Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]

Иноят

Cана : 04-08-2018   /   Жиззах янгиликлари, ОАВ, Жиззах овози   /   кўрилди: 177

Аброржон дипломини олиб, кун иссиқ бўлишига қарамай Жиззахга ошиқди.

Курсдошлари "Ҳаммамизйиғилишиб, чойхонага бормоқчимиз, дипломни ювамиз!" дейишганида онаси кутаётганини айтиб йўлга чиқди. Автобусда назари билан бўш жой излади. Ўртароққа силжиб, орастагина кийинган амакининг ёнига ўтирди. Ўриндош ҳамроҳи симоби рангдаги дўппи ва яктак кийган бўлиб, ияги устидаги соқоли ҳам ўзига ярашиб турарди. Аброржоннинг саломига алик олиб, худди эски танишлардай ҳол-аҳвол сўрашиб кетди. Автобус йўлга жўнагунга қадар бўлган ярим соат ичида улар яқиндан танишиб, қизғин суҳбатга берилишди.

 

-"Йўл азоби - гўр азоби" деган гап ёнида ҳамроҳи йўқлар учун айтилган. Мана, ўша азобдан қутқариш учун Аллоҳ менга сизни йўлиқтирди. То Жиззахга боргунча у ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб кетамиз, насиб қилса, яқин ака-укадай бўлиб қоламиз,- деди ўзини мулла Турсунбой деб таништирган амаки.

Мулла Турсунбойнинг бошидан ўтган воқеалар, Ҳадис ва кўҳна китоблардан ўқиган ривоятлари Аброржонни бутунлай ўзига ром қилиб қўйганди. Унинг худди телерадио сухандонларидай ўзига хос овози, мусулмончилик, шариат аҳкомлари, кофирлик ҳа-қидаги таълимотлари, ҳар бир гапнинг исботи тариқасида пайғамбаримиз ҳаётидан Ҳадиси шариф воқеаларини келтириши дин кўчасидан етти чақирим узоқ юрган Аброржонга иссиқ автобусга ойнадан кираётган салқин шаббодадай таъсир қиларди. У Мулла аканинг сўзларини тинглар экан, шунча билим олиб ислом аҳкомларини ўрганмаганига ўкиниб қўярди. Чунки, у ҳамроҳи айтаётган бирорта мавзу юзасидан фикр билдиролмас, фақатгина унинг сўзларини бошини ликиллатиб тасдиқларди, холос. Хуллас улар то Жиззахга етгунларига қадар ҳақиқатан ака-ука бўлиб кетишди.Аброржоннинг телефон рақамини олар экан, мулла Турсунбой негадир ўзиникини бермади.

- Аброржон, биз тез орада кўришамиз, ахир қиёматли ака-ука бўлдик энди. Биродарларимиз менинг номимдан сизга келиб учрашишади,- деб у тезгина хайрлашди.

Аброржон бу ҳокисор инсон ортидан қараб қолди. У шу одамгаўхшаб ҳамма нарсани билишни жуда-жуда хоҳларди. "Нега одамларнинг ҳаммаси қўпол, ҳатто кўчаларда ҳам бир-бирларига қолипга тўғри келмайдиган сўзлар айтишади ёки оддий гапни тўғри талаффуз қилишни билишмайди. Мана бўларкан-ку гўзал сўзласа, ҳам маданиятли, ҳам ориф…". Аброржон ўз ўйларида мулла аканинг сўзларини ишлатаётганидан мамнун бўлиб қўйди.

Аброрнинг келганидан дадаси ва аяси ўзларида йўқ шод эди. Албатта, пой қадамига қўй сўймаган бўлишса ҳам дастурхонда ноз-неъматлар бисёр эди. Аяси оғзини тўлдириб овқат чайнаётган ўғлига саволлар берар, соғинч аламларини чиқариш учун унинг қош-кўзларига, имтиҳонлар бошланиб кетгач, гоҳида овқатланишга ҳам вақти бўлмай бироз озинқираган юзларига тикиларди.

-Қўй онаси, овқатланиб олсин. Энди ўғлинг доим ёнингда бўлади, бафуржа суҳбатлашаверасизлар,- деди дадаси.

Дадаси азалдан камгап, оз сўзлагани билан созгина қилиб бир марта гапиради. Сермулоҳаза, босиқ ва камтар инсон эди. Маҳаллада бирор муаммо чиқадиган бўлса, оқсоқол кўпинча ундан маслаҳат сўраб кетарди. Тўй бўлсин, аза бўлсин - унинг чизиб берган "чизиғи" билан ўтарди. Асрор ака ўғлига бўлган меҳрини ҳеч қачон очиқ-ошкор айтмаган. Лекин Аброр олий ўқув юртига ўқишга кирганида қувончини бутун маҳалла билан баҳам кўрганди - гўё ўғли эмас ўзи ўқишга ўтгандай.Ҳамма Асрор акани табриклаганди. Институтни битираётганида ҳам шундай бўлди, кўчада кўринган одамга салом-аликдан кейин Аброржоннинг ўқишни битирганини, яқинда дипломини олиб Жиззахга қайтиб келишини айтибғурурланарди. Камгап Асрор аканинг ёш боладай хурсанд бўлишини кўриб маҳалладошлари атайин уни гапга солишга ҳаракат қилишарди. Ахир, бу инсоннинг очилиб-ёзилиб сўзлашларига яна қачон гувоҳ бўлишади, Худо билади. Асрор ака Аброржоннинг энди инженер бўлиб ишлашини, насиб қилса - уйларни таъмирдан чиқарганларидан кейин, албатта, тўй қилиб, келин туширишмоқчилигини айтиб чарчамасди.

- Мана кўрасизлар 2-3 йилдан кейин кўчага набираларимни етаклаб чиқаман. Бувиси би-лан иккимиз уларни боғларга олиб борамиз…,- Асрор аканинг орзулари дунёларча эди.

Аброржон онасининг талаби билан бир ҳафта уйда "ҳордиқ" чиқарди. Уни табриклаш учун мактабдош ўртоқлари келиб кетишди.

-Қизларга ўхшаб уйда ўтиравермай кўчага чиқ, шаҳар айлан, баҳонада иш-пиш суриштирасан,- дейишди улар.

"Ҳа, ўртоқларим тўғри айтишди. "Кўк бозор"ни бир айланиб келсам ёмон бўлмасди. Бир синфдошим дўкон очганмиш бозор ёнбошидан. Баҳонада кўриб келаман", деб ўйлади Аброржон.

Бир йил ичида шаҳар бутунлай ўзгариб кетибди. Йўллар қурилибди, Аброрнинг болалиги ўтган маҳаллалар, пахса ва гуваладан қурилган уйлар, деворлар бузилиб кетибди.Ўз хаёли билан бўлиб ортидан қорама-қора келаётган тиланчини сезмади ҳам. Одам сийрак жойга келганида, кимдир ортидан келиб қўлидан ушлаб тўхтатди. Аброр ўгирилