Зоминда “Меҳр-саховат” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди

Зоминда “Меҳр-саховат” кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди

Бугун бутун башарият қатори бизнинг ўзбек халқи ҳам коронавирус пандемияси сабаб оғир синов ва қийинчиликларга қарши матонат билан курашмоқда.  

Ушбу айёр офатнинг мамлакатимиз ҳаётига салбий таъсирини юмшатиш, фуқаролар саломатлигини асраш, уларни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар самарасини бермоқда, албатта.

Мана шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда мард ва жасур, олижаноб халқимиз янада жипслашиб, ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби юксак инсоний фазилатлар соҳиби эканини яна бир бор амалда намоён этиб келаётир.

Мана шундай инсонларни муносиб тақдирлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони тасдиқланган эди. Фармонга кўра, мураккаб вазиятда халқ, фуқаролар тақдирига бефарқ бўлмай, ўзининг хайирли саховатлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган саховатли тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотланиши белгиланган.

Бу борада, ўтган оғир дамлар ва бугунги пандемия даврида Зомин туманида ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, саховатпеша тадбиркорлар, олийжаноб давлат хизматчилари ва бир қатор фаол фуқароларимиз томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун турли кўринишдаги ёрдамлар амалга оширилди. Муҳтарам Президентимиз томонидан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ўз фаолиятини бошлаган кунданоқ туманимиз тадбиркорлари томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Бугун Зомин тумани ҳокимли мажлислар залида мана шундай жонкуяр инсонларнинг 17 нафари “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Байрам тадбирида вилоят ҳокимининг ўринбосари Л.Ахмаджонов сўзга чиқиб, бугун шундай мураккаб ва таҳликали вазиятда ўзининг олижаноб ҳислати билан барчага ўрнак бўлаётган ушбу инсонлар тимсолида халқимиз янада жипслашиб, ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби юксак инсоний фазилатлар эгаси эканлигини яна бир бор намоён этганлигини таъкидлаб ўтди.

 

Шундан сўнг, вилоят ҳокимининг ўринбосари Л.Ахмаджонов ҳамда Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниев томонидан мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

 Зомин тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати