Ёшлар бандлиги: сўз исботи билан

Ёшлар бандлиги: сўз исботи билан

Фарҳод Қаюмов “Хонбанди” МФЙ раисининг ободонлаштириш, тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари. Маҳаллада ёшларнинг бекор юрмаслиги, оилавий даромадни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби мавзуларда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боради.  

Ўғиллари Фазлиддин ва Музаффар Ғофуровлар ота сўзини исбот қилдилар. Маҳалланинг шу пайтгача ўзлаштирилмаган адирлигида 5 гектар ерни ўзлаштиришга чоғландилар. Бунинг учун 2 та артезиан қудуғи қазилди. Майдонга ишлов берилиб, Форишнинг машҳур қовун навлари экилди.  “Қозимирза муруввати” хусусий корхонаси ташкил этилиб, барча ишлар унинг негизида олиб борилди. Яйдоқ даланинг ўзлаштирилиши 4 нафар қишлоқдошнинг иш билан таъминланишига сабаб бўлди.

-  Туманимиз адирларида етиштирилган қовунлар азалдан донгдор. Ҳозиргача ҳам қўшни вилоятлардан атайин келиб қовунларимиздан олиб кетишади. Кексаларнинг уйида сақланиб келинаётган “одилвой”, “амири”, “метровка”  навли қовун уруғларини топишда ўзим ўғилларимга кўмакчи бўлдим, - дейди Фарҳод Қаюмов. – Мана, қовун-тарвузлар ҳосилга кириб қолди. Бир ҳафта- ўн кунда узишни бошлаймиз.

- Биргина полиз экинлари билан чекланганимиз йўқ. Тадбиркорликни бошлаган одам қаерда даромад бўлса, ўша иш билан шуғулланиб кўрар экан, - дейди Фазлиддин Ғофуров. – Товуқчиликка мўлжалланган бино қуриб, синамага бройлер товуқ боқдик. Шу баҳона паррандачиликни ҳам ўрганиб олдик. Айни пайтда 1000 донагача товуқ парваришланаяпти. Бу бизнинг бу йилдаги 4-марта  товуқ етиштиришимиз. Ҳозирда 2 сотих майдонда енгил конструкцияли парник қуриш учун тайёргарлик кўраяпмиз. Кузда уни ишга тушириб, помидор, бодринг, кўкат етиштириш ниятидамиз. Катта ишлар учун катта маблағ тикиш зарур. Бу масалада туман 4-секторига мурожаат қилдик. Бизнинг банкдан кредит олишимизда ёрдам кўрсатилмоқда. Умуман, солиқ ва бухгалтерия ишларида туман солиқ инспекцияси бизга доимий кўмак кўрсатиб келаяпти, - дейди ёш тадбиркор. 

Айни кунда бройлер товуқлари бозорга юборилиш арафасида. Паррандачиликнинг паст-баландини ўрганиб олган ака-ука тадбиркорлар энди 4000 дона товуқ боқишни режалаштиришди.

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати