ЖИЗЗАХДАГИ 100 БИЛАН ЮЗЛАШАЁТГАН МАКТАБ

 Шароф Рашидов туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактаби ҳам вилоятимиздаги "нуроний" ўқув даргоҳларидан бири қисобланади.

1923 йилда бошланғич мактаб сифатида ташкил этилган мактаб, 1936 йилда тўлиқсиз ўрта, 1951 йилда эса ўрта мактаб мақомини олган. Ўша пайтларда музофотда мактаб ягона бўлганлиги учун ҳозирги "Тоқчилик", "Қалия", "Сайхан", "Сўлоқли" маҳаллаларидан ва Ёйилмадаги ҳамма қишлоқлардан болалар қатнаб ўқишган экан. Кейинчалик шу мактаб негизида яна учта мактаб ташкил этилган.
Яқинда мухбиримиз Асад МУСТАФОЕВ ўзининг 100 йиллигини нишонлашга ҳозирлик кўраётган мактабда бўлиб, унинг жамоаси амалга ошираётган ишлар билан танишди ва мактаб жонкуярлари билан суҳбатлашди.

МАКТАБ МЕҲРИГИЁСИ

Мактабда иккинчи даражали ишнинг ўзи йўқ. Гап фарзандларимизга таълим-тарбия бериш устида кетаётган экан, бу масалада бирорта вазифани ёддан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири - бу мактаб учун қўшимча синфхоналар қурилишидир. 2006 йилда қурилган 630 ўринга мўлжалланган бино давр талабига жавоб беролмаяпти.

 

Ўзингиз ўйлаб кўринг, 630 нафар ўқувчи ўрнига эга мактабимизда 1133 нафар болалар таълим олишмоқда. Яширишнинг ҳожати йўқ - мактабимизга бошқа маҳалла ва қишлоқлардан ҳам келиб ўқишмоқда. Ҳолбуки, ўз маҳалла ва қишлоқларида ҳам мактаб бор. Гоҳида, "Нима, мактабимизнинг меҳригиёси бормикин?" деб ўйлаб қоламан. Чунки, нафақат ўқувчилар, ўқитувчилар ҳам мактабимизни жон-дили билан яхши кўради.

Биз болаларнинг мактабимизга интилишларидан беҳад хурсандмиз. Аммо, ўқувчилар сонининг кўплиги, синф хоналарининг етишмаслиги ўқув йили давомида режалаштирилган айрим тадбирларни, тўгараклар машғулотларини ўтказишга имкон бермаяпти.

Тўғри, мактабимизда кейинги йилларда кўпгина ижобий ўзгаришлар юз берди. 2007 йилда вилоятимизда ягона бўлган спорт зали қуриб битказилди. Ушбу спорт залида деярли барча турлар бўйича мусобақалар ўтказиш, ҳатто футзал ўйинларини ҳам ташкил этиш мумкин.

Доим чала иситилган мактаб хоналарида болаларнинг қалин кийимларда ўтириб ўқишлари, совуққотмаслик учун ўқитувчиларнинг у ёқдан бу ёққа юриб дарс ўтишларини кўриб эзилиб кетардим.Ўринбосарларим билан маслаҳатлашиб, бу масалани туман Халқ таълими бўлимига кўтариб чиқишга қарор қилдик.

Халқ таълими бўлими раҳбари Дурбек Носировнинг хонасидан кўнглим тоғдек кўтарилиб чиқди. Ахир, мурожаатимизни раҳбаримизнинг ўзи қўллаб тургандан кейин хурсанд бўламан-да. Муаммомиз вилоят миқёсида ҳал бўлди. Шу йилнинг январь ойидаёқ мактаб биноси иситиш тизими тўлиқ янгиланиб, универсал қозонхона ўрнатилди. Нафақат синф хоналарида, балки йўлакларда ҳам бир хил ҳарорат таъминланмоқда.

Эндиликда - янги синф хоналари қурилиши учун саъй-ҳаракатларни бошлаб юбордик. Яна туман Халқ таълими бўлими режамизни қўллаб юборди. Албатта, бу иш осонлик биланҳал бўлмади. Анча ташкилотлар эшигини қоқишга тўғри келди.Ҳисоб-китобларимизни дастурхон қилиб, масъул одамларга нима учун бизга қўшимча синфхоналари зарур эканлигини исботлаб беришимизга тўғри келди. Туман, вилоят ҳокимликларининг мадади билан 240 ўринга мўлжалланган янги бино қурилиши режага киритилди.

 

Энг қувончлиси, қурилганлигига деярли ўн бир йил бўлган спорт залимиз ҳам тўлиқ таъмирдан чиқариладиган бўлди. Насиб этса, мактабимизда нафақат вилоят, балки республика, халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларини ҳам ўтказиш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Лола ИСАНОВА,

мактаб директори

ОТА-ОНАЛАР ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ЯҚИН ҲАМДАМИ

Мен ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир бор мактабга келмасам, ўзимни қўйишга жой тополмай қоламан. Келганимда ҳам шунчаки, ота-оналар қўмитасининг борлигини кўрсатиб қўйиш учун эмас, балки мактабда юзага келган қандайдир муаммонинг ҳал этилишига ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

Жиззах саноат зонасига қишлоқимиз орқали ўтган йўлдан борилади. Мактабнинг ёнгинасидан ўтган бу йўл жуда серқатнов бўлиб, ўқувчиларнинг йўлни кесиб ўтишида хавфли ҳолатлар ҳам кузатилди. "Кўзанинг кунида синиши"ни кутмай ота-оналар қўмитаси мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда вилоят ИИБ ЙҲХБга мурожаат этди. Лекин бу масала вилоят миқёсида ҳал бўлмади. Шунинг учун республика Ички ишлар вазирлигига мурожаатнома жўнатдик. Вазирлик аризамизни ва унда кўрсатилган важларни асосли деб топди. Ўозирги пайтда йўлнинг мактабга ўтиш жойига светафор ўрнатилди.

Ҳомий ота-оналар ташаббуси билан саккизта хонанинг пол тўшамалари янгиланди. Мактабга тўққизта телевизор олиб берилди. Мактаб кутубхонаси учун янги хона ташкил этилиб, унга турли хил бадиий китоблар совға қилинди. Бу ўринда ҳомийлардан бири - "Жиззах аккумулятор заводи” акциядорлик жамияти меҳнат жамоаси амалга ошираётган хайрли ишларни алоҳида таъкидлашни хоҳлардим.

Имомқул БЕРДИЕВ,

мактаб ота-оналарқўмитасининг раиси

ДАВОМАТ ЮЗ ФОИЗ

Мактабимизда бошланғич синфлар 18 та бўлиб, уларда халқимизнинг 495 нафар фарзандлари таълим олишади.Халқимизда "Бола бошидан" деган нақл бор. Дарҳақиқат, бола мактабга илк қадам қўйган кундан бошлаб фанларга меҳр ва қизиқиш уйғотилса, мактаб тартиб-таомили, интизоми сингдирилса, ўқишни то тугаллагунга қадар шу тарзда ўзлаштиришда илғор, тарбияси яхши бўлади.

Мактабимизда "Жаҳон банки"нинг 65 миллион сўмлик гранти асосида мультимедиа синфи ташкил этилди. Хона йигирмата компьютер жамланмалари билан жиҳозланди. Ушбу синф-да ўтилган дарслар самараси юқори бўлмоқда. Мультимедиа хонасида ҳар қандай фандан дарслар ўтиш мумкин ва бу ўқувчилар қизиқиши, ўзлаштириш ва давоматда юқори натижаларга эришишимизда муҳим асос бўлмоқда.

ДилрабоҚИЛИЧЕВА,

мактаб директорининг бошланғич синфлар бўйича ўринбосари

ЯГОНА МАҚСАД

Туманда умумий ўрта таълим мактаблари фан ўқитувчиларининг фан назарияси ва услубиятига оид билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг касбий маҳоратини муттасил ошириб бориш, ўқувчиларнинг билим олиш имкониятлари, дунёқарашларини кенгайтириш мақсадида мактабимиз филология фанларига йўналтирилган таянч мактаби мақомига эга.

Таянч мактаби сифатида иш олиб бориш ўз навбатида биздан ўз вазифасига маъсулият билан ёндашишни талаб этади. Таълимда асосий мақсад болаларга билим беришгина эмас, балки уларга билим олиш йўлларини ўргатиш, уларни таълим жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиришга эришиш лозим.

Биз ўтган ўқув йилида тажриба-синов асосида дарс жараёнида лойиҳалаш методини қўллаш орқали ўқувчиларда зарур ҳаётий таянч компетенцияларини шакллантиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Бу услубда ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқиши янада ортади. Айниқса оғзакинутқ саводхонлиги бўш ўқувчилар ҳам бу жараёнга қизиқиб, мазмунли дарс олиш йўлларини излай бошлашди. Бадиий адабиётларни ўқишга, уларни таҳлил қилишга кўп вақт сарфлашга ўрганишди. Биз олдимизга қўйган мақсад ҳам мана шулардан иборат эди. Ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма саводхонлиги бўйича сифат кўрсаткичига эришилди. Муомала маданиятига амал қилиш, изланувчанликка ўргатиш, эркин фикрлаш ва хулоса чиқариш кўникмалари шаклланди.

Зулфия ИСРОИЛОВА,

рус тили фани бўйичаметод бирлашма раҳбари

МАТЕМАТИКА ЗЕРИКАРЛИ ФАН ЭМАС

Аксарият ўқувчилар, ҳатто уларнинг ота-оналари ҳам математика фанини зерикарли, қизиқарли эмас, деб ҳисоблашади. Мактабимизда бу ақидага барҳам берилди. Бунинг учун ҳар бир дарсни қизиқарли, турли кўргазмали қуроллар, компьютер технологияси ёрдамида ўтишга алоҳида эътибор бердик.Очиқ дарслар, ўтган ойда ташкил этилган математика фани ойлиги дарслар самарадорлигини ошириш, ўқувчиларда фанга бўлган иштиёқни кучайтиришда асосий омил бўлмоқда.

Фан ойлиги доирасида турли қизиқарли беллашувлар, теорема ва таърифлар бўйича баҳслар, алоҳида режалаштирилган дарсларни бошқа фанлар - адабиёт, география, тарих, биология билан боғлаб олиб бориш ўқувчилар назарида математиканинг обрўсини ошириб юборди.

Тўгарак машғулотларида олим аждодларимиз, фандаги янгиликларнинг яратилиши тарихлари ҳақида сўзлаб берамиз. Мактабда математиклар сонининг тобора ортиб бораётгани мени қувонтиради.

Гулистон ЁДГОРОВА,

математика фани ўқитувчиси


 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 22-03-2018, 10:58
0
191

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига