Жиззах қўзғолонининг Зомин “волостида” давом этиши...

Тарихда ўзининг даҳшатли сабоқлари билан из қолдирган биринчи жаҳон уруши Россия империяси ва унинг мустамлака ўлкаларидаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг оғирлашишига олиб келади.

Ўлкада ғалла етиштириш камайганлиги боис очарчилик бошланади. Туркистон генерал губернаторлиги таркибидаги Жиззах уездининг Ғаллаорол, Фориш, Бахмал сингари Зомин волостида ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш камайиб кетади. Бугунги кунда Эшматовулқишлоғида истиқомат қилувчи 80 ёшли Ҳасан бобо Шодиевнинг ўша даврларда ота-онасидан эшитганлари асосида таъкидлашича Зомин атрофида истиқомат қилувчи аҳоли кучли очарчиликка юз тутади. Аксига олиб рус маъмурлари аҳолидан олинадига солиқ ва ионаларни оширади, уруш эҳтиёжлари учун қўшимча йиғимлар йиғишни кучайтиради.

Ана шундай оғир вазиятда Россия иперияси ҳукуматининг қўллаган тадбири, Туркистон аҳолисини мажбурий фронт ортига мардикорлик ишларига чақириши, олов устига ёғ қуйгандай, аҳолининг қўзғолон кўтаришига олиб келади.

Унга кўра биринчи жаҳон уруши натижасида юз берган муаммо ва қийинчиликлар оқибатида Россияси императори Николай II (1894 –1917) нинг 1916 йил 25 июндаги бош ва мудофаа вазирлари таклифи билан имзолаган "Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия туманида мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш учун олиб борилган ишларга, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалбқилиши тўғрисида”ги Фармони эълон қилинади. Ушбу Фармонга биноан Туркистон халқларидан 19 ёшдан 43 ёшгача жами 250 минг, жумладан, Самарқанд вилояти такибидаги Жиззах уездидан 10531 эркакни фронт ортига мардикорликка чақиришадиган бўлиб, бу инсонлар аҳоли сонига қараб волостларга бўлинади. Шунга асосан Жиззах уезди таркибидаги Зомин волости бўйича 731 киши фронт орқасидаги мардикорликка сафарбар этилиши мўлжалланади.

Фармонининг эълонқилиниши бутун Туркистон бўйлаб норозилик ҳаракатларининг кўтарилишига, уларнинг дастлаб халқ чиқишлари, қўзғолонга айланишига олиб келади. Аксига олиб, мардикорликка олиш бўйича ҳужжатлар билан шуғулланувчиларнинг порахўрликка йўл қўйиши, яъни бойлардан пул олиб уларнинг оиласидан ҳеч кимни ёзмай, камбағалларни ёзишлари вазиятни янада чигаллаштиради. Оқибатда маҳаллий аҳолининг норозилик чиқишлари бошланди. Айниқса Оқ подшонинг "Мардикорликка олиш” тўғрисидаги фармонига қарши Жиззах уезди ва унинг таркибидаги Зомин каби волостларида кўтарилган қўзғолон энг йирикларидан бири бўлади. Жумладан 1916 йил 13 июл куни Жиззах қўзғолони бошланади.

Жиззах уездининг Жиззах шаҳрида бўлаётган бундай воқелар Зомин волостига ҳам таъсирини ўтказмай қўймайди. Ҳасан бобонинг берган маълумотларига кўра бу вақтда ҳозирги Зомин туманининг марказида (четариқ) Пишағор, Аччи, Бешкуби,Қорамозор, Чуқуртоқ, Чортепа, Чуқурариқ, Жарариқ, Қирқ (бугунги Лайлак уя қишлоғининг шимоли ғарбида жойлашган бўлган), Ём, Култепа, Сават ва бугунги Зарбдор тумани ўрнида бугунги Сутбулоқ қишлоғи атрофидаги булоқ бўйида Оқбулоқ қишлоғи аҳолиси яшаган. Ҳозирги Иттифоқ, Эшматовул, Қорақурсоқ, ва бошқа текисликдаги қишлоқлар аҳолиси чорвачилик билан шуғулланиб, шу атрофда кўчиб юришган. Руслар асосан эса Обручево (бугунги Даштабод шаҳри) Ламакино (Зарбдор тумани маркази темирйўл ёқаси) аҳоли манзилларида истиқомат қилган.

Зоминда юзага келган миллий озодлик ҳаракатига Қосимхўжа Отауллаев бошчилик қилади. Ём қишлоғида бошланган қўзғолон Учқуни бутун Зомин волости қишлоқларига ҳам тарқалади. Қўзғолончилар сафи кун сайин кенгайиб боради. Таёқ, ўроқ, кетмон, катлак ва ов милтиқлари билан қуролланган қўзғолончилар Зомин валости бошқарувчиси Мулла Фозилов олдига бориб, мардикорликка олишни тўхтатишни ва мардикорликка ёзилган кишилар рўйхатини беришни талаб қиладилар. У халойиқни тинчлантирмоқчи бўлиб, " Мардикорликка олиш бекор қилинади рўйхат тузилмаган” - дейди. Шу билан бирга агар тезроқ тарқалиб кетмасаларинг, Жиззахдан аскар чақириб сенларни қирғин қиламан, деб дўқ пўписа қилади. Волост бошқарувчисининг дўқ – пўписасидан халқ қаҳр-ғазабга тўлади. Маҳкама соқчилари томонидан отилган ўқ бир неча қўзғолончиларни сафдан чиқаришига қарамай ғалаёнчилар сафи кенгайиб боради. 12-13 июль кунлари деҳқонлар мустамлака маъмурлари: волост бошқарувчиси, мингбоши ва элликбошиларга қарши шиддатли жанг бошлайди. Қирқ қишлоғидан Карим Орзиқулов бошлиқ оломон элликбошилардан Норча ва Қўлбекларни тошбўронқилиб ўлдиришади. Қўрғолончиларнинг Турдибек Худайназаров бошлиқ 500 кишилик яна бир гуруҳи Чуқуртоқ қишлоғи оқсоқоли Маҳкамбойни ўлдиради. Зомин пристави Соболев қуролли соқчилари ва таржимони билан Ём волостига келиб, қўзғолон ташабускорларидан етти кишини, шу жумладан Карим Орзуқулов билан Турдибек Худайназаровларни ҳибсга олади. Бироқ улар ёлда кетишаётганда 800 кишилик қўзғолончиларга дуч келади. Улар қўзғолон раҳбарлари Карим Орзуқулов ва Турдибек Худайназаровларни озод этадилар. Қозғолончилар ҳозирги Даштобод шаҳарчаси ҳудудидаги Обручево, Зарбдор тумани таркибидаги Ломакино темирйўл бекатларидаги кўприкларни бузиб ташлайди. Ём волостида бошланган қўзғолондан хабар топган Самарқанд вилоят ҳарбий губернатори бу ерга подполковник Водопянов командирлигидаги казак жазо отрядини юборади. Жазо отряди қўзғолонни аёвсиз бостириш, уларнинг уй-жойларини ёндиришқаршилик кўрсатганларни аёвсиз қириб ташлаш билан шуғулланади. Ҳасан бобо ота-онасидан эшитганларини шундай ҳикоя қилиб беради - "Ота-онамнинг айтишича қозғолонни бостириш учун Зоминга жўнатилган русларнинг отрядига 40 кун тирик жонни, у ким бўлишиданқатъий назар (аёллар, болалар) ҳаммани отишга ҳукм қилган. Улар дастлаб Обручево (Даштобод шаҳри)га етиб келишади.Қўзғолончиларнинг бир гуруҳи вазиятни аниқлаш учун 4 кишини темирйўл станцияси томонга жўнатади. Уларнинг иккитаси хийлага учади, яъни темирйўл устига қўйилган ялтироқ сирли идишни олишга борганида пистирмада турганлар томонидан отиб ташланади. Қолганиқутулиб қолиб қўзғолончиларни огоҳлантиради. Ана шундай оғир шароитда жуда кўплаб аҳоли тоққа, қалин арчалар орасига, тоғ-у тошлар орасидаги жарликларга қочиб бориб яширинган. Жазо отряди келгунчаўша томонга қочишга улгурмаганлар рус қўшинлари томонидан битта қолдирмай қириб ташланган экан”.

Ҳақиқатданҳам Зоминга етиб келган жазо отряди у ёқ-буёқни суриштирмай қўзғолон кўтарган Қудуқча, Ём, Чортепа, Чуқурариқ, Жарариқ ва бошқа қишлоқларгаўт қўйиб, юзлаб кишиларни зудлик билан ҳибсга олиб, қўзғолонни бостиришга киришади.

Бу вақтда Жиззах шаҳрида қўзғолонни аёвсиз боштириш давом этиб, жуда кўп аҳоли шаҳардан ҳар томонга қочишга мажбур бўлади. Жумладан Назирхўжа эшоннинг тарафдори, издошларидан бўлган Сувонқулхўжа эшон бошчилигидаги бир гуруҳ ғалаёнчилар Бешкубиқишлоғига жуда катта қийинчилик ва машаққат билан етиб келади. Чунончи, улар хотин-халаж, ёш болалар, от ва эшакларда, арава ва пиёда йўлга тушган эди. Маҳаллий аҳолининг ёрдами туфайли 25-30 хўжалик, жами 80 га яқин киши қишлоқдан макон топиб, яшай бошлайди. Бироқ қўзғолончилардан қасос олаётган Россия империяси аскарлари Бешкубига ҳам етиб келади. Аскарларнинг келишини эшитган Сувонқулхўжа эшон билан бирга келган ва уларга қўшилган қишлоқлик эркаклар ҳам тоққа яширинади. Шунга қарамайқишлоқ уйларида асосан болалар, аёллар ва кексалардан қолиб кетади. Солдатлар ғалаёнчиларнинг барчасини ушлай олмагач, аламларини шу ерда қолган аҳолидан олади. Улар уйларга ўт қўяди, уй ичида қолган хотин-халаж ва ёш болалар олов ичида қолиб ёниб кетади. Тахминий ҳисобларга қараганда оловда саксонга яқин кишининг ҳаёти ҳазон бўлади. Ундан қочиб чиқишга ҳаракат қилган барча кишилар солдатлар томонидан отиб ташланади. Шу тариқа Бешкуби қишлоғи Жиззах қўзғолони қатнашчиларининг бир гуруҳини ўз бағрига олиб, уларнинг фожиали тақдирига гувоҳ бўлади. Бу қўзғолон бошчиси Сувонқулхўжа эшон 1934-йилда вафот этади ва унинг васиятига кўра Бешкуби қабристонига қўйилади. Шундан сўнг шу қабристон атрофи Жиззах қўзғолончиларини хотирасини эсга олувчи масканга айланади. 1991-йил мамлакат мустақиллиги қўлга киритилгач бу жой обод этилиб, кичик мақбара қурилади.

Хуллас Зомин волостидагиқўзғолон ҳам империя аскарлари томонидан ваҳшиёна бостирилади. Қуролсиз Зомин халқидан аёвсиз ўч олинади. Биргина Ём қишлоғида 111 киши ўлдирилади ва 70 га яқин киши оғир ярадор қилинади. Умуман, 1916 йилда кўтарилган қўзғолон шунчаки мардикорликка олишга ёки очарчиликка қарши кўтарилган тор доирадаги қозғолон бўлибгина қолмай, Ўрта Осиёнинг турли бурчакларида Россия империяси сиёсати ва босқинчиларга қаршиқаратилган ҳаракатнинг йирик алангаси, қолавера Туркистон ўлкаси ҳарбий прокурори, округ ҳарбий дала судинингҳукмида баён қилинган айбномада тан олиб айтилганидай маҳаллий аҳолининг Жиззах уездини унинг таркибидаги Зомин сингари валостлар билан ажратиб олиш, мустақил мусулмон давлатини тузиш ва келгиндиларни она ватан тупроғидан ҳайдаб чиқариш мақсадининг нишонаси эди.

Жуманиёз Сангиров

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 13 06 2018 йил
0
55

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига