“Ўғри бўл, ғар бўл инсоф билан бўл!”

“Ўғри бўл, ғар бўл инсоф билан бўл!”

 Тарихдан маълумки, Амир Темурнинг давлатчилик ва дипломатия ҳарбий маҳорат,бунёдкорлик салоҳияти, илм фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаётнинг маъно мазмуни, инсонни улуғлайдиган эзгу ишлар хақида билдирган фикрлари, дину диёнат ва адолатни жойига қўйиш, салтанат ишларини кенгаш ва тадбир давомида амалга ошириш, ҳар бир масалада узоқни кўзлаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Айнан анашундай масалалар Соҳибқирон тафаккурининг маҳсули бўлган “Темур тузуклари” асарида ҳар томонлама аниқ ишонарли ва таъсирчан тарзда ёритилган.

Бугунги  мураккаб таҳликали даврда бу китобни қайта-қайта мутолла қилиш, унинг мағзини чақиш биринчи галда раҳбар, етакчи бўлишдек масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган одамлар учун, қолаверса ҳар қайси зиёли инсон учун боғоят фойдали экани ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ.  

Асарда раиятдан мол-хирож олиш, мамлакатни тартибга келтириш ва юксалтириш, унинг ободончилиги, хавфсизлигини амалга ошириш тузукигида  мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланган. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради. Ҳозир бу асардан  бежизга мисол келтирмадим.

Сир эмаски давлат бюджети  тийинлаб йиғилайдиган солиқлардан шаклланади. Унинг харажатларини  амалга ошириш принциплари мавжуд. Давлат бюджети маблағлари билан операцияларни амалга ошириш жараёнида ҳисобга олиш, ҳисобот ва назорат қилиш тартиби белгиланган.

 Бугун бутун дунё коронавирусдек кўринмас бир офат билан курашаяпти. Минглаб инсонларни бевақт ўлимига сабаб бўлаётгани ҳам сир эмас. Юртимизда бу офатга қарши тизимли ишлар олиб борилаётган бўлсада, соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилаётган айрим камчиликлар ва нуқсонлар, тизимда коррупция ҳолатлари мавжудлиги, баъзи “шифокорлар”нинг содир этаётган қинғир соҳада бошланган хайрли ишларга соя солмоқда.

Гап шундаки, яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 917,8 миллон сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги борасида хабар тарқалди.Унда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, Қашқадарё вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази собиқ раҳбари Ш.Шеров, бўлим бошлиғи Б.Боймуродов ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, марказ ҳисобига тушиши лозим бўлган 480,1 млн. сўм маблағларини, марказда ишламаган фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаб тўланиши, ишлаган ходимларга ортиқча иш ҳақи ҳисобланиши ва тўланиши натижасида, 271,6 млн. сўм,  “гипохлорид кальций” дизенфекция воситаси ҳақиқий баҳосидан 166,1 млн. сўм қиммат нархларда сотиб олишиб, жами 917,8 млн. сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишганлиги аниқланган. Бу ҳақда human.uz сайти хабар берди. Ҳозирда уларга  нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, прокуратурага юборилган. Бу каби жиноий ишлар афсуски тизимда кам бўлмаса керак. Ошкор бўлгани шу десак,  бу пуллар толон-торож қилинмасдан касалликни бартараф этиш учун ўз жойига ишлатилганида, хозиргидек соғлиқни сақлаш тизими жарликга тушмаган бўлар эди.

Мантиққа бироз зид бўлса ҳам азбаройи инсофни тарғиб қилишга қаратилган нақл бор халқимизда. Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл! 

                                                                                             Гулчеҳра Урдушева,

                                                                               Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси