Тиматининг концертини кўролмаган ҳайдовчи

Тиматининг концертини кўролмаган ҳайдовчи

Тиматининг концертини кўролмаган ҳайдовчи ёхуд аксариятимиз нега тасвирий санъат асарларига қизиқмаймиз?

Ойбек домланинг  “Навоий” романида шундай сатрлар бор:

Мирак наққош эскигина жуздонини очиб, шогирдининг айрим махсус қоғозларга солинган расмларини бир-бир тақдим эта бошлади. Навоий биринчи варақни қўлига олиб, суратдан кўзларини узоқ вақт узмади. Мирак наққошнинг таърифича, қўли олтин боланинг чизгани живир-живир гуллар, барглар, чизиқлар нозиклиги, жонлилиги бетимсол нафосат билан унинг кўзларини, руҳини сеҳрлаган эди. Навоий ором ва ҳаяжон билан чуқур нафас олди. Иккинчи расмни кўрди. Айни шу руҳ, лекин яна бойроқ, яна нафисроқ. Мана, ов тасвири. Оҳулар  гўё қоғоздан сакраб, ўйноқлаб кетаётгандек туюлди. Унда ҳар бир нуқта кўз каби жонли. Навоий ўнга яқин расмни бениҳоя завқ билан томоша қилди.

Ниҳоят, шоир кўзларида ёнган қувонч билан ёш рассомни табрик­лади.

— Бу кўҳна жаҳон, — деди у шавқ билан, — сизнингдек санъаткорни ҳануз кўрмаган эди. Қаламингизнинг ҳусни ҳар қандай таърифдан бениҳоя баланддир. Бу камолотни янада олийлаштирмоқ йўлида самимий ҳаракат қилингиз”.

Шеърият султони Ҳазрат Навоийни ҳайратлантирган ўша ёш мусаввир Камолиддин Беҳзод эди. Адабиёт ва санъат даҳоларининг илк учрашуви шундай кечганди. Навоий кейинчалик Камолиддин Беҳзод ижоди ва ҳаётида мислсиз ўрин тутди. Камолиддин Беҳзод тасвирий санъатимизнинг ўқ илдизига айланди. Беш асрки, ундан дунё санъати озиқланиб келмоқда. Аммо…

Ҳозир тасвирий санъат деган калимани эшитган ҳамюртларимиздан баъзиларининг хаёлига 15 мегапикселли камерада олинган сурат ёки Мустақиллик шоҳкўчасида қатор териб қўйилган ва харидорини интиқлик ила кутаётган расмлар келса, ажаб эмас.

Навоий ва Беҳзод яшаган суронли даврда адабиёт, тасвирий санъат (китобат санъати) бир-бирини тўлдирган ҳолда равнақ топган. Афсуски, электрон ва аудио китоблар пайдо бўлгани туфайлими, бугун биз бу ҳақиқатни унутдик. Фик­римга қўшилмасангиз, айтинг-чи, давлатимиз томонидан ижодкорлар учун ҳар томонлама кенг шарт-шароитлар ва муайян имтиёзлар яратиб берилаётган бир пайтда фуқароларимиз, мутасадди ташкилотлар  рассомларимиз фаолиятига қай даражада эътибор қаратишаяпти? Сиз-чи, сиз охирги бор қачон тасвирий санъат асарлари кўргазмасига бордингиз?..

Мен ёш санъатшунос сифатида шуни яхши биламанки, ҳар қандай рассом ўз асарлари кўргазмасини ташкил этиш учун йиллаб меҳнат қилади. Умрининг не-не олтин дамларини рангларга қориштириб мўъжиза яратади. Негаки, унинг ҳам халққа айтар сўзлари, гаплари бор. У ҳам ўзини шу халқдан қарздор фарзанд деб билади, бу қарзини самарали ижоди воситасида узгиси келади.

Бултур кузда бир ҳафталик ажойиб кўргазма ўтказилди. Унинг дастлабки уч-тўрт кунида кўплаб мухлислар ташриф буюрди, кейин эса кескин равишда камайиб кетди. Ҳолбуки, бу кўргазма маҳоратли ўзбек рассомининг миллий руҳдаги ноёб расмларини, жаҳон миқёсида тан олинган дилбар чизгиларини ўзида мужассам этган бетакрор  маънавий хазина эди. Мухлислари камайган мусаввир зўр иштиёқ билан ишлай олмаслиги тайин. Минг таассуфларки, бундай ҳолатлар бошқа кўргазмалар пайтида ҳам тез-тез кузатилади.

Тўғри, юртимизда бир қанча санъат галереялари, музейлар мавжуд. Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорларни имкон қадар қўллаб-қувватлаб келмоқда. Лекин ижод аҳли борки, қуруқ шон-шуҳрат орттиришни эмас, халқ меҳрини қозонишни истайди.

Хўш, фаолият юритаётган музей ва галереялардаги ҳақиқий аҳвол қандай?

Албатта, бизнинг қарашларимиз бирёқлама бўлиши, масаланинг асл моҳиятини очиб беролмаслиги мумкин. Президентимиз юртимизнинг ижодкор ва зиёлилари билан бўлган учрашувда эса бу борадаги муаммоларга аниқлик киритди.

Дарвоқе, Шавкат Миромонович алоҳида таъкидлаганидек, 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечади?

Бугун биз яшаётган интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрнини ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкин, деган одилона саволлар барчамизни, биринчи навбатда, халқимизнинг энг илғор вакиллари бўлган ижод аҳлини ўйлантириши керак эмасми? Шундай экан, ташкиллаштирилаётган кўргазмалар оммавий ахборот воситалари эътиборидан бир оз четда қолаётгани ёхуд уларда кенг ёритилмаётгани санъатимизни саноатга айлантираётган ташкилотларнинг хатолари оқибати эмасмикин?

…Таксида кетаётган эдим. Кутилмаганда ҳайдовчи билан ёнидаги йўловчининг ўзаро суҳбати диққатимни тортди. Ҳайдовчи Тиматининг концерти баннерига ишора қилиб сўради:

— Билетининг баҳоси қанча экан?

— Икки юз минг сўм, — деди йўловчи ҳозиржавоблик ила. — Мен иккита олдим.

— Эҳ, агар юз минг сўм бўлганида мен ҳам концертга кирардим. 

Ҳайдовчи шундай дея чуқур хўрсинди-да, тезликни оширди. Мен эса машина ойнасидан ташқарига боқиб, буюк мусаввир — она табиат кун адоғида осмон уфқига чизаётган ғаройиб манзараларни томоша қила бошладим…

Мадина НОРЧАЕВА