Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқ манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш мақсадида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 24 июль куни муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёев томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди десак муболаға қилмаган бўламиз. Фармон билан суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган:

- Вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

- Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди. Бунга эса асосий сабаб вилоят судларида судьялар сонининг камлиги ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига олиб берилишидир.

- Табиийки бундай ҳолат фуқаролар ва инвесторлар учун жуда катта ноқулайлик ва қийинчилик туғдиради. Бу ислоҳотлар эса ўз – ўзидан фуқароларнинг сарсонгарчилигига, инвесторларнинг эса ортиқча вақти ва харажатларининг сарфланишини олдини олади.

- Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикамизда самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш.

Бундан ташқари, одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор янги ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда.

Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатилади. Прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиниши мумкин.

Прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилган. Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади. Хусусан, суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади.

Инвесторларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, юртимизда кенг ишбилармонлик муҳити яратилишини кафолатлаш мақсадида Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби ташкил қилинмоқда.

Суд тизими шаффофлигини тўла таъминлаш, судларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида судьялар ва суд аппарати ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ давлат бюджетига ўтказилиши ва уларнинг иш ҳақи оширилиши белгиланди.

Бу эса судья ва суд аппарати ходимлари учун юксак шараф билан бирга жуда катта маъсулият ҳам юклайди.

Хулоса ўрнида айтганда, судларнинг бугунги асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантиришдан иборатдир. 

 

Д.Соатов  - Фориш туман иқтисодий суди раиси,

Ш.Қодиров - Жиззах вилоят иқтисодий суди бўлим бошлиғи