Шартли харидор

Маҳаллада дув-дув гап тарқалди. Эмишки, Олмос гиёҳванд модда сотаётганда қўлга тушибди. Ҳар ким воқеага ўзича муносабат бирдирди.

Кимдир саёқ юрганнинг барибир таёқ ейишини таъкидлаган бўлса, бошқа биров унинг оиласига ачинди. Шуниси аниқки, ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйишдан, соғлигига зарар етказишдан заррача тортинмаган Олмосни оқлаган кам бўлди.   

Ёши 50 дан ошганда нафсининг измига юриб, гиёҳванд моддалар сота бошлаган Олмос жинояти ошкор бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Боиси жуда эҳтиёткорлик билан иш тутар, фақат "ишончли мижозлар” билан алоқа қиларди. Бегоналарга иложи борича яқинлашмас, озгина шубҳа уйғотганлар билан гаплашмасди ҳам.

Шунга қарамасдан унинг қилмишларидан аллақачон Зарбдор туман ИИБ ходимлари хабар топишган, оғуфурушни жиноят устида ушлаш чоралари кўрилаётганди. Табиийки, бунинг учун жиноятчини тутишга кўмаклашадиган шартли харидор зарур эди.

Ички ишлар ходимлари Ғуломхон Одиловнинг номзодига тўхталдилар. Илгари ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини содир этиб судланган бу кимса ҳар қандай одамнинг ишончига кира олар, қамоқда орттирган "тажриба”си эса Олмосни тузоққа туширишда қўл келиши мумкиндек эди. Ички ишлар ходимлари ўйлагандек бўлди.

Суҳбатнинг илк дақиқалариданоқ Ғуломхон Олмосда "Ўзимиздан экан” деган тасаввурни уйғота олди. Натижада у буюртмачи сўраган миқдордаги гиёҳванд моддани сотадиган бўлди. "Мол” харидорга, пул "сотувчи”га узатилаётган пайт Олмосни ички ишлар ходимлари қўлга олишди. Буни кутмаган афюнфуруш бир зум гангиб қолди, аммо тезда ўзига келиб, фаол қаршилик кўрсата бошлади.

Шунда унинг чўнтагидан уяли телефони тушиб қолди. Гумонланувчини тинчлантиришга уринаётган тезкор ходимлар алоқа воситасини кўрмадилар. Воқеани бир четда кузатиб турган шартли харидор эса эски одатини қўймади, ердаги телефонни олишдан ўзини тия олмади. Ички ишлар идорасидан узоқлашгандан алоқа воситаси хотирасини ковлади. Ундаги исмларни ўқир экан Олмоснинг турмуш ўртоғи Камола Очилованинг телефон рақамларига кўзи тушди-ю, нияти бузилди.

Ғуломхон эртасигаёқ Камола Очиловага телефон қилди ва унинг турмуш ўртоғи наркотик моддалар савдосида айбланиб, қамоққа олинганлигини баён этди. Бу хабарни эшитган аёлнинг тили калимага келмай қолди. Ғуломхон гап орасида ўзининг вилоят ички ишлар бошқармаси ходими эканлигини қистириб ўтди ва астагина ҳолатни ўнглаш мумкин эканлигига ишора қилди.

Томонлар Жиззах шаҳридаги "Кўкбозор” деҳқон бозори ҳудудида учрашдилар. Ғуломхон  5 миллион сўм эвазига Олмос Очиловни озодликка чиқариш, бу пулни олгунга қадар айбланувчининг шароитини енгиллатиш чораларини кўришини маълум қилди. Тўладан келган, сочи калта олинган, эгнида ҳарбий дала кийими бўлган Ғуломхон Одилов аёлда оз бўлса-да шубҳа уйғотмади. Ишонч билан гапираяпти, қўлида эрининг телефони. Турмуш ўртоғи унга ишонибдими, алдамайди. Биров билмасин, дейиши ҳам тўғри, пора ҳақида гап бораяпти, ахир.

Хуллас, айтилган пулни Ғуломхон олди-ю, ғойиб бўлди. Камола Очилованинг эса кутишдан бўлак иложи қолмаганди. Бироз муддатдан сўнг Зарбдор тумани, Ойбек маҳалласи, "Оқбулоқ” кўчасида яшаган Олмос Очилов озодликдан маҳрум қилинди. Шундан сўнг аёл ўша ҳожатбарор "ички ишлар ходими”ни суриштира бошлади ва фирибгарнинг тузоғига тушганлигини баён қилиб, ариза битди. Масала билан Жиззах вилоят ИИБ ўз хавфсизлик бўлими ходимлари ҳам қизиқа бошладилар.

Фирибгарни топиш унчалик қийин бўлмади. Биринчи суҳбатдаёқ у қилмишларига иқрор бўлди. Айни вақтда Ғуломхон Одилов терговчиларга 5 миллион сўмни қандай сарфлаганлиги юзасидан маълумот бермоқда.

(Мақола қаҳрамонларининг исми шарифи ўзгартирилган).

Алижон АБДУСАТТОРОВ

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 15 05 2018 йил
0
74

Ўхшаш янгиликлар


Фикрлар (0)

  • яндекс.ћетрика Яндекс.Метрика –ейтинг@Mail.ru
  • Таҳририят билан боғланиш

  • +998 91 569-16-99, +998 91 599-54-44
  • jizzaxcity@umail.uz
  • Жиззах, ш. Ш.Рашидов, к. 116-уй
  • 2014-2018 Сайтдаги хабарлардан фойдаланилганда www.Sangzor.uzга ҳавола кўрсатилиши шарт. ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1150
    18+
    Юқорига