Наманган йўлида интеллектуал транспорт тизими ўрнатилади

Наманган йўлида интеллектуал транспорт тизими ўрнатилади

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 1 сентябрь куни Ўзбекистоннинг ғарбий қисмидаги автомагистраль йўлларнинг 240 километрини реконструкция қилиш учун 274,2 миллион доллар қарз ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизматига таяниб Дарё.уз хабар берди.

Ушбу маблағлар, шунингдек, минтақавий савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтириш учун мамлакат миллий автомобиль йўллари тармоғининг муҳим участкаларида хавфсизликни оширишга сарфланади.

«Ўзбекистон денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида минтақавий ўзаро боғланишни ўз транспорт сиёсатининг марказий унсурига айлантирган. Бу лойиҳа мамлакатнинг Европа билан Жанубий-шарқий Осиё ўртасида минтақавий транспорт ва логистик хаб ўлароқ потенциалини ривожлантиришга ёрдам беради», — деб қайд этган ОТБнинг транспорт бўйича катта мутахассиси Паван Каркиг.

Лойиҳа доирасида Ғузор—Бухоро—Нукус—Бейнеу магистралининг Қорақалпоғистондаги 240 километрли участкаси икки полосали цемент-бетон йўлга айлантирилади. Қайд этилишича, мазкур йўл Ўзбекистондаги машина энг кўп юрадиган йўллардан бири ҳамда Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) икки дастури коридорининг бир қисми ҳисобланади.

Унда Қорақалпоғистоннинг қуруқ иқлими учун мос бўлган иқлим ўзгаришларига чидамлиликни таъминловчи элементлар ҳам бўлади. Бундан ташқари, аёллар учун алоҳида санитария-гигиена тугуни бўлган бешта дам олиш бекатлари ва бозор павильонлари қурилиб, уларнинг 50 фоизи тадбиркор аёлларга ажратилади.

Йўл ҳаракати самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш учун мақсадида Тошкент—Наманган йўлининг 100 километрли участкасида интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш режалаштирилган. Тизим ҳаракат ва йўл шарт-шароитини реал вақт режимида кузатиб, табло ва веб-сайтларга маълумот ва огоҳлантирувларни етказиб туради.

Аввалроқ Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун 100 миллион доллар кредит ажратиши, энергетика соҳасини ривожлантиришга эса 200 миллион доллар кредит ажратиши мумкинлиги хабар берилган эди.