Жиззах шаҳрида қиймати 12 миллиард сўм бўлган янги мактаб қурилади

Жиззах шаҳрида қиймати 12 миллиард сўм бўлган янги мактаб қурилади

Жиззах шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида замонавий кўринишдаги 750 та хонадондан иборат 14 та кўп қаватли уйлар тез орада фойдаланишга топширилади.

Албатта бу ерга кўчиб келадиган оилалар фарзандлари учун биринчи галда болаларга таълим-тарбия берувчи замонавий мактаб ҳам қурилиши зарур.

Айни кунда “Мирзо Улуғбек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги 650 ўринга мўлжалланган янги мактаб 12 миллиард сўм маблағ ҳисобига қуриладиган бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ҳозирда маҳалла ҳудудида фаолият юритадиган 18-умумий ўрта таълим мактаби 1910 йилда ташкил топган. 1977-1978 йилларда қўшимча ўқув бинолари қурилган.

- Бу ерда қуриладиган янги мактаб битмагунча эскиси бузилмайди, - деган вилоят ҳокими Эргаш Салиев шаҳар жамоатчилиги вакиллари билан ўтказган учрашувида. - Мен шахсан Халқ таълими вазири билан ушбу масалада гаплашиб олдим. Вазирлик ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 

Хабарда айтилишича 2020 йил 1 сентябрга очилиши мўлжалланган мазкур мактаб “ЖИЗЗАХ ЕВРО СТРОЙ ҚУРУВЧИ” МЧЖ томонидан бунёд этилади.