Россия вакцинасидан фойдаланишни истаётган давлатлар 20дан ошди. Уларнинг орасида қўшниларимиз ҳам бор. Ўзбекистон-чи?

Россия вакцинасидан фойдаланишни истаётган давлатлар 20дан ошди. Уларнинг орасида қўшниларимиз ҳам бор. Ўзбекистон-чи?

Хабарингиз бор, 11 август куни РФда ковидга қарши дунёдаги биринчи вакцина рўйхатга олинган эди.

Охирги маълумотларга кўра, ҳозиргача дунёдаги йигирмадан ортиқ давлат миллиард доза рус вакцинасини сотиб олиш учун мурожаат йўллаган. Айниқса, Мексика бу режасини иложи борича тезроқ амалга оширишга интиляпти (балки АҚШ билан қўшни бўлгани учундир).

Шунингдек, ҳозиргача Саудия Арабистони, БАА ва Филиппин РФда яратилган вакцина синовининг учинчи босқичида иштирок этиши аниқ бўлиб турибди. Айни чоғда Бразилия "Спутник V"ни маҳаллийлаштириб, ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида. Аргентина, Иордания ва Исроил ҳам юқоридаги мамлакатлар сафига қўшилиш масаласини кўриб чиқяпти. Сербия ҳам сотиб олмоқчи. Булар ҳақида Россия Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко айтиб ўтган.

Яқинда уларнинг сафига Қозоғистон ҳам қўшилди. Маълум бўлишича, яқин орада ушбу давлат ҳукумати делегацияси "Спутник V" устида олиб борилаётган клиник тадқиқотлар билан танишиш ва уни олиб келиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Россияга ташриф буюриши кутиляпти.

«Яъни ўзимизда синаб кўриш учун намуналар олиб келмоқчимиз. Агар ҳаммаси жойида бўлса, фойдаланамиз», — деган Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой.

Ўзбекистон-чи дерсиз?

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматованинг айтишича, COVID-19 вакцинасининг клиник синовларининг барча босқичи якунланмагунича мамлакат уни сотиб ололмайди.

"Вакцина синовларининг барча босқичлари ўтганидан кейингина халқаро сертификатлаштириш амалга оширилади, — дейди у. — У қайси давлат ёки лаборатория бўлади, бу ҳозирча номаълум".

Штаб аъзосининг қайд этишича, коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган вакциналарни ҳар томонлама ўрганиб, Ўзбекистонда ишлатиш бўйича ишчи гуруҳ хулоса берса, вакцинани олиб келиш, ишлатиш тартиблари ва муддатлари белгиланади.
Хуллас шунақа гаплар.