САРЧАШМА: "Миллий тикланиш" ДП фаоллари мулоҳазага чорлайди

2017 йил 12 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинган эди.

 

Республикамиз аҳолиси, шунингдек ёш авлод ўртасида китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини оширишни янада такомиллаштириш туйғуси билан суғорилган бу муҳим ҳужжатни чуқур мамнуният билан ўқиб чиққан эдим. Унда кўпдан бери ҳаммамизни ўйлантириб келаётган долзарб муаммоларнинг ижобий ечимини, ёрқин фикрларни кўрдим.

 

Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир чиқишларида мамлакат иқтисодий қудратини ривожлантириш билан бирга ҳалқимизнинг, шу жумладан ёш авлоднинг маънавий бойлигини юксалтириш учун китоб ва бадиий адабиёт энг қудратли қуроллардан бири эканлигини қайта-қайта таъкидлаши муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Дархақиқат, бадиий адабиёт ўқувчиларнинг кўз ўнгида турмуш ҳодисаларини ва инсон хис-туйғуларининг мураккаб томонларини очиб беради. Уларнинг билим даражасини кенгайтиради, юксак ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялайди. Ана шу маънода қарайдиган бўлсак, жаҳон халқлари орасида ота-боболаримиз ҳам китобни жуда қадрлашган, улар чин маънода китобхон бўлишган.

 

Шоҳ ва шоир З.М.Бобур  "Бобурнома”да отаси Умаршайх ҳақида маълумот берар экан "Равон саводи бор эди. "Хамсатайн” ва маснавий китобларни ва тарихларни ўқуб эди. Аксар "Шоҳнома” ўқур эди” – деб ёзади.

 

Айтишларича, инсон тақдири – китобларда акс этади. Лекин китобнинг ҳам ўз тақдири, ўз ўрни бор. Вақтлар ўтиб тарихий китобларнинг қиммати ортаверади. Унинг таърифи, ажойиботлари оламни ва одамнинг ички туйғуларини, хулқ – одобини безайди.

 

"Яхши ёзилган тарихий романлар тарих тўғрисидаги энг яхши дарсликлар билан тенг” – деган эди француз ёзувчиси О.Бользак.

 

Ўзбек адабиётида ҳам кўплаб шох асарлар яратилган. Бу асарларда ўтмишимиз, халқимизнинг ҳаёт тарзи, ички кечинмалари тўла ёритиб берилган. Бундай асарлар қаторига  Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар” романини киритиш мумкин. Романда Отабек ва Кумушнинг маънавий бойликни онадан, отадан ва китобдан олганлиги гўзал тасвирлар билан баён этилган.

 

Отабек отасининг қайнотаси Мирзакарим қутидорга ёзган мактуби мазмуни билан танишгач, кўзларига ёш келади. У Фузулий девонини варақлаб, маънолик шеърларидан бошини кўтармай гўёки китобга михланиб қолади.

 

Абдулла Қодирий ёзади: "Киши изтиробга тушган кезларда тилаб эмас, ихтиёрсиз баъзи бир йўсунсиз ишларга уринадир. Шунингдек, ул ҳам жиддий бир равишда Фузулий мутолаасига берилди... Кумушнинг уйга келиб киргани ҳам унга сезилмай қолди....

-Фузулий яхши китоб, - деди Кумуш, - мен ҳам ёлғиз қолган кезларимда бу китобдан бошимни ололмас эдим, сизамми?”

 

Бундай ҳаяжонли мисралар маънавий бойлик меваси. Кумуш ва Отабекнинг қалбини бир-бири билан боғловчи восита фақат севги туйғулари бўлиб қолмай, китоб ҳам уларнинг маънавий руҳини очишга, кўнгилларини ёритишга, икки қалб ришталарини боғлашга хизмат қилмоқда.

 

Зеро, китоб ўқиш орқали инсон дунёни кўради, маънавий ҳаётнинг ижобий томонларини кашф этади, комиллик сари олға қадам ташлайди. Гўзалликни яратувчи қаҳрамонларни ўз тасаввурида жонлантириб, ўқиган китобидаги сўзнинг гўзаллигини ҳам тўла ҳис этади.

 

Бинобарин китобдан ўтмиш мутафаккирларининг, замондош адибларнинг ўйларини, инсон камолоти ҳақидаги фикрларни ўқиймиз.

 

Юсуф Хос Ҳожиб "Қутадғу билиг” асарида "Китоб сўзлари кишининг қўлидан тутади, уни эзгу ишга бошлайди. Бу ҳикматни кўплаб китобларни ўқиган одамгина англаб етади. Китоб қадрини ҳамма эмас, билимдон доно кишиларгина билади”, -  деб ёзади.

 

Демак, яхши китоб ўқувчини ҳар томонлама тарбиялайди, уни идрок этувчи инсонга айлантиради. Онгида, руҳида ўзгариш содир қилади. Унга омад, бахт йўлларни очиб беради. Ҳақиқатдан ҳам яхши китоб ҳудди магнитдан кўплаб кишиларни ўзига тортади. Уни қандай йўл билан бўлмасин излаб топишади.

 

Ана шундай асарлар сарасига қадим Ҳиндистонда яратилган "Калила ва Димна” ни киритиш мумкин. Китобнинг гўзал ва донишмандлик безаклари билан битилганлиги ҳақидаги хабар Эрон шоҳи Ануширавонга етиб келади. У илмни ва ибратли китобларни жуда севар эди. Шоҳнинг амри билан сарой фозилларидан бири Барзуя Ҳиндистонга боради. "Калила ва Димна” дан яширинча нусха кўчириб келишга муваффақ бўлади. Шу тариқа бу ноёб китоб дунёга юз тутади. "Калила ва Димна”нинг энг катта фазилати шундаки,  у яратилгандан бери ўтган барча замонларда, худди кечаги ёзилган асардек ундаги ҳикматлар, ўгит ва пандлар ажойиб ҳикоятлар, масал, мақол ҳамда маталлар авлодлардан авлодларга ўтиб ўз таъсир кучини йўқотмай китобхонлар қалбини забт этиб янада кенг шуҳрат топмоқда.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов:

 

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Алишер,

 

дея бежизга ёзмаган.

 

Инсониятнинг улуғ адиблари томонидан яратилган буюк асарлар ҳеч қачон муайян давр билан чегараланиб қолмайди. Алишер Навоийнинг одоб ва аҳлоқ масалаларига оид илғор қарашлари, гўзал фикрлари, у яратган Фарҳоду Ширин, Лайлию Мажнун каби қаҳрамонлари сиймосида мужассам этилган. Одамийликнинг асосий сифати, элга, ватанга хизмат этишдир. Навоий яратган ижобий қаҳрамонлар – ҳаммаси покиза қалбли кишилардир. Шунинг учун ҳам унинг қаҳрамонлари юксак маънавий камолот чўққисига кўтарилган бўлиб, яхшилик, эзгулик, самимийлик, одамийлик сингари сифатларни асрлар давомида бутун дунё китобхонлари қалбига сингдириб келмоқда.

Президентимиз фармойишида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маъданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлиги қайд этиб ўтилган. Ҳақиқатдан ҳам ёш авлодни, айниқса мактаб ёшидаги ўқувчиларни китобхонликка ўргатиш ҳозирги фан – техника тараққиёти шароитида долзарб масаладир. Буни амалга ошириш учун, аввало, оила, мактаб, жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориш зарур. Бола кўз очиб ёруғ дунёни кўргандан бошлаб оила муҳитида вояга етади. 

Шу муҳитда кўрган – билгани, олган тарбияси мактабда ҳам, бошқа жойда ҳам асқотади. Ҳозирда хонадонида китоб сақлайдиган, бутун оилавий бўлиб китоб ўқийдиган хонадонларни кўплаб учратамиз. Улар "Қобуснома”да битилган "Ҳар китобни ва жузвни (дафтарни) муқаддас тутғил” деган пандга амал қилиб, китобларни танлаб мутолаа қилишади ва қадрлашади, ақл - идрок билан ўз тақдирларини белгилаб маънавий бойликларга эга бўлишади. Беш қўл баравар бўлмаганидек, фарзандига қимматбахо кийим – кечаклар ва бошқа ҳаридлар учун миллионлаб пул сарфлаётган, аммо ўз боласи учун бир дона бўлса ҳам китоб ҳариб қилмаган ота-оналар ҳам минг афсуски орамизда йўқ эмас.

 

Китоб мутолааси тўғрисида сўз юритар эканмиз "Ёш куч” журналида ёзувчи Назар Эшонқул билан бўлиб ўтган суҳбат ёдимизга тушади.   

 

...Болалигимнинг асосий қисми уч-тўртта сигир изидан китоб ўқиб ўтган. Дарсдан келиб, сигирни олиб чиқардик. Жазирама, ёмғир, чанг, ўт-ўлан, осмон, булутлар ва китоб. Ёзги таътилда эртадан-кечгача аҳвол шу эди. Ўшанда биз китобхўр болаларнинг кутубхонада ўқимаган китобимиз қолмаган. Бугунги кун нуқтаи назари билан қаралса, бу хил болалик жуда ибтидоий, зерикарлига ўхшайди. Аммо шамол, ёмғир, ўт-ўлан, сигирлар, ит билан болалар тилида гаплашиб, китоб қаҳрамони билан хаёлан кўз кўриб, қулоқ эшитмаган саргузаштлар қилишнинг ҳузурини бугунги болалар билишмайди. Тасаввур ҳам қилишолмайди. Биз сериаллар, кинолар ва компьютер ўйинларини хаёлимизда ўзимиз яратардик. Саргузашт қаҳрамонлари "суперқаҳрамонлар” эмас, ўзимиз эдик. Биз китоб билан бирга, табиат билан бирга, еру осмоннинг, бани борлиқнинг, ҳатто хаёл кенгликларининг эгалари ўзимиз эдик. Ўзимиз сибизға ясаб, ўзимиз куй яратардик. Ўшанда яратувчилик буюк куч ва буюк завқ эканини ҳис этганмиз. Бугунги компьютер болалари бундай роҳатдан узоқ. Шундай пайтларда Марк Твенга ўхшаб, бадбинроқ фикрлар келиб қолади миямга: "Компютер ва телевизорларни кашф қилишгани яхши, аммо уни кашф қилишмаса, яна ҳам яхши бўларди!”

 

Анча йиллар бурун Самарқанд шаҳрида бўлган ёш адабиётчиларнинг Республика олимпиадасида жиззахлик ўқувчи қизнинг ота-онаси билан суҳбатлашиб қолдим. Уларнинг икки нафар  фарзандлари бор бўлиб, отаси ҳар ойда маошидан биттадан китоб совға қилар экан. Демак, фарзандлари тўққизинчи  синфни тамомлаш арафасида 200 тадан ошиқ ноёб китобга эга бўлишади. Лекин бу фақат ҳомаки ҳисоб – китоблар. Агар ҳар бир ота-она ўз фарзандига шу тарзда  китоб совға қилишганда эди, китоб дўконларининг бўшаб қолганлигига ажабланмасак ҳам бўлади.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов "Китобхонлар яхши нарсани тез тушуниб, тез эътироф этадилар. Халқимиз ичида шундай кишилар борки, улар айтган сўзларини шоирларнинг шеъри билан изоҳлайдилар”, - деб ёзган эди.

 

Бу – ҳақ гап. Ҳақиқий китоб муҳлиси ўқиган ҳар бир китобини ўзининг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси, илм хазинаси деб билади ва унга жиддий муносабатда бўлади. Зарур китобларни қаердан бўлмасин топиб ўқийди. У кўп ўқиши, мантиқий фикрлай билиши, ўз фикрини равшан, содда тушунарли тарзда ва жозибали адабий тилда баён этиши билан нутқи равон бўлиб бораверади.

 

Дарҳақиқат, ўқувчининг китобга бўлган муҳаббатини оширишда адабиёт ўқитувчисининг меҳнати беқиёс. Кечаги куннинг эсда қоларли дамлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Бизга бешинчи, олтинчи синфда адабиётдан Сувонқул Мансуров дарс берган. У кишининг синфга кириб келишини биз интизорлик билан кутардик. Ўқитувчимизнинг кийиниш маданияти, дарсда ўзини тутиши, билим савиясига биз ўқувчилар маҳлиё бўлиб қолардик.

 

Сувонқул ака шеърларни, достонларни тиниқ, сокин овозда, қўлидаги китобга деярли қарамасдан ёддан ўқиб берарди. Мен ўша онларгача бундай сеҳрли овозни,  бундай мафтункор оҳангларни эшитмаган эдим. Ҳар бир дарс бизнинг хотирамизда муҳрланиб қоларди. Қир беш дақиқа қандай ўтганини билмасдан, фақат қўнғироқ чалиниб дарс тугаб қолганидан қаттиқ афсус қилардик.

 

Мен Андижонда "Қовун маҳалида ( пишиғи) полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас, Андижон ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас” лигини З.М. Бобур ижодини ўтганимизда эшитганман.

 

Дарҳақиқат, ўз ёшлигим, ўз устозимнинг комиллигини эътироф этишимдан мақсад- мен авваломбор, бугунги адабиёт ўқитувчиси, унинг ёш авлодни тарбиялашдаги роли, мактабларда адабиётдан дарс бериш муаммолари тўғрисидаги ўй-фикрларимни баён этмоқчиман, халос.

 

Телевидениеда адабиётшунос олим Омонулла Мадаев адабиёт ўқитувчиси ҳақида ҳақли эътирозларни айтиб ўтди.

 

- Бешинчи синфда дарс ўтади-ю, бешинчи синфчалик маълумоти йўқ, "Алпомиш”ни ўргатади-ю ўзи "Алпомиш” ни ўқимаган. Бу жуда ҳам тўғри ва аччиқ ҳақиқат.

 

Ўтган йили Тошкентга йўлим тушиб жиззахлик коллеж ўқитувчиси билан суҳбат қуриб кетдик.

 

- Директор ҳуруридаги йиғилишда 76 - гуруҳ ўқувчилари адабиёт ўқитувчисининг дарсларини тингламай  шовқин-сурон солиб ўтириши ҳақида гап – сўз бўлди. Менинг ҳам ўша гуруҳда дарсим бор эди. Ўқувчиларга одоб-аҳлоқ ҳақида гапириб ўқитувчининг дарсини тингламасликларининг сабабини суриштирдим. Улар ўқитувчи 20 дақиқа мавзуни ўтиб бўлиб, қолган пайтда "Ҳой, жим ўтир”, "Ўқиб ўтир”, "Кеча қайси кинони кўрдинг?” каби гаплар билан синфнинг у бурчагидан бу бурчагига бориб келиш билан вақтни бекор ўтказишини айтишди. Ахир, сизнинг дарсингиз тугамай қолдику?! Танаффус бўлганини ҳам сезмай қоламиз, - деди қизлардан бири куюниб.

 

Мен бугун орамизда адабиёт ва санъатни чуқур ҳис этиб, севиб дарс берадиган адабиёт ўқитувчилар йўқ демоқчи эмасман. Улар бор. Бундай ўқитувчилар кўпчиликни ташкил этади.

 

Лекин минг афсуски, юқорида ҳурматли олимимиз таъкидлаб ўтганидек ўз фанини яхши билмаган, бадиий асардан завқланиш нималиги англаб етмай туриб дарс берадиган, оқибатда ўз ўқувчиларида адабиётга меҳр уйғотиш ўрнига ундан совутиб қўяётган ўқитувчилар ҳам оз эмаски, бу нарса барчани ташвишлантиради, албатта. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий "Улки буюруб ўзи қилмағай ва ҳеч кимга фойда ва асар анинг сўзи қилмағай”, - деб бежизга таъкидламаган.

 

Мен китоб ҳақида, унинг ҳаётдаги тутган ўрни ҳақида ўйлаганимда мактабимизнинг нақ биқинида жойлашган қишлоқ кутубхонаси, унинг кутубхоначиси Ҳамзали ака Маманазаров ёдимга тушади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, икки оёғининг ҳам тиззасидан пастини жангоҳда қолдирган, новчадан келган, ҳушсурат киши эди, улар.  

 

Ҳануз эсимда: катта танаффусда ва дарслар тугагандан кейин кутубхона ўқувчилар билан гавжум бўларди. У киши китоб топшираётган ўқувчидан асарнинг мазмунини, воқеалар ривожини, қаҳрамонлар номини саволлар билан сўраб суриштирарди.

 

Ҳамзали ака зиёли, фикр доираси ниҳоятда кенг, самимий, мумтоз адабиётимизни ҳам, замонавий асарларни ҳам, жаҳон адабиётини ҳам жуда яхши билар, китобхонлар билан бўлган суҳбатларда бир зумда ҳаммани ўзига ром қилиб оларди.

 

Китоб ҳамиша инсонни яхшиликка, эзгуликка ва буюк мақсадлар сари ундовчи куч-қудрат манбаидир. Барча халқлар сингари биз ҳам келажагимиз ҳақида қайғуриб яшашимиз керак. Шундагина келажагимиз ворислари – ёш авлод юқорида таъкидлаганимиз - аждодлари каби китобнинг буюк маънавий неъмат эканлигини хис этади ва уни қадрлайди, шундай эиасми? 

 

 

Бекназар Тошбоев, 
ЎзМТДП Янгиобод туман кенгаши фаоли, 
Фаҳрий ўқитувчи

 

 

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига