Диний экстремизм - миллат ривожига хавф

Ўзбекистонда қадим замонлардан бери турли миллатлар яшайдиган, ҳар хил динларга эътиқод қиладиган халқлар тинч-тотув яшаб келган.

Ота- боболаримиз одам ажратишни қаттиқ қоралаганлар. Аввал ҳам ҳозир ҳам бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлганмиз. Яқин тарихда милатлар ўртасида зиддиятлар кузатилган бўлса ҳам (месхети турклар ва қирғиз кардошларимиз билан) бунда доим учинчи қўлнинг бўлганлигини ўртача ақл эгаси ҳам дарров пайқаган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолиси 32 миллиондан ошиб, юртимизда 130 дан зиёд турли миллатлар яшайди. Халқимизнинг 94% дан ортиғи ислом динига эътиқод қилади. Қолган барча диний ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳудудида эмин-эркин фаолият юритаётганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Муқаддас ислом динининг Арабистонда вужудга келганига қарамай, айнан юртимизда тараққий этганини ҳам бутун дунё эътироф этади. Аждодларимиз дини бўлган, барчамизга қадрли исломнинг ривожланиши бўйича истиқлол йилларида ниҳоятда катта ишлар қилинган ва қилинмоқда. Таъкидлаш жоизки, ижтимоий ҳаётнинг ҳар қандай соҳасида бўлганидек, диний сиёсатдаҳам Ўзбекистон тинчлик ва осойишталикни таъминлашни биринчи галдаги вазифа деб билади. Иш бор жойда камчилик бўлади деганларидек, айрим ишларда қўпол хаголарга ҳам йўл қўйилди. Масалан, охиригача текширилмасдан айрим бегуноҳ фуқароларни қатъий назоратга олиш, айрим жойларда тушуниб-тушунмай динга берилган инсонларни "юмшоқлик билан” сиқувга олиш каби ҳолатлар қайд этилган. Охирги икки йилда эса ўша хатоларни бартараф этиш учун кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Ислом динини тарғиб этиш ва ривожлантириш ишларининг янги босқичи бошланди. Ўзбекистон Ислом академиясининг очилиши, Имом Ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот марказини ташкил этишнинг йўлга қўйилганлиги, вилоятларда Қуръон мусобақаларининг ўтказилиши ҳамда янги-янги масжидларнинг барпо этилаётганлиги фикримизнинг яққол исботидир.

Барчага маълумки, охирги вақтларда диний экстремизм тобора кучайиб, мусулмон олами ўта мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларни бошдаи кечирмоқда. Яқин Шарқ ва ён қўшнимиз Афғонистонда чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувлар кузатилмоқда.

Бу ҳудудларда гўёки ҳақиқий "исломий давлат” қуриш шиори остида ваҳшийлик ва зўравонликка асосланган турли гуруҳ ва жамоалар кўпайиб кетди.

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат муҳожирларини таъсир доирасига олиш, "ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни интернет орқали тарқатиш каби усулларда амалга оширмоқда.

Диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ҳамда тамойиллари мазмун-моҳиятини бир ёқлама, нотўғри изоҳлаб, одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга астойдил ҳаракат қиладилар.

Улар Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин этиш ҳамда жамият ҳаётига таҳдид солаётган ишларни дин билан боғлашни усталик билан бажара оладилар.

Интернет тармоғида ўзини "Ислом давлати” деб атаб олган террористик ташкилот гўёки ислом ривожи йўлида курашаётган "мужоҳид биродарлар гуруҳи” экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида кўплаб мамлакатлардан мусулмон ёшлар "жиҳод”да иштирок этиш мақсадида шу гуруҳ сафига бориб қўшилаётгани ачинарли ҳолдир. ИШИД жангариларининг шимолий Афғонистонда ғимирлаб қолганлиги айниқса хатарлидир.

Афсуски, айрим адашган ёшлар ИШИДни ҳақиқатда ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди. Бундай адашганлар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Бундай ҳунрезликларда ўзбек йигитларининг ҳам иштирок этаётганлиги, улар манқуртга айланган бўлиб, кенгроқ ўйлаш қобилиятидан маҳрум бўлганлиги, ғаразли ниятларини, вахшийликларни рўъёбга чиқариш учун ҳеч нарсадан тап тортмаслиги бу муаммони бартараф этишда янгича ёндашувларни ишлаб чиқишни талаб етади.

Мана шундай мураккаб вазиятда жаҳоннинг айрим нотижорий, нодавлат халқаро нашр ва радиостанциялари Ўзбекистонда дин борасида олиб борилаётган сиёсатни хаспушлаб, баъзи ҳолатларда бузиб талқин қилишмоқда. Масалан, вояга етмаган шахсларнинг масжидларга боришини тақиқланишинн диний эркинликни бузиш деб қарамаслик керак. Вояга етмаганлар тўғрини нотўғридан, оқни қорадан яхши ажрата олмаслиги табиий ҳол. Болаларнинг масжидга кириши ҳадисларда ҳам маълум маънода қайтарилган. Ҳадисларнинг бирида "Барака топгурлар, вояга етмаган фарзандларингизни масжиддан йироқлантиринглар” дейилганлигини ҳамма ҳам билмаса керак.

Яна бир ҳадисда Муҳаммад (САВ): "Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ ва Расули қайтарган нарсадан қайтган мусулмондир” деб марҳамат қилганлар. Ислом дини Ватанга ҳиёнат, қотиллик, бузғунчилик, ўзини ўзи ўлдириш, ўзгаларга зулм қилиш, ота-онага оқ бўлиш кабилардан қайтаради. Шундан оддийдан оддий савол тугилади: Нима учун адашган жангарилар Исломни бошлаб берган Муҳаммад САВнинг ҳадисларига онгли ва ошкора қарши чиқадилар? Ота-онага оқ бўлиш улар учун нега арзимас бир иш ҳисобланади?

Сўнгги пайтларда Марказий Осиёдан чиққан жангариларнинг бир қисми ўз мамлакатларига суқилиб кириб, яширин фитна чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Вазиятнинг бундай таҳликали тус олиши ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишни тақозо этади.

Шундай экан, тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссани қўшиш - ҳар бир фуқаронпнг бурчи бўлиши лозим.

 

Аҳаджон Ҳусанов

 

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

Юқорига