Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Обод бўлаётган Oқтом

Cана : 27-03-2018   /   Жиззах янгиликлари   /   кўрилди: 398

Жиззах вилоятида "Обод қишлоқ” дастури доирасида яна бир манзил – Фориш туманидаги Оқтом қишлоғида ҳам қайта қуриш, ободонлаштириш ишлари бошланди.


Жиззах – Фориш автойўли бўйида, туманга кириш дарвозаси бўлган Оқтом қишлоғининг "Обод қишлоқ” дастурига киритилиши бежиз эмас, албатта. Жанубий Қизилқумнинг Нурота тоғ тизмалари туташ қисмида собиқ тузум даврида сувсиз даштдаги давлат қоракўлчилик хўжалигининг асосий ғалла хирмони, дон омбори вазифасини ўтаб келган қишлоқ ўтмишини кекса авлод вакиллари эслашади. Ҳақиқатан ҳам, ўша даврларда 30-35 хонадондан иборат "Зерновой” деб аталган бу қишлоқча аҳолиси барқарор ойлик маошдан ташқари, давлат хирмони ва омборидан "тўкилиб қолган” дондан ҳам улушини олиб тургани учун сувсиз, коммунал, маиший қулайликларсиз ҳам ҳаётдан рози яшаган.

Аммо давр ҳам, қишлоқ ҳам ўзгарди. Ҳудуднинг тарихий номи билан аталадиган Оқтом бугун 509 хонадондан иборат 2 минг 851 нафар аҳоли истиқомат қилаётган катта қишлоққа айланган. Қишлоқ катта бўлгач, истеъмол, талаб, эҳтиёж ҳам шунга яраша бўлади. Энди тирикчилиги чорвачилик ва қисман деҳқончилик бўлган қишлоқ одамларининг ҳаёти ҳавас қиларли эмас. Негаки, кейинги йилларда қатор ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолган эди.

Туман ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган қишлоқни ободонлаштириш дастурида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир оила турмуш фаровонлигини юксалтириш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш чоралари белгиланган. Ушбу дастурга мувофиқ, Наврўз байрами арафасида қишлоқда кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш тадбирлари бошланди.

Шу кунларда Оқтом қишлоғида иш қизғин. Тумандаги корхона, ташкилот, муассасаларнинг юзлаб ишчилари, техника воситалари ҳашарга жалб этилган. Ҳудуддаги 16-, 35-умумтаълим мактаблари, қишлоқ врачлик пунктида таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Қишлоқ ўртасидан ўтган йўл атрофидаги дарахтларга шакл берилиб, оқланмоқда. Қуриган дарахтлар кесилиб, улар ўрнига япон сафораси ва арча кўчатлари экилаётир.

Электр узатиш тармоқлари таъмирланиб, симёғочлар янгиланмоқда. Ички йўлларга шағал тўкилиб, текислаш ишлари бошланди. Эски, пастқам ва яроқсиз ҳолга келиб қолган бинолар бузилиб, ўрнига янгилари қад ростлаётир. Кам таъминланган 13 оила уйлари жорий таъмирланиб, том қисми алмаштирилди.

– Давлат идоралари бизнинг ҳолимиздан хабар олиб, турмушимизни енгиллатишга эътибор бераётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилмоқда, – дейди уй бекаси Муҳаббат Эрдонова. – Масалан, бизнинг уйимизни таъмирлаб беришди. Томорқамизга сув чиқариш, экин экишга ёрдамлашмоқда. Натижада ҳар биримизда яхши яшашга иштиёқ кучайди.

Амалга оширилаётган ишлар давомида томорқадан самарали фойдаланиш, қўшимча даромад олишга эътибор қаратилмоқда. Ўрганишлар жараёнида аксарият аҳоли томорқадан самарасиз фойдаланаётгани маълум бўлди. Масалан, Фахриддин Қўйчиев деҳқон хўжалиги ташкил этиб, бундан бир неча йил олдин 36 сотих ерга эккан токлар қаровсизликдан қуриб қолган. Худди шундай умри беҳуда ўтаётган ерлар анчагина.

Шунинг учун туман қишлоқ хўжалиги бўлими, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан ҳар бир хонадон соҳибига ердан фойдаланиш бўйича маслаҳат, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Оқтомда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш бўйича туман ишчи гуруҳининг дала штаби фаолият кўрсатаётир. Штабда бандликка кўмаклашиш маркази, архитектура, тижорат банклари, ўрмон хўжалиги ва бошқа ташкилотлар мутахассислари аҳолига зарур маслаҳтлар бериши учун барча қулайлик яратилган.

Қишлоқ ҳудуди 6 секторга бўлиниб, ишларни аниқ режа асосида олиб бориш учун масъул раҳбар тайинланган. Режалаштирилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш туман ҳокими Абдували Мустанов томонидан шахсан назорат қилиб борилмоқда.

Дастурга мувофиқ, қишлоқ гузари ва фуқаролар йиғини биносини қуриш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Бундай кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари Оқтомни кундан-кун обод ва кўркам қишлоққа айлантирмоқда.

Тошкул Бекназаров, ЎзА
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!