Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. Жиззахнинг қадимги шаҳри-Уструшона

Жиззахнинг қадимги шаҳри-Уструшона

Cана : 04-05-2018   /   Жиззах янгиликлари, Тарих   /   кўрилди: 144

Истиқлол ўзбек халқига ўзининг ҳақиқий тарихидан воқиф бўлиш, бирламчи манбалар асосида уни мустақил ўрганиш имкониятини берди.

Бу ҳолат шубҳасиз, жамият маънавий ҳаётига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.

Бугунги давр талаби, халқимизнинг бебаҳо қадриятларини ўзида сақлаб қолган чорвадорлар моддий маданияти, диний маънавий ҳаёти ва уларнинг дунё цивилизацияси тараққиёти, жумладан, Ўзбекистон халқлари маданияти ва ижтимоий сиёсий ҳаёти тарихида тутган ўрнини холис илмий асосда кўрсатиб бериш каби концептуал ғоядан келиб чиққан ҳолда қаралса ҳам ушбу мавзу долзарб ҳисобланади.

Ёзма манбаларда Уструшона, "экинзорлари, яйловлари ва қишлоқлари обод ҳосилдор ва (турли-туман) маҳсулотларга бой”, фаровон мамлакат сифатида таърифланган. Уструшонадаги табиий шароит, чорвани мавсумий тарзда қишда – тоғ ёнбағирлари, дашт ва чўлли минтақада, ёзда эса тоғ ўтлоқ яйловлари ва мавсумий яйловларда боқиш имкониятини берган. Шунга боғлиқ ҳолда, Уструшонанинг Ховос, Зомин, Жиззах, Ғаллаорол, Бахмал ва Фориш туманларининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида чорвадорларга тегишлиқадимги (антик ва илк ўрта асрлар) даврга оид гуруҳ ва якка ҳолда жойлашган кўплаб катакомба, айвонли лаҳад, ёрма ва ўра гўрлардан иборат мозорқўрғонлар сақланиб қолган. Шимоли-ғарбий Уструшонадаги чорвадорлар моддий маданиятига оид бу мозорқўрғонларда 2003-2016 йилларда қидирув ва қазув ишлари ўтказилиб, антик ва илк ўрта асрларга оид 800 дан ортиқ мозорқўрғонлар аниқланган. Бироқ, бой моддий ва маънавий маданиятимиз ҳақида улкан маълумотлар бериши мумкин бўлган бу ёдгорликларнинг асосий қисми ҳали ўрганилмаган.

Уструшонадаги чорвадорлар қадимиятига оид ёдгорликлар ХХ асрнинг 40 йилларида В.Ф. Гайдукевич томонидан Ширинсойдаги антик даврга мансубқабрларни ўрганишдан бошланган. Ўтган асрнинг 70-90 йилларида шимолий ва шимолий-ғарбий Уструшона ҳудудида ЎзР ФА Археология институти илмий ходимлари М.Ҳ.Пардаев, С.Р. Раҳимов, А.А. Грицина, Ў.А. Алимовлар томонидан қисман ўрганилган бўлсада улар ҳақидаги маълумотлар фақатгина илмий ҳисоботларда ва архив фондларида сақланган. Мазкур ҳисоботларда мозорқўрғонларнинг пайдо бўлиши, археологик манбалар тавсифи, дафн удумлари ва ёдгорликларнинг даврий санаси ҳақида таҳлилий илмий фикрлар берилмасдан, шунчаки санаб ўтилган. Табиийки, ёдгорлик соҳибларининг қайси халқлар ва этник гуруҳларга мансублиги тўғрисида ҳам фикрлар билдирилмаган. Айтиш мумкинки, Уструшонадаги чорвадорлар моддий маданиятига мансуб ёдгорликлар шу пайтгача қисман тадқиқ қилинган бўлиб, бу маълумотлар орқали мазкур тарихий маданий воҳада яшаган чорвадор кўчманчилар ўтмиши ва уларнинг ўлка тарихида тутган ўрни масалаларини етарлича ёритиш муаммолигича қолмоқда.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан 90 йилларига қадар Уструшонанинг шарқий ва жанубий қисми (Тожикистон ҳудуди)да кенг қамровли илмий тадқиқотлар олиб борилган. Бу ерда, Н.Н. Негматов, Е.Д.Салтовская, Т.П. Кияткина, А.К.Мирбобоев, Р.З.Авзалов, С.Ш.Марафиев каби археологлар томонидан олиб борилган узоқ йиллик изланишлар натижасида чорвадорлар тарихига оид мозорқўрғонлар ҳам очиб ўрганилган ва фанга чорвадорлар маданияти бўйича кўплаб илмий янгиликлар киритилган. Бироқ ҳозирги вақтга қадар ўтмишда битта тарихий маданий минтақа ҳисобланган, бу икки республика ҳудудида жойлашган чорвадорлар маданиятига оид ёдгорликлардан топилган моддий ашёлар ҳам бир-бири билан солиштириб ўрганилмаган, яхлит илмий ишланмалар амалга оширилмаган. Бунинг сабаби, Уструшонанинг Ўзбекистон қисми (Жиззах ва Сирдарё вилоятлари)да чорвадорларга оид ёдгорликларнинг кам ўрганилганлигидир.

