Бахмалдаги фариштага айланган бокира

Бахмал туманининг Новқа қишлоғида қадим ва кўркам зиёратгоҳ бор. Латиф сувларида ўйноқлаб, сузиб юрадиган балиқлари муқаддас ва азиз...

Иш режада белгиланган "Тарихдан садо берувчи обод гўшалар!” шиори остида ёшлар акциясини ўтказиш учун партиямизнинг "Ёшлар қаноти” фаоллари билан нафақат туман, балки вилоятимизда ҳам кўпчиликка маълум ва машҳур бўлган "Новқа ота” зиёратгоҳини танладик. Белгиланган куни, келишилган жойда партиямиз фаоллари, депутатлар ва ёшлар билан учрашиб, зиёратгоҳ томон йўл олдик... Ҳудуд ҳар галгидек одамлар билан гавжум! Кимдир ният қилиб, яна кимдир дардига шифо излаб, яна кимдир "шунчаки” дам олиш учун бу ерга ташриф буюриши ҳеч кимга сир эмас... Биз ҳам белгиланган режа асосида зиёратгоҳ ҳудудини ободонлаштирдик, гул кўчатлари экдик, супур-сидир дегандек... Хуллас, акция доирасида ўзимиз тузган режадаги барча амалий ишларни тугатиб бўлдик! Шунда беиҳтиёр ўйлаб қолдим "Келдик, акция ўтказдик, ҳудудни обод қилдик! Биз зиёратгоҳ, унинг тарихи тўғрисида бирор маълумотга эгамиз-ми? Бунга биргина жавоб бор – ЙЎҚ! Бошқалар ҳам деярли шундай! Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, ҳорижий сайёҳларни юртимизга кўпроқ жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётган бир вақтда – биз ўзимиз яшаб турган ҳудуддаги зиёратгоҳлар, уларнинг тарихи ҳақида умуман маълумотларга эга бўлмасак! Менимча бундан ёмони бўлмаса керак...” Айнан шу ҳаёллар билан чор атрофдан зиёратгоҳ тарихини сўраш ва билиб олиш мумкин бўлган одам ёки бирор манбани қидира бошладим...

...Кўп изланишлар натижасида маҳаллий ёзувчилардан бири Рауф Рахимнинг "Бахмалим - боғим менинг” номли китобини топдим. Ушбу китобдан барчамиз зиёратгоҳ тарихи хақидаги қуйидаларни билиб олдик...

"Нақл қилишишича, Балх шаҳри подшосининг ҳуснда тенгсиз қизи бўлган экан. Кунларнинг бирида подшоҳ мулозимлари билан узоқ даштга овга жўнаб кетибди. Болоғат ёшидаги қиз эса сарой боғига сайрга чиқибди. Бу боғ ғоят хушманзара бўлиб, унда турли сайроқи қушлар, мевали дарахтлар, анвойи гуллар ва суви тиниқ ҳовуз бор экан. Малика барча гўзалликлардан завқланиб юрган вақтда беҳосдан ҳовуздаги сув юзасида қордек оппоқ ва гўёки кулиб тургандек бўлиб кўринган кўпиксимон заррачаларча кўзи тушибди. Ҳолатни янада яхшироқ кўриш учун қизиқиб ҳовуз бўйига боради ва сувга қўлини теккизиб, нам бўлган бармоғини ялаб кўради. Орадан икки-уч ой ўтгач қизнинг ҳомиладор эканлигини хизматкорлар сезиб қолиб, бундан жуда ҳайратга тушадилар. Улар бу хабар подшоҳнинг қулоғига етиб боришидан қўрқиб, маликани отасининг кўзидан пана жойда сақлай бошлашади. Олти-етти ой ўтгач ҳомила анчайин сезилиб қолади. Бундан хабар топган шоҳ ғазабланиб, нобакор қизни осиб ўлдиришни буюради. Оқил вазир маликанингҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шодшоҳга бошқа бир тадбир қўллашни илтимосқилади. Шунда шоҳ "-Қизим юзимни ерга қаратди. Унга нисбатан бундан бошқа чора қўллашга мен ожизман. Сенинг бирор таклифинг бўлса айт!” – дейди.

"-Хазрати олийлари! Фармонингизни ижро этсак наслингизнинг ягона давомчисидан ажраласиз ва бу қайғуни кўтара олмайсиз, яхшиси унга тегишли меросини берингда юртдан чиқариб юборинг!” – дейди вазир.

Бу фикр подшоҳга маъқул тушиб, вазир айган чорани қўллайди. Қиз бир Нор туя миниб, отасидан теккан меросни олиб, йиғлай-йиғлай кунчиқар томонга йўл олади. Уч ойлар чамаси юргач, бир кун тўлғоқ дарди тутибди. Туясини тўхтатиб, "...Ўзим билан ўзим бўлиб қолсам, туям эгасиз сарсон бўлади!” - дея қайғуриб Оллоҳга илтижо қилибди: -Эй парвардигор! Сенинг тақдирий азалинг билан шу қисматга дучор бўлдим. Кўзим ёрийдиган пайтда бехавотирқил, мўжизанг билан туямни тупроққа айлантиргин!” Маломатга қолган бокиранинг илтижосини Оллоҳ қабул қилибди ва туяни тупроққа айлантириб қўйибди. Ўшандан буён туя мисол баландликни "Норчўкди” деб атай бошладилар. Маликанинг кўзи ёригач ўзини поклаб олиши, гўдакни ювинтириш учун чор атрофдан сув излабди. Яқин орадан сув топа олмай орқага қайтган аёл боласи ётган жойдан сув чиқаётганлигини қўриб қолибди...”

Баъзиларнинг айтишишича, аёл кўзи ёриётганда беҳосдан тирнаган жойидан сув чиққан, бошқа бир гапга қараганда эса, гўдак йиғлаб тирнаган жойидан сув чиққан эмиш...

...Эндигина кўзи ёриган аёл беш бармоқ жойидан сизиб чиқаётган сувга гўдакни ювинитради, ўз ҳам покланади. Пайғамбар Иброхим алайхиссалом Хожар онамизни чўлу биёбонда қолдириб кетганда Исмоил алайхиссаломоёқлари тагидан оби зам-зам отилиб чиққанидек, бу ерда ҳам мисли шу ҳолат такрорланади...

...Тирналган жойлар катталашиб бир ариқ сувга айланади. Шундан сўнг кўкдан "Болангни олиб булоқ тепасига чиқ!” - деган нидо келади. Аёл бу кароматга бўйсуниб, тепага чиқади. Шу пайт "Гўдакни сувга ташла!” - деган буйруқ келди. Бу буйруққа итоат этган аёл боласини сувга ташлайди. Чақалоқ сувга тушган пайт Худонинг каромати билан балиққа айланиб сузиб кетади. Оллоҳнинг фармони билан ерга тушган фаришталар аёлни ўзлари билан осмонга олиб кетишади...

Балиққа айланган гўдак ховуздаги оқ кўпик бўлганлиги учун сувга қўшилди. Қиз аслида гуноҳсиз-бокира эди, у эса фариштага айланди... Ушбу ривоятни тинглар эканмиз "Нимадан пайдо бўлган бўлсанг, яна ўшанга бориб қўшиласан” - деган ҳикматли сўзнинг нечоғлик ҳақиқатга яқин эканлигинин англагандек бўламиз.

Маълум бўлишича, зиёратгоҳнинг "Новқа ота” дея номланиши кўпроқ "Нақъатун” (арабча) – яъни "туя” маъноси билан боғланар экан. Илмий, адабиётларда жуда кўп бор кўп бор дуч келинган – Наукат, Науқат, Навқанд, Навқад (Навқандий) атамали ҳам айнан шу заминга тааллуқли экан. Қишлоқ ҳудудидаги "Норчўкди” деган жой номи бор. Бу жойда яқин-яқингача кичик бир тепалик бўлиб, қишлоқ одамлари бу тепаликни "ўша ривоятдаги аёл туясини чўктирган жой ва айнан туянинг қолдиғи” деб билар экан. Чунки, тепаликка узоқдан қаралса, ҳақиқатдан ҳам худди чўкиб ётган туяга ўхшаб кетар эмиш... Афсуски тўрт-беш йил бурун бу тепалик бутунлай текисланиб кетибди!

"Новқа ота” зиёратгоҳи ҳақида гап кетганда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозим бўладики, зиёратгоҳ номланишининг ушбу ҳудуддаги хонақоҳга ҳоки қўйилган зотга алоқаси йўқдай, бу ердаги қабр эгаси ҳақида ҳозирча қўлимизда маълумотлар ҳам мавжуд эмас. Балки, хонақоҳ биноси ёнгинасидан ўрин олган қабр тошидаги ёзувлар бу масалага аниқлик киритар!?...

Ортга қайтяпмиз! Бугунги кўрган ва эшитганларимиздан ХУЛОСА чиқарамиз! ..."Новқа ота” тарихий манзилгоҳи ҳудуди илмий жиҳатдан чуқур ўрганилиши лозим бўлган битмас-туганмас бир хазинадирки, унинг қатларида қадим замонлар тарихининг неча-неча замонлар элагидан ўтган асрорлари ётибди. Ўлкашунослар, археологлар, тилшунос-лингвистлар ва тарихчилар эътиборини ана шу мўжизавий масканга тортиш билан она диёримизнинг ўрганилмаган тарихидан яна бир олтин зарварағига эришилиши тайин!

Дилором Файзуллаева,

ЎзМТДП Бахмал тумани

Кенгаши етакчи мутахассиси

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига