ЖИЗЗАХЛИК САНЪАТГА УМРИНИ БАХШИДА ЭТГАН АКТРИСА

Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театри актрисаси "Олия Эштўхтарованинг кундаликлари” менга ҳаёти тушга ўхшайдиган ажойиб инсон билан яқиндан танишиш имконини беради. Актрисанинг ўз дунёси бор, фикрлари, қарашлари ўзгача. Тақдир бу аёлга жуда кўплаб синовлар, изтироб ва қувончли дамларни ҳадя этди. Аммо қаҳрамоним қаддини тик тутиб, ўзини бутун борлиғи билан севган касбига бағишлаб, кўнглига яқин одамларга меҳрини улашиб яшаяпти. Бу эса инсон тақдирига бефарқ қарай олмайдиган, очиқкўнгил ва юксак иқтидор эгасигагина хос.

Инсон маънавиятини юксалтиришда санъатнинг ўрни беқиёс. Айниқса, театр санъати инсон руҳиятига ижобий таъсир қилиб, унга эстетик завқ бағишлайди,–дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Олия Эштўхтарова. – Ўзимга топширилган ҳар бир ролни маромига етказиб ижро этишга ҳаракатқиламан. Театрга келган томошабин ҳаётда бўлаётган воқеаларни жонли тарзда ҳис этади. Саҳна асарини кўриб нотўғри қадам босмасликка, ижобий қаҳрамонларга ўхшашга ва салбий қаҳрамонларнинг хатоларини такрорламасликка ҳаракат қилади.

Театр саҳнасини муқаддасҳисоблаб келаётган Олия опа ҳар бир ролга ўзгача ҳаяжон, катта масъулият билан киришади. Актрисанинг касбига фидойилиги, ўз устида ишлаши унинг ҳаётдаги шиорига айланган.

–Ҳеч бир инсон ўзича шаклланиб қолмайди, –дейди Олия опа.–Бунга халқимизнинг "Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган мақолини мисол тарзида айтиб ўтмоқчиман. Театр санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон Давлат Маданият ва санъат олийгоҳи)даги Омон Абдураззоқов, Шоҳида Маъзумова, Арсен Исмоилов, Зуҳра Олимжонова каби устозларимнинг ўгитлари мени ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларидан безавол ўтишимда суянч бўлган. 1976 йилда Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театрига энди ишга келган чоғларимда театр жамоаси Озарбайжон драматурги Шамхаловнинг "Қайнона” (Аслзода келин) асари устида ишлаётган экан. Менга асардаги Жаннат хола яъни қайнона роли ёқиб қолади. Аммо ёшим тўғри келмагани учун бу ролни менга беришмайди. Бироқмендаги қатъият ва қалб ҳароратини сезган театр раҳбари бунга рози бўлади. Ниҳоят 26 ёшли актриса 60 ёшли қайнонақиёфасида гавдаланади. Ўша пайтлари биринчилардан мени қўллаган устозларимнинг хизматларини жуда қадрлайман. Ҳозирда етишиб чиқаётган ёш актёр ва актрисалардан кўнглим тўқ. Айниқса, олийгоҳни битириб келаётган ёшларимиз иқтидорли, масъулиятли. Уларнинг ижро маҳоратини кузатар эканман, ижодий салоҳиятларидан қувонаман. "Санъатнинг нонини ейиш учун темирдан тиш керак, пўлатдан тирноқ”, дейишади. Бу дегани ижоддан ташқари оила, уй-рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси, оталик ёки оналик масъулиятини унутмасдан барчасига улгуриш керак дегани.

Қирқйил... Театр саҳнасида бу озмунча муддат эмас аслида. Машаққатли меҳнат ва тинимсиз изланишлар оралиғида кечган бу йиллардан Олия Эштўхтарова абадул-абад миннатдор. Олия опа театр саҳнасида ўйнамайди, балки яшайди. У ижро этган такрорланмас роллари орқали томошабинлар қалбидан ўрин эгаллаган. Актриса яратган ҳар бир образда қаҳрамон ҳарактерининг энг нозик нуқталари ҳам эътибордан четда қолмайди. У хоҳ драматик, хоҳ комедик жанрда рол ижро этишидан қатъий назар асар мазмунини томошабинга етказиб бера олади. Театр саҳнасида "Холисхон”да Гулжон, "Оқ кема”да муштипар кампир,Мольернинг "Зўраки табиб”асарида Мартина,Мустай Каримнинг "Ой тутилган тунда”асарида Тангабека сингари кўплаб спектаклларда турли образларни ижро этган. Машаққатли меҳнати, изланишлари инобатга олиниб, 1992 йил унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилди. Гўзалликка интилиш барча аёлларга хос. Бу ажойиб хилқат эгалари қайси соҳада фаолият юритмасин, доимо латофатли, назокатли кўринишга интилади.

– Ташқи кўриниши билан бир қаторда саломатликка ҳам эътибор қаратиш ҳар бир актриса учун жуда муҳим деб ўйлайман, – дейди О.Эштўхтарова. –Энг асосийси бақувват юрак, соғлом дунёқараш соҳиби бўлишга интилишимиз лозим.

Дарҳақиқат, ўзбек аёли оила, турмуш ташвишлари билан ҳамиша банд бўлсада гўзаллиги ва саломатлигига доимо вақт топишга уринади. Мухтасар қилиб айтганда гўзал, дилбар ва ҳар жабҳада фаол аёл миллатнинг шаъни ва ифтихорини белгилаб беради. Ўзининг беқиёс образлари орқали аёлнинг латофати, иродаси, вафою садоқатини тараннум этиб келаётган Олия опадек фидойи актрисамизнинг ижоди ҳамиша гуллаб яшнайверсин.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига