Жиззахда режани ортиғи билан бажарган фермерларга автомашина калити топширилди

Қишлоқда гап тарқалди.

Бугун вилояти ҳокими келармиш, ғалла режасини ортиғи билан бажарган фермерларга автомашина калитини топширармиш, биров бунга ишонди, биров "бўлмаган гап” деди. Кечга яқин қишлоқ марказига 10 та "Каптива”, "Жентра”, "Кобальт”, "Спарк” русумли машиналари олиб келиниб, фермерлар шу ерга жам бўлишгач, ҳамма дарахтнинг учи бекорга қимирламаганлигига амин бўлди. Кўп куттирмай вилоят ҳокими ҳам келиб қолди.

 

Зафаробод туманининг Собир Раҳимов сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудида ташкил этилган мазкур тадбир аввалида вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқди ва мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида аграр тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Жумладан, фермерларга яратилаётган енгилликлар, кредит, ёнилғи ва кимёвий ўғитлар билан таъминлаш тизимининг такомиллашуви ва ниҳоят, илғорларга имтиёзли шартлар асосида автомашина ажратилиши хусусида фикр юритилди.

 

 

Тадбирда қишлоқ оқсоқоллари ҳам сўзга чиқишиб, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги эзгу амалларни тилга олдилар, юртимиз етакчисига ўз миннатдорчиликларини билдиришди. Шундан сўнг вилоят ҳокими туманнинг Йўлдош Охунбобоев, Собир Раҳимов, "Тинчлик” ва Кожа Аҳмет сув истеъмолчилари уюшмаларининг 10 нафар фермерларига автомашина калитларини топширди. Ўз навбатида фермерлар кўрсатилган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди. Бир зумда майдонни олқиш овозлари ва автомашина сигналларининг овози тутди.

- Бу йил 20 гектар майдонда ғалла етишитириб, 50 тонна ўрнига 100 тонна ғалла топширдик, - дейди "Ардашер Суҳроб” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Саодат Ҳалимова. - Фермер хўжалигига ўғлим раҳбарлик қилади. Пахтамиз ривожи ҳам яхши, худо хоҳласа, бу йил пахтадан оладиган даромадимиз ҳисобидан кичик ўғлимга вилоят марказидан уй ёки "Каптива” автомашинаси оламиз. 30 қути асаларимиз бор, 6 та от, 15 та қорамол, 40 та майда шохли мол ва 100 та паррандамиз бор. Айни вақтда ерга ишлов бериш ҳамда транспорт тракторига эгамиз. Тез орада 6 поршенли "Беларусь” ҳайдов трактори олиб келамиз. 2 гектарлик ҳавзада балиқчилик хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш режамиз ҳам бор.

- Хурсандчилигимиз ичимизга сиғмай кетаяпти, - дейди "Лозуд продукт” фермер хўжалигининг раҳбари Раҳматулла Аҳмедов. - Яхши биласиз, бу йил оғир келди, қишда қор кам бўлди, баҳорда ёққан ёмғир шира ва бошқа ҳашаротларни кўпайтирди. Шунга қарамасдан юқори ҳосил кўтаришга муваффақ бўлдик. Мана бугун дала бошига келиб, фермерларга автомашина топширишаяпти. Шундан барчамизнинг қувончимиз чексиз, эртанги кунга бўлган ишончимиз ортаяпти. Пахта режасини ҳам ортиғи билан бажаришга ваъда берамиз.

 

 - 98 тонна ўрнига 152 тонна дон топширдик, - дейди "Тоштемир ота” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов. - Бу йилги ғалла ҳисобидан кредитнинг 50 миллион сўмини қопладик. Пахтадан эса 150 миллион сўм даромад олишни кўзлаяпмиз. Шу пулнинг 54 миллион сўмини кредитнинг қолган қисмини ёпишга сарфлаймиз. Яна 50 миллион сўмни тегирмон фаолиятини йўлга қўйиш ва чорвачиликни ривожлантиришга йўналтирамиз. Шундай имкониятларни яратаётган Президентимиздан миннатдормиз. Қисқаси, юртимизда ишлаган одам ана шундай барака топаверади.

- Ўғлим ғалла режасини 200 фоизга бажариб, 90 тонна ғалла топширди, - дейди "Ўсмат тоғи” фермер хўжалигининг раҳбари Фарҳод Абдуманноповнинг отаси Абдуманнон Холмуродов. - Фарзандим бугун мукофот сифатида қабул қилиб олган "Спарк” машинасини менга совға қилди. Ана шундай бахт юртимиздаги барча оталарга насиб қилсин.

- Жорий йилда туманимиз деҳқонлари 1200 гектар ерда деҳқончилик қилиб, 27 минг 800 тонна ғалла хирмони уюшни режалаштирган, -дейди Зафаробод тумани ҳокимининг ўринбосари Нодир Ҳакимов. - Бугунгача тўплаган бошоқли донимиз миқдори 24 минг тоннадан ошди. Теримда 32 та комбайн қатнашаяпти ва ҳар куни ўртача 1300 тонна ҳосил йиғиштириб олишга эришаяпмиз. 5 июль куни туманимиз деҳқонлари режани бажаришни ният қилишган.

Юқори кўрсаткичга эришилишида фермерларнинг ўз вақтида муносиб рағбатлантирилаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда, десак адашмаймиз. Дарвоқе, бу йил вилоятимиз ғаллакорлари 291 минг 526 тонналик хирмон уйишни режалаштиришган. Ҳосил салмоғи ва иш суръати бу режанинг ортиғи билан бажарилишидан дарак бераётир.

Абулқосим Аҳмедов,

Жиззах вилояти ИИБ матбуот хизмати раҳбари.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета



Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди

Қўшилди: 02 07 2018 йил
0
190

Ўхшаш янгиликлар


Юқорига