Кейинги йилларда ҳадаги Ғулбо, Кўрпа, Қамиш, Беккелди, Қамиш, Қоратепа мозорқўрғонлари очиб ўрганилган. Бу мозорқўрғонларининг деярли барчасида уй рўзғор (улар кўпчилиги сопол идишлар), зеб-зийнат, жанг қуроллари ва ҳайвонлар суяклари қўйиш кенг тарқалганлигини кўриш мумкин. Ўрганилган мозорқўрғонларга тегишли моддий-маданият намуналарининг аксарияти бизнинг давримизгача етиб келган.

Уструшона чорвадорларида кишиларнинг вафотидан сўнг "у дунёда яшаши” ҳақидаги тасаввур кенг ёйилган. Шу тасаввур асосида, марҳумни нариги дунёда кузатиш маросимида кўплаб амаллар қўлланган ва у дунёда яшаши учун барча қулайликлар яратилган. Бу ҳолат, очиб ўрганилган мозорқўрғонларда қабрга, марҳумнинг ҳаётлигида ишлатган уй рўзғор буюмлари, кийим-кечаги, қурол-яроғи, безаклари ва у дунёда истеъмолқилиши учун идишларга ҳар хил таомлар солиб қўйилишида намоён бўлади.

Ўрганилган кам сонли ёдгорликлар Уструшона чорвадорларининг моддий маданияти қабр тузилиши, дафн маросимлари ва ижтимоий сиёсий ҳаёти ҳақида умумлашган илмий хулосалар чиқариш имконини бериши қийин кечмоқда. Бундан ташқари тўпланган манбалар асосида, Уструшонада чорвачилик хўжалигининг шаклланиши, кенг ёйилиши, моддий ашёлар таҳлили, уларнинг хронологияси, қадимги даврда Ўрта Осиё ҳудудида кечган миграциялар ва уларнинг Уструшонадаги этник жараёнларга таъсири, чорвадор аҳолининг ўтроқлашуви ва деҳқончилик воҳаларида аҳолининг кўпайиб бориши, минтақага Қовунчи маданиятининг ёйилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари ҳам кенг таҳлил қилиниши лозим.

Шу пайтгача Уструшона чорвадорларига тегишли мозорқўрғонларда аниқланган дафн маросимлари, қабр тузилишлари ва маънавий-диний ҳаёти билан боғлиқ материаллар илмий жамоатчилик ҳукмига вақтли нашр ва илмий мақолалар тарзида етказилган бўлсада, улар кенг қамровли ўрганилмаганлиги учун умумлашган яхлит ҳолда ҳавола қилинмаган. Келгусида мазкур масала юзасидан тўпланган материаллар таҳлил қилиниб, нашр этилиши режалаштирилган.

Уструшонадаги мозорқўрғонларини ўрганиш ва диний-маънавий ҳаёти билан боғлиқ дафн маросимларини ўрганиш асосида қуйидаги масаларга ойдинлик киритилади:

қабрлар конструкциясидаги ўзгаришларни аниқлаш жараёнида, миллод бошларидан Ўрта Сирдарё бўйи орқали шимоли-шарқий кўчманчи қабилалар (юечжи, усун, хун ва б.)нинг шарқда сак-сармат кўчма гуруҳларининг, жанубда дехқончилик билан шуғулланиб келаётган этник гуруҳ­ларнинг ўзаро таъсирини аниқлаш;

Мозорқўрғонларда ўрганилган археологик материаллар Ўрта Осиёнинг бошқа ҳудудларида ўрганилган шунга ўхшаш манбалар билан қиёсий таҳлилдан ўтказилиб уларнинг даврий мансублиги ёритиш;

Ўзбекистон тарихида долзарб аҳамият касб этаётган Қовунчи маданиятининг ёйилиши ҳамда ўзига хос хусусиятларин таҳлил қилиш;

Уструшона аҳолисинин этник ҳаёти ва антропологияси билан боғлиқ қатор саволларга аниқлик киритиш;

бугунги глобал даврда миллий маънавий қадриятларимизни тарғиб қилиш, ёшларимизда маънавий иммунитетни шакллантириш, маънавий меросимизга нисбатан юксак ҳурмат ва содиқлик руҳини шакллантириш, яъни халқимизнинг ҳақиқий тарихи, жумладан унинг ажралмас қисми бўлган чорвадорлар қадимияти, урф-одат ва маросимларини тадқиқ қилиш ва шу орқали, азалий қадриятларимиз ва юксак маънавиятимизни тарғиб қилиш мумкин.

Қўшимча илова тарзида

Зомин тумани ҳудудида жойлашган илк ва ривожланган ўрта асрлар тарихига доир кўплаб маълумотлар берувчи, археологик қазилма ишлари ўтказиш лозим бўлган объектлар:

Оқтепа – Қўрғонтепа шаҳар ҳаробасининг ғарбий қисмида жойлашган. Ёдгорлик яхши сақланмаган, унинг ўлчами 100х40 метр, баландлиги 2-4 метрга тенг. Тепалик шимолдан шарққа кўтарилиб боради. Тепаликнинг ғарбий қисмидан сой оқиб ўтади ва шу ердан бир неча тармоқларга бўлиниб кетади. Бу ёдгорликдан топилган сопол идишларга асосланиб уни VI-VIII асрлар билан баҳолаш мумкун. Археолог А.Бердимуродов ҳам ёдгорликнинг даврий санасини тахминан VI-VIII асрларга тааллуқли эканлигини таъкидлайди.

Ўрдатепа – Ёдгорлик Зомин сувининг чап томонида жойлашган. Ёдгорликнинг сақланиши яхши эмас. Унинг ҳозирги кўриниши тўртбурчак, ўлчамлари шимоли-жанубий йўналиши бўйича 65 метрга, ғарб шарқ йўналиши бўйича 50 метрга, баландлиги 4 метрга тенг. Ўрдатепа ёдгорлигидан топилган ашёвий далилларга асосланиб унинг даврий санасини VI-VII асрлар билан белгилаш мумкун. Ёдгорлик Зомин туманининг шимолий қисмида, Зоминсой дарёсининг суғориш тармоқларига бўлиниш жойида қад кўтарган ва мураккаб суғориш тармоғига эга бўлмаган.

Жартепа – Қўрғонтепа ёдгорлигидан 6-7 км шимолда жойлашган. Ёдгорлик квадрат шаклда, ўлчамлари ғарб–шарқ йўналиши бўйича 65 метрга, шимолий-жануб йўналиши бўйича 75 метрга, баландлиги 4 метрга тенг. Ёдгорликнинг шарқий томонидан Зоминсувининг кичик бир суғориш тармоғи оқиб ўтади. Ёдгорлик VI-VII va XI-XII асарлар билан белгиланади.

Мозортепа I – Зомин туман марказининг шарқий томонида Сексари қишлоғида жойлашган. Ёдгорликнинг томонлари нураб тушган бўлиб, ўлчамлари 40х25 метрга, баландлиги 4 метрга тенг. Мозортепадан 1965 йилгача қабристон сифатида фойдаланишган. Юқори қисми ҳозирги пайтда ҳам қабрлар билан банд. Мозортепанинг ғарбий қисмида ундан кичикроқ тепа мавжуд бўлиб, бу тепаликдан олинган сопол идиш парчалари V-VII асрларга оиддир.

Мозортепа II – бу ёдгорлик Мозортепа ёдгорлигидан 400 метр ғарбда жойлашган. Унинг ҳозирги кўриниши айлана шаклда бўлиб, ўлчамлари ғарб-шарқ йўналишлари бўйича 50 метрга, шимоли жануб йўналиши бўйича 60 метрга, баландлиги 4 метрга тенг. Бу иккала мустаҳкам бўлмаган қишлоқ типидаги ёдгорликлар уларда деҳқонлар алоҳида-алоҳида уй-жой қилиб яшаганликларидан далолат беради. Тепаликдан олинган сополлар ўрта асрларга оиддир.

Фурқат Тошбоев

ЖДПИ катта ўқитувчиси,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.

Жуманиёз Сангиров

ЖДПИ талабаси,

ЎзМТДП "Ёшлар қаноти” фаоли

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!