Ўзбекистон ва АҚШ: қишлоқ хўжалиги ривожи йўлидаги самарали ҳамкорлик

Ўзбекистон ва АҚШ: қишлоқ хўжалиги ривожи йўлидаги самарали ҳамкорлик

Бундан икки ой аввал АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва унга боғлиқ тармоқларда хусусий секторнинг ўсишига кўмак берувчи янги лойиҳаси ҳақида хабар берган эди. Агробизнес ривожига хизмат қилувчи мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 18,9 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, у мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича USAID кўп йиллик ҳамкорлик тарихига эга. Зеро, ташкилот сўнгги ўн йил ичида боғдорчиликнинг такомиллашувига муносиб ҳисса қўшди. Совуқхона сақлаш сиғимларини, шунингдек, турли сақлаш ҳажмлари ва эҳтиёжлари учун бутун мамлакат бўйлаб кенг кўламли таклифлар тақдим этувчи кичик, ўрта ва йирик омборхоналарнинг муваффақиятли фаолиятини таъминлаш каби саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.

UzAnalytics сайти мухбири USAIDнинг Ўзбекистондаги офиси билан боғланиб, ташкилотнинг мамлакатимиз қишлоқ ҳўжалиги соҳаси ривожи йўлидаги лойиҳалари, ҳамкорлик тарихи ва эришилган натижалар хусусида саволлар билан мурожаат қилди.

Қуйида мазкур саволларга USAID томонидан тақдим этилган жавоблар ва қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Маълумки, USAID Ўзбекистон билан кўплаб соҳаларда, хусусан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида ҳам ҳамкорлик қилади. Ушбу ҳамкорлик ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

– Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим таянчи саналади. Мамлакатда мавжуд ишчи кучининг чорак қисмидан кўпроғи бугун ушбу секторда фаолият юритади. Шу боис ҳам соҳани ривожлантириш ва диверсификация қилиш USAIDнинг Ўзбекистондаги устувор йўналишидир. Бугун мазкур ташкилот ўзбекистонлик фермерларга ривожланган қишлоқ хўжалиги корхоналарини яратишда кўмак бермоқда. Чунки ушбу ихтисосликдаги корхоналар такомиллашган технологияларни қўллаш орқали сектор ривожига катта ҳисса қўшади.

USAID мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида бой тарихга эга. Ташкилот сўнгги 10 йил ичида мамлакатнинг боғдорчилик суб-секторини ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Маҳсулотларни совутгич хоналарда сақлаш, шунингдек, турли хил сақлаш ҳажми ва эҳтиёжлари учун таклифлар тақдим этувчи кичик, ўрта ва кенг кўламли объектларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.

Биз ушбу соҳани ривожлантиришда AҚШ ҳамда жаҳоннинг бошқа мамлакатларидан илғор тажрибаларни олиб келиб, фермерларга етказиш орқали Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан фахрланамиз!

 Ушбу ҳамкорлик неча йил аввал бошланган?

– USAIDнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги мамлакат мустақилликка эришгандан кейин кўп ўтмай бошланди. Мана, йигирма етти йилдирки, Ўзбекистон билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий савдо ҳажмини ошириш ва соғлиққа таҳдидларни бартараф этиш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Бундан ташқари, талабалар учун таълим олиш имкониятларини яхшилаш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш салоҳиятини ошириш йўналиши бўйича ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда.

Шу пайтга қадар USAID Ўзбекистоннинг ривожланишини қўллаб-қувватловчи дастурлар учун тахминан 402 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожи учун эса 2000-йилдан буён кўмак берилмоқда.

– Ҳамкорликдан асосий мақсад нима?

– USAID томонидан қишлоқ хўжалиги тармоқли фаолиятини яхшилаш учун ажратилган 14,1 миллион АҚШ доллари Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида маҳсулдорликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ушбу тармоқли фаолият аҳолини иш билан таъминлаш, мева-сабзавот ҳосилдорлигини ошириш, сифат ва экспортни ривожлантиришда қўл келмоқда.

Яқинда келаси беш йил ичида Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ва унга тегишли тармоқларда хусусий секторнинг иқтисодиётдаги улуши ўсишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилувчи янги агробизнесни ривожлантириш дастури ҳаётга татбиқ қилина бошланди. Лўнда қилиб айтганда, ўзбекистонлик маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулот таннархини оширишда, трейдерларга эса янги бозорларни топишда кўмаклашиш орқали савдони енгиллаштириш асосий мақсад қилинган.

USAID касалликка чидамли ўсимликларни етиштиришда замонавий технологияларни қўллаш орқали фермерларга қисқа вақт ичида натижага эришиш учун кўмак беради. Хусусан, деҳқон хўжаликларида мева қуритишни ташкиллаштириш, фермер хўжалигида совутгич хоналар барпо этиш учун қулай усуллар жорий этилмоқда. Буларнинг бари фермерлар ва ишлаб чиқарувчиларнинг янги иш ўринлари яратишида ва кам таъминланган оилалар даромадларини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир.

– Ҳамкорлик бўйича қандай лойиҳалар амалга оширилди? Улар қандай натижа берди?

– Ташкилот ўзбекистонликларга буғдой ва пахта етиштириш, боғдорчилик, узумчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, сифатли сертификатлаштириш, замонавий қишлоқ хўжалиги корхоналарини яратишда кўмак берди. Бундан ташқари, экспорт бозорини диверсификациялашда ҳам Ўзбекистонга яқиндан кўмак берилмоқда.

COVID-19 оқибатларини юмшатиш чора-тадбирлари туфайли USAIDнинг онлайн хизматларига талаб ошди. Рақамли платформалардан фойдаланиб, агросаноат корхоналари ва фермерларни глобал инқироз шароитида ишончли манбалар билан боғлашга ҳаракат қилинмоқда. USAIDнинг Телеграмдаги @bogdorchilik канали бугунги кунда 10 мингдан зиёд боғбонларни қамраб олган ва у кунига ўртача 7 та муаллифлик контентларини нашр этади. Бундан ташқари, фойдали мақолалар, ўқув қўлланмалари, онлайн тадбирларни обуначилар билан баҳам кўради.

Ўтган йили USAIDнинг “Келажакдаги етакчи аёллар” дастури расмий равишда ишга туширилди. Ушбу дастур тажриба тўплаш ва устоз-шогирд тамойили асосида талаба қизларнинг малакасини оширишга қаратилган. Дастур ёрдамида бўлажак ишбилармон аёллар қишлоқ хўжалигида ишчи кучидан муваффақиятли фойдаланиш учун зарур кўникмаларга эга бўлишлари мумкин.

– USAID кўмагида республиканинг қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб қилинган инвестициялар миқдори қанча? Улар қаерга ва нима мақсадда жалб қилинган?

– Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурлари янги технологиялар ва инновацион тажрибаларни жорий этиш, халқаро бозорга маҳсулот экспорт қилиш орқали қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир. Бизнинг 2020 йилдаги кўмагимиз билан хусусий секторга янги боғлар барпо этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий қилиш, логистика марказларини модернизациялаш ва совутгич хоналар тармоғини кенгайтириш учун 5,7 миллион АҚШ долларилик сармоялар киритилди. Умуман, хусусий секторга йўналтирилган жами инвестиция ҳажми 22 миллион АҚШ долларидан ошган.

Пандемиянинг иқтисодиётга салбий таъсирига қарамай, ҳамкор ташкилотлар қишлоқ хўжалиги соҳасига сармоялар киритишда давом этаётганини кўриш мумкин. Бу жуда қувонарли ҳолат эканини айтиш жоиз.

– USAIDнинг Ўзбекистонда агробизнесни ривожлантиришга қаратилган 18,9 миллион АҚШ долларилик янги лойиҳаси ҳақида маълумот берсангиз

– Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий сектори билан биргаликда эришган ютуқларимиз кўп. Шу боис ҳам, қишлоқ хўжалиги ва унга тегишли тармоқларда хусусий секторни ўсишини астойдил қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, бу иқтисодиётда муҳим иш ўринларини яратишга имкон беради.

Ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини, шу жумладан, ёшлар ва аёлларни ишга жалб қилиш, қишлоқ хўжалигида қулай муҳит яратишга қаратилган лойиҳалар давом этмоқда.

USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш бўйича фаолияти Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Фермерлар, ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар, тадбиркорлар ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилишига эришиш мумкин. Бу, табиийки, ўсиб келаётган ёш ишчи кучи қатламининг бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади.

– Ушбу лойиҳа Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг қайси сегментларига таъсир кўрсатади?

– Боғдорчилик йўналиши USAID ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан биридир. Боғдорчиликда маҳаллий хусусий сектор, айниқса, кучли мавқега эга. Боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишдаги ютуқларда USAIDнинг алоҳида ҳиссаси бор. Янги етиштирилган ва қайта ишланмаган маҳсулотлар қийматини ошириб, қишлоқ хўжалиги субъектларига инвестициялар жалб қилиш шулар жумласидандир.

USAID янгидан йўлга қўйган фаолияти орқали Ўзбекистоннинг 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини бевосита қўллаб-қувватлайди ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бу борада ёрдам беради. Шунингдек, аграр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш стратегиясини ва мамлакатни янада кенгроқ ислоҳ қилиш дастури амалга оширилиши зарурати юзага келса, вазирликнинг ўзини ташкилий қайта қуриш ва салоҳиятини оширишда яқиндан кўмак беради.

USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш фаолияти минтақадаги халқаро савдо ҳамкорларни жалб қилиш имкониятига эга бўлган барча шаҳар ва қишлоқларда амалга оширилади. Ушбу фаолият бошқа лойиҳалар билан мувофиқлаштирилиб, ривожланиш кўламини максимал даражада ошириш учун ҳамкорлик ресурсларидан кенг фойдаланилади.

– Лойиҳа якунида қандай натижалар кутилмоқда?

– Агар Ўзбекистон хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароит яратишда қўшимча қиймат ишлаб чиқаришни кўпайтирса, демак, мамлакат ўсиб бораётган ишчи кучи учун иш ўринлари яратишда муваффақият қозонади. Бу эса унинг минтақада қудратли савдо-шерик бўла олишини англатади.

USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш фаолияти Ўзбекистондаги хусусий фирмаларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Ушбу лойиҳа хусусий сектор ривожини таъминлашга ҳисса қўшиш орқали мамлакатда ўсиб бораётган ишчи кучи учун янги иш ўринлари яратишга имкон беради. Лойиҳани амалга ошириш муддати – беш йил.

– Марказий Осиё минтақаси ва халқаро агробизнес бозорига назар солинса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг заиф томонлари нималарда кўринади?

– Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамиша Ўзбекистонда йирик иш берувчи тармоқ бўлиб келган. Бироқ, иш ҳақи масаласи бошқа истиқболли тармоқлардан ортда қолмоқда. Келгусида ҳам иш ўринлари кўпайиши, даромадлар ортиши каби ютуқлар фермер хўжаликларидан бошқа йўналишларда нисбатан юқорироқ бўлиши мумкин.

USAID тасарруфидаги Aгро-логистика баҳолаш марказининг таъкидлашича, совутиш тизими Ўзбекистондаги мавжуд минтақавий консолидация ва логистика марказларининг аввалдан муҳим таркибий қисми бўлган. USAID ушбу чекловни бартараф этиш ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сифатини ошириш учун корхоналарни янги қувватли умумий совутиш асосида замонавий ускуналар билан таъминлаш юзасидан иш олиб бормоқда.

Узум, гилос, ўрик, шунингдек, халқаро экспорт бозорига йўналтирилган боғдорчилик ихтисослигидаги ички бозор ўрганилди. Тадқиқот натижалари иккита муҳим муаммони аниқлади. Биринчи муаммо шуки, манфаатдор томонлар бизнес анъаналарини ўзгартириши учун рағбат етишмайди. Чунки уларда маҳсулотнинг ҳар доим харидори борлигига катта ишонч мавжуд. Иккинчи масала – аксарият манфаатдор томонлар ресурсларни инвестициялашдан воз кечишган. Манфаатдор томонларга ишонч йўқлиги бизнеснинг келажагига салбий таъсир кўрсатади.

– Марказий Осиё минтақавий бозори ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг жаҳон бозорида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғига хос устунликлар нималарда кўринади?

– Ўзбекистон бой тупроғи, мўътадил иқлими сабаб ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган мева-сабзавотлари билан Марказий Осиёда етакчи экспортчи бўлиши мумкин. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги базаси юқори қийматли экинларни кўпайтириш орқали диверсификация қилинмоқда. Сўнгги ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, мева-сабзавот етиштириш ўсимлик маҳсулоти қийматининг 50 фоизини ва мамлакат қишлоқ хўжалиги товарлари экспорт қийматининг 35 фоизини ташкил этади. Ушбу экинлар анъанавий даромадларга қараганда кўпроқ даромад келтириши билан бирга яхши ҳақ бериладиган мавсумий иш манбаи ҳамдир. Айниқса, хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

Ўтган йилги йиғим-терим мавсумида Ўзбекистон 16 миллион тонна мева-сабзавот етиштирди. Ушбу ҳосилнинг қарийб 1,5 миллион тоннаси, яъни қиймати 1,2 миллиард AҚШ долларидан зиёдроғи халқаро бозорга экспорт қилинди. Маълумки, Ўзбекистон минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашга ёрдам берувчи мустақил, барқарор, обод ва демократик Марказий Осиёни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Кенг табиий ресурслар ва транспорт алоқаларига эга бу мамлакат минтақавий иқтисодий ўсиш ва барқарорликни таъминлаш учун потенциал макондир. Мамлакатнинг турли хил табиий ресурсларга бой стратегик-географик мавқеи ва 34 миллион кишилик улкан ички бозори сармоялар учун улкан имкониятларни намоён этади.

USAID Ўзбекистоннинг ўз тараққиёти, минтақа ва Aфғонистон тараққиёти учун трансмиллий муносабатларни ривожлантириш борасидаги истиқболли позициясидан яхши маънода фойдаланишни истайди.

– USAID лойиҳалари Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сектори ва агросаноат рақобатбардошлигини кучайтиришга қандай ёрдам беради?

– USAID Ўзбекистоннинг иқтисодиётни чуқур ўрганиш, ўсишни ривожлантириш, халқаро алоқаларни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун қулай шароит яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Ташкилотнинг иқтисодий ўсиш дастурлари, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлашдаги кўмаги сармоявий муҳитни яхшилашга ёрдам беради. Буларнинг бари Ўзбекистонни хорижий бизнес учун янада жозибадор мамлакат сифатида танитувчи омилдир.

USAID Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги интилишларини қўллаб-қувватламоқда. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, миграцияни қисқартирадиган иш ўринлари яратиш ва экспорт бозорини диверсификация қилишда кўмаклашяпти.

– USAIDнинг Ўзбекистондаги фаолияти бошқа Марказий Осиё давлатларидагига ўхшашми?

– USAID Марказий Осиёда жойлашган беш мамлакат орасидаги трансчегаравий ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Шу маънода Aфғонистон ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Марказий Осиёда минтақавий фаровонлик ва хавфсизлик учун асос бўлган беш асосий минтақавий таркибий қисмларга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, савдо-сотиқ, корхоналарни ривожлантириш, энергетика, атроф-муҳит (жумладан, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш), одам савдоси ва экстремизмга қарши кураш каби йўналишлар бўйича амалий чора-тадбирлар олиб бориляпти.

Ўзбекистонда икки томонлама фаолиятнинг кенг портфели амалга оширилади. Жорий йилда USAID иккита янги дастурни татбиқ этди. Биринчи дастур қишлоқ хўжалигида хусусий сектор сабаб содир бўладиган ўсишни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Иккинчиси эса қишлоқ хўжалигида аҳолининг заиф гуруҳлари учун сил касаллигини ташхислаш ва даволаш имкониятларини ошириш учун “End TB Uzbekistan”ни қўллаб-қувватловчи агробизнесни ривожлантириш фаолиятидир.

Қувонарлиси шундаки, бугун Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Марказий Осиёдаги қўшнилар ва Aфғонистон билан муносабатлар ўрнатиш учун “яхши қўшничилик” сиёсати амалга оширилмоқда. Президент маъмурияти иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар муаммосига инновацион ечимларни изламоқда, ушбу муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши учун Ғарбга, хусусан, AҚШга мурожаат қилди.

Бунга жавобан, USAID қонун устуворлиги, бошқарув, суд ислоҳотлари ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш борасидаги дастурларини кенгайтирди. Жумладан, сил касаллиги тарқалишининг олдини олиш ва даволашни такомиллаштириш, таълим олиш имкониятларини ошириш ва инглиз тилини ўқитишни кенгайтириш, иқтисодиётни халқаро стандартларга тўлиқ мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тезкор муносабат билдириш ва юксак сифатли ёрдам кўрсатиш имкониятимиз туфайли Ўзбекистон билан ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Айни жиҳат мамлакатнинг ижтимоий демократик сиёсати янада кучайиши ва иқтисодий жиҳатдан жадал ривожланишига хизмат қилиши аниқ.


Манба: Uzanalytics.com