Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. ЖИЗЗАХДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ КЕЗМОҚДА

ЖИЗЗАХДА НАВРЎЗ ШУКУҲИ КЕЗМОҚДА

Cана : 16-03-2018   /   Жиззах янгиликлари, Мақолалар   /   кўрилди: 326

 

Баҳор ташрифидан бутун борлиқ уйғонмоқда. Қуёшнинг илиқ тафтидан тупроқ тўлғонди, қир – адирлар яшил рангга кирди. Боғларда ўрик, гилос, шафтолилар бодроқ – бодроқ гуллади. Ялпиз ўйноқи жилға шилдирашидан маст бўлиб, қирғоқларга ястанди.

Кўклам ташрифи кекса отахону онахонлар қалбига илиқлик бағишлайди. Улар дилда, тилда шукроналик билан умрларининг навбатдаги янги йилини – Наврўз ила юзлашадилар. Завқи тошиб, қир – адирда ўйнаб, варрак учириб, яйраб юрган набираларга термулиб ҳаёт зарварақларидаги олис ҳотираларни ёдга оладилар.

Яшариш ва янгиланиш фасли – Наврўз айни мустақиллик йилларида юксак мақомда ва оммавий равишда умумҳалқ байрами сифатида узлуксиз нишонланадиган бўлди.

Пойтахтимизда, вилоятларда, қишлоқ ва овулларда бу байрам зўр шодиёна, хурсандчилик асносида нишонланиб, турли халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, лапарлар, термалар айтишуви эл – юрт кўнглига завқу шукуҳ тақдим қилади.

Бу воқелик эса қадим аждодларимиз руҳияти бугунги кунда ҳам жамиятимиз ҳаётида акс этаётганидан далолат. Бу эса ватанпарварлик туйғуларини, ўтмиш қадриятларига ихлос ҳиссиётларини янада жонлантиради.

Айниқса, мазкур байрамда ногиронлар, якка – ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш меҳр – оқибатга, ўзаро келишмай қолган кишилар ярашиши эса эзгуликка йўғрилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Наврўз кунлари ҳеч бир инсон меҳру эътибордан четда қолмайди.

Ҳақиқатдан ҳам, азалий миллий байрамларимиздан бўлган Наврўз халқимизнинг урф – одатларига, анъаналарига, миллий қадриятларига, маънавиятига чуқур сингиб кетган улуғ айёмдир. Шунингдек, бу айём меҳнат байрами ҳамдир. Шу кунлари Жиззах вилоятининг барча гўшасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари авж олган.

Ана шу кўтаринкилик халқимиз қалбида мамлакатимизнинг жадал ривожланаётгани, турмушимиз тобора фаровонлашаётгани, осмонимиз мусаффолиги-ю элу улус тинч-осойишта ҳаёт кечираётгани шукроналик туйғуларини жўштиради, албатта.

Шу байрамона кайфият юртимиз аҳлини ҳеч қачон тарк этмасин.

 

Ўғилой Исмоилова

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!