу-бизнесида ҳам, гарчи уларнинг кўпчилиги махсус маълумотга эга бўлмаса-да) актёрларга айланиб, ёшлар онгига паст савиядаги турмуш тарзи қоидаларини сингдиришади, буларнинг бари режиссёрлар ва сценарий муаллифлари томонидан ҳурмат-эътибор ва ҳайратга лойиқ ҳодисадек тақдим этилади.

Умуман олганда, «оммавий маданият» қутқуси билан Ғарб жамияти маънавий ҳаётида инқироз, тушкунлик туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Зеро, глобаллашув жараёни, замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиши, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга бекаму кўст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода турли ғоялар, ҳаётий қараш ва қадриятлар тўқнаш келган пайтда шахс масъулияти, у танлайдиган ижтимоий орзу-умидларнинг аҳамиятиҳам бевосита ортиб боради...

Бугунги кунда ҳаётимизни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Қонунчилик соҳаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётидаги ташаббуслар кибержиноятчилар фаолиятига тўсиқ қўйиши, технологиялар эса жамиятга етказиладиган зарарни имкон қадар камайтириши мумкин. Жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланувчилар эса интернетда ҳеч қандай вирусга қарши дастур ёки файрвол ҳимоя қила олмайдиган хавф ва таҳдидлар кўплигини унутмаслиги даркор.

Зеро, фақат юксак масъулиятни ҳис этиш, қатъий тартиб-интизомга риоя қилиш, меъёрни сақлаш ва атрофдагиларга наф келтириш истагигина бу хавфларга қарши ишончли қалқон бўла олади.

 

 

Фаррух Тошпулатов

Бош прокуратура ҳузуридаги

Мажбурий ижро бюроси

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига