Фориш аҳлининг муаммолари тингланди

Фориш аҳлининг муаммолари тингланди

Фуқаролар тақдирига дахлдорлик, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш, жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бугунги кунда секторлар олдидаги долзарб вазифалардан саналади. Жойлардаги муаммоларни ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотга киришиш раҳбарлар фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4- сектор раҳбари Юнусжон Насимджоновнинг шу мақсадда ташкил этган навбатдаги  сайёр қабул манзили  Фориш туманидаги Хонбанди МФЙ бўлди.  

Фориш туманидаги  4-секторга қарашли 7 та маҳалла фуқаролар йиғинида 19 639 аҳоли истиқомат қилади. 3700 та хонадон, 4346 та оиланинг муаммолари, уларни қийнаб келаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар сектор раҳбариятининг асосий эътиборида. Ҳозирда ушбу ҳудудларда аҳолига 4 та оилавий поликлиника, 3 та болалар боғчаси, 8 та мактаб ва 1 та бозор  хизмат кўрсатмоқда.

Сайёр қабулда 30 га яқин мурожаатлар тингланди. Шундан 4 таси  жойида ижобий ҳал этилди, 6 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 10 та мурожаат ижроси юзасидан масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой олиш, моддий ёрдам, ишга жойлашиш, ишга тикланиш, таълим ва тиббий хизмат, табиий газ, электр таъминоти ҳамда йўлларни таъмирлаш бўйича келиб тушди.

Шу ернинг ўзида ечим топган муаммолардан бири иш билан таъминлашдир. Хонбанди фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳноза Норбўтаева иш сўраб мурожаат қилди. У хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича ҳудудда етакчи бўлиб келаётган “Фориш чеварлари” корхонасига ишга қабул қилинди. 

Бу каби тадбирлар раҳбарларнинг халқ ичига кириши, чекка ҳудудлардаги ҳаёт билан танишиши ҳамда фуқароларнинг дарду ташвишига шерик бўлишга сабаб бўлади. Шу сабаб йил якунига қадар жойларда вилоят 4-сектори раҳбарининг сайёр қабуллари ўтказилади. 

 

Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати