Бухорода салкам 100 минг долларлик қалбаки валютани сотишга уринганлар қўлга олинди

Бухорода салкам 100 минг долларлик қалбаки валютани сотишга уринганлар қўлга олинди

Бухоро вилоятида 98 500 доллар қалбаки валютани арзон нархда сўмга алмаштиришга уринганлар қўлга олинди. Ҳолат ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида фош этилган, дея хабар берди «Дарё».

Таъкидланишича, 2020 йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар — Қодир, Собир ва Бобур (исмлар ўзгартирилган) Бухоро шаҳрида яшовчи таниши Асқарнинг хонадонига бориб, унга қалбаки долларни арзон нархда сўмга алмаштиришга уринган. Улар 88 450 долларни 908 миллион 735 минг 300 сўмга алмаштирмоқчи бўлган. Асқар эса бундан шубҳаланган ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.

Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 98 500 қийматдаги қалбаки долларни сўмга алмаштиришга уринганларни қўлга олган.

Ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 2 ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов-суриштирув жараёнлари кетмоқда.