Жиззахда сайёҳларни нима кўпроқ қизиқтиради?

Жиззах вилоятида сайёҳларни қизиқтирадиган тарихий-археологик манзиллар кўп.

372 маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 42 таси тарихий обида ва зиёратгоҳ, 267 таси археологик, 63 таси монументал ёдгорликдир.
"Нурота” ва "Зомин” давлат қўриқхоналари, "Зомин” халқ боғи, Айдар-Арнасой кўллар тизими, 9 ўрмон хўжалиги ва Қизилқум чўли экотуризм ишқибозлари учун қизиқарли манзиллар ҳисобланади. Вилоятда 72 минг гектар ўрмонзор бор. 200 дан зиёд экотуристик объект, 50 дан ортиқ ноёб ҳайвон ва қуш турлари, 1000 дан зиёд ўсимлик тури мавжуд.
fc98f7c2-1590-47ca-a505-c9b1cddc0098.jpg
Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Мирзачўл, Фориш, Янгиобод, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрининг этнографияси, аҳолининг ўзига хос урф-одат ва анъаналари ҳам ҳудуд сайёҳлик жозибадорлигини оширади.
Туризм инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилаётган эътибор сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқда. Вилоятдаги 14 меҳмонхона, 2 мотель, 9 уй-меҳмонхона, 20 кемпинг мажмуаси ва 2 ўтов лагерида 2016 йилда 4 минг 119 нафар хорижий ва 28 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатилган. 2017 йилда ушбу туризм иншоотлари хизматидан 5 минг 500 дан зиёд хорижий, 35 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ баҳраманд бўлди.
Бироқ бу вилоятда мавжуд туристик имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмоқда, дегани эмас. Туристик манзилларнинг бир-биридан узоқлиги, йўллар талаб даражасида эмаслиги, телефон, интернет, электр каби коммуникация тизимлари ҳамда транспорт қатнови, тарғибот-ташвиқот ишлари ва малакали мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар туризм ривожига тўсиқ бўлмоқда.
3d94b2bd-77df-4fe4-96c0-78733a38d45c.jpg
Бу камчиликларга ечим топишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 майдаги "2017-2019йилларда Жиззах вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари” дастури муҳим аҳамият касб этаётир. Ушбу дастурга мувофиқ, вилоятда туризмни ривожлантириш бўйича 48 лойиҳа амалга оширилади. Айни пайтда ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 65,3 миллиард сўмлик 22 таси амалга оширилди. Натижада ишга туширилган туристик масканларда сайёҳлар дам олиши учун 552 жой ҳамда 220 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жумладан, Зомин тумани Қўриқ қишлоғида 250 ўринли "Азим-Зомин шифо” сиҳатгоҳи, Бахмал тумани Кўкжар қишлоғида 100 ўринли сиҳатгоҳ, Жиззах шаҳри, Зомин, Дўстлик туманларида замонавий меҳмонхоналар, Фориш тумани Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоқларида 3 кемпинг ва ўтов лагерлар мажмуаси ҳамда тоғли туманлар ҳудудларида 10 дан зиёд уй меҳмонхоналар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Туризмни ривожлантириш бўйича жорий йилда умумий қиймати 85,1 миллиард cўмдан ортиқ 26 лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши билан 300 га яқин иш ўрни яратилади.
Дастурга мувофиқ, жорий йилда экотуристик манзиллардаги ва уларга олиб борувчи қарийб 180,3 километр йўлни таъмирлаш ҳамда йўлбўйи инфратузилмасининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилаш ишлари бажарилади. Йўлларни таъмирлаш давомида туристик манзиллар, зиёратгоҳ ва экотуристик объектларга рус, инглиз ва ўзбек тилларида йўл кўрсаткичлар ҳамда маълумотлар қайд этилган махсус паннолар ўрнатилади.
– Экотуристлар учун 20 ўринли уй меҳмонхонамиз ишлаб турибди, – дейди Фориш туманидаги "Sarbon Nraval” оилавий корхонаси раҳбари С.Шавқиев. – Хорижлик меҳмонлар туманимизда юртимиз табиатининг барча хилма-хиллигидан – тоғи, чўли, кўлидан завқ олиши мумкин. Давлатимизнинг туризмни ривожлантиришга қаратаётган эътибори биз қишлоқ аҳлига ҳам катта имконият яратмоқда. 
Истиқболда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган изланишлар давом этаётир. Шу мақсадда Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманларида хорижлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 220 миллиард сўмликдан зиёд туристик мажмуалар яратиш лойиҳалари устида иш олиб борилаётир. Бу лойиҳаларда замонавий мотель, ресторан, автотураргоҳ, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва экобоғ мажмуаси барпо этиш, халқаро автомагистраль бўйида "Агро-сити” туристик инфратузилмасини яратиш режалаштирилмоқда.
2017-2019 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган бу каби истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 2021 йилга келиб хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар сони 20 минг, маҳаллий сайёҳлар сони 100 мингдан ошиши кутилмоқда.
Вилоятда сайёҳликнинг экотуризм, агротуризм, этнографик туризм, овчилик-балиқчилик, спорт-соғломлаштириш туризми ва гастрономик туризм каби йуналишларини ривожлантириш узоқ қишлоқлар аҳолисини иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қишлоқ аҳолиси сайёҳларга сервис хизмати кўрсатиш орқали қўшимча даромад топиш имкониятига эга бўлади.
Тошқул Бекназаров 
dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига