Солиқ текширувини дўстона ҳамкорлик деб қабул қилинг

Солиқ текширувини дўстона ҳамкорлик деб қабул қилинг

Президентимиз томонидан 8 июль куни ўтказилган йиғилишда солиқ идораларига янги вазифа, яъни, “Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи” тизимини йўлга қўйиш топшириғи берилди. Унинг моҳияти шундан иборатки,  солиқ идораси энг аввало, иш бошлаётган тадбиркорга биринчи қадамидан, унга қайси солиқ режими қулай ва фойдали эканлигини танлаб бериши зарур. Бизнес субъектининг “яшаб кетиши”, фаолият кўрсатмаётганларини тиклашга кўмак бериш, бухгалериясини юритиш, ҳисоботларни тўлдириш ва топшириш, хуллас, нима муаммоси бўлса ҳал этиш бўйича хизмат кўрсатишга асосий эътибор қаратилади.

Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар бугунги қийин шароитда манзилли ишлашни, ҳар бир тадбиркор фаолиятига унинг қийинчилик ва муаммоларини тушунган ҳолда, кўмакчи бўлишни тақозо этади.

Жиззах вилоят давлат солиқ идораларида ушбу тамойилдан келиб чиққан ҳолда хизмат кўрсатишга катта эътибор қаратилмоқда.  Июль ойи давомида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан нотўғри тақдим этилган солиқ ҳисоботларини кўриб чиқиш жараёнида бу яққол кўзга ташланди.  Солиқ кодексининг 138-моддасига асосан камерал солиқ текширувлари ўтказилиб, 107 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 3 148,4 млн. сўм солиқларнинг ҳисоботда акс этмагани аниқланди. Улар қайта ҳисоботга олиниб, корхоналарнинг рахбар ва ҳисобчиларига тушунтириш берилди. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ҳисоботлар қайта тақдим этилиб, 2 833,5 млн.сўм маблағ бюджетга ундирилиши таъминланди. Шунингдек, 382 та корхона тақдим этган ҳисоботдаги кўрсаткичлар тўғирланди.

Солиқ идораларининг эндиги фаолияти қанча солиқ қонунчилигини бузиш аниқланди ва қўшимча солиқ ҳисобланди, деб тадбиркорни жазолашга эмас, аксинча, солиқ қонунчилигининг бузилиши нечоғлик камайгани ва тадбиркорларни ортиқча харажатлардан сақлаб қолишга қанча ҳисса қўшилганига қараб белгиланади. Шу боис солиқ текширувларини дўстона ҳамкорлик деб қабул қилинг, ҳурматли тадбиркор!

Жасур ДОСТОНОВ,

Жиззах вилоят ДСБ камерал назорат бўлими бошлиғи