ЖИЗЗАХНИНГ ФИДОЙИ ҲАМШИРАСИ

 Айрим инсонлар улғайса-да ҳалигача шифокор амалиётидан (укол қилишидан) чўчишади. Бироқ шундай инсонлар ҳам борки, ёшлигиданоқ оқ халат соҳибларига ҳавас билан қараб, ўз олдига аниқ мақсад қўяди.

 

Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали ҳамшираси Маҳбуба Мирзаева ҳам шу тоифа инсонлардан.

- Болалигимда қўшниларимиз, ҳамшираю шифокорларнинг одамларни даволаб оёққа турғазиб юбориши (кўпинча бир укол билан) мўъжизадек кўринган,- дея болалик хотираларини эсга олади Маҳбуба Мирзаева.- Боз устига уларнинг оппоқ либоси янада ҳайратимни оширарди. Гарчи оиламизда тиббий соҳа вакили бўлмаса-да, шу ҳавас "Келажакда албатта, оқ халат кийиб инсонларни даволайдиган бўламан" деган болаларча беғубор ниятни кўнглимга тугишимга туртки бўлган. Балки шу сабабдан уколдан ҳеч ҳам қўрқмаганман.

Шу орзу билан Шароф Рашидов туманидаги 12-умумий ўрта таълим мактабини тамомлаган Маҳбуба опа таҳсилни Жиззах тиббиёт коллежида давом эттиради. Ҳамшира мутахассислигига эга бўлган қаҳрамонимизнинг дастлабки иш фаолияти 1996 йилда вилоят болалар шифохонасида бошланади. Назарий билимларни энди амалиётга татбиқ этишда тиббиёт соҳасида кўп йил меҳнат қилган, улкан тажрибага эга шифокорлар Тўрақул Аширматов, Ўктам Аҳмедов, катта ҳамшира Матлуба Мамараҳимова каби ҳамкасблар маслаҳат ва амалий кўмакларини аяшмади. Кичиклигидан турли танловларда иштирок этиш жону дили бўлган Маҳбуба опа вилоят болалар шифохонасидаги ички танловларда ҳам фаол қатнашди. Ҳамшираларнинг билим ва малакасини ошириш, тажриба алмашишларини таъминлаш мақсадида уюштирилган "Энг яхши ҳамшира" танловининг ички босқичида учинчи ўринни эгаллади.

2000 йилдан бугунгача Республика ихтисослашган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида ишлаб келаётган Маҳбуба Мирзаева янги жамоада ҳам ҳамма билан тез тил топишиб кетди. Касалхона ҳамширалари ўртасида ташкил этилган танловда иккинчи ўринни эгаллади.

- Қарийб 18 йилдан буён ишлаб келаётган масканнинг фидойи шифокорларидан кўп нарсаларни ўргандим, -дейди Маҳбуба Мирзаева.- Бу ерда нафақат улкан илмий ва ҳаётий тажрибага эга устозларим бор, балки энди тиббий олий ўқув юртларини битириб, жамоамизга янги келган ёшлардан ҳам билмаганимни билиб олишга ҳаракат қиламан. Муҳаммад Абдураҳмонов (охиратлари обод бўлсин), Дилшод Ибрагимов, Алимардон Болтаев каби малакали шифокорлар бутун жамоамизга беминнат маслаҳат ва кўмак берувчи инсонлар десам янглишмайман.

4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказаётган Маҳбуба опа касбига шу даражада меҳр қўйганки, аёл киши учун биринчи ўринда турувчи оила, рўзғорни ҳам иш билан баробар эплашни уддалади. У кишининг сўзларига қараганда, бунда қайнона-қайнота ва турмуш ўртоғининг қўллаб-қувватлаши асосий вазифани бажарган.

- Катта қизим шифокор бўлишга аҳд қилган, бироқ қайси йўналишни танлаши ҳали номаълум,- дея давом этади суҳбатдошимиз сўзини. -"Ҳозирда сўздан аниқлаб, шу йўналиш бўйича билимларингни чуқурлаштириб бор" дейишларимизга биргина жавоб қайтаради: "Инсонларни даволовчи шифокор бўлишга ҳаракат қиламан". Турмуш ўртоғим ҳам, ўзим ҳам фарзандларимизнинг раъйига қарши бормаганмиз. Айниқса, билим олиш, касб танлаш борасида уларни доим қўллаб-қувватлаб, тўғри йўл кўрсатиб юборишга интиламиз.Модомики, фарзандларимизнинг барчаси тиббиёт соҳаси ёки отасининг касбини танлашни дилига тугса, бундан фақатгина мамнунмиз. Чунки, уларни ҳалол меҳнат қилишга, пешона тери билан нон топиб ейишга ўргатганимиз бесамар эмаслигининг исботи бўлади.

Жамиятга баркамол авлодни тарбиялаб етказиш, инсонларнинг дардига малҳам бўлишдек масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этиб келаётган суҳбатдошимиз учун 2017 йил омадли якун топди. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий Қояни ривожлантириш, маънавиятимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш йўлига катта ҳисса қўшган, ёрқин истеъдоди ва ижоди, илмий фаолияти, ҳалол хизмати, ёшларни она юртга муҳаббат, истиқлолғояларига садоқат руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали диспансери ҳамшираси Маҳбуба Мирзаева "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

-Ҳеч кутилмаганда мана шундай олий мукофотга лойиқ кўрилганим ҳаётда тўғри мақсад танлаганимдан нишонадир,- дея таассуротлари билан ўртоқлашди "Шуҳрат" медали соҳибаси.-Ҳамкасб шифокоримизнинг тундаги жавобсиз қўнғироғини кўриб, рости вужудимни қўрқув эгаллади. "Нима бўлди экан?" деган ҳадик билан тонг саҳардан қайта сим қоқдим. "Табриклайман, сиз "Шуҳрат" медали билан тақдирланибсиз" деган хушхабардан тош қотдим. Фақатгина қувонч кўз ёшларининг юзимдан оҳиста ўрмалашидан ўзимга келдим. Ахир, оддийгина ҳамширанинг нақадар юксак мукофотга сазовор бўлишига ишонмагандим. Шифокориларимизни ҳам ҳазиллашаяпти деб ўйладим. Кейин тантанали маросим ва кўксимда ушбу медалнинг жилоланиб туришини кўриб, Ватанимиз тараққиётига қўшилган кичик бир улуш ҳам эътибордан четда қолмаслигига ишончим комил бўлди.

Ҳаётда кўплаб ўз касбидан нолиган инсонларни кўрдим, бироқ ҳеч қачон мен ҳамшираликни танлаганимдан афсус чекмаганман. Тўғри, баъзида, оғир аҳволдаги, касалликни ўтказиб юбориб иложсиз қолган беморларнинг умидли кўзларига боқиб, кўнгилга хиралик чўкади. Лекин хасталикнинг бошланғич палласида шифокорларга учрашиб керакли даво чораларини мунтазам олиб бориш натижасида аҳволи ижобий томонга ўзгарган, узоқ йиллар умр кечираётган беморларимизни кўриб, хабардор бўлиб хурсанд бўламиз. Шу туфайли ҳар бир инсон ўз саломатлигига жиддий эътибор қаратса, аянчли оқибатларга олиб келувчи касалликларга чалиниш даражаси пасайган бўлар эди. Бежиз касални даволагандан унинг олдини олган маъқул дейишмайди.

Мамлакатимизда тиббий соҳани ислоҳ этиш тизимининг мукаммал ва изчил тарз-да олиб борилаётганлиги сир эмас. Маҳбуба Мирзаева каби жонкуяр тиббиёт ходимларининг сермашаққат меҳнатга астойдил киришиши натижасида аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг самарадорлиги таъминланаверишига аминмиз.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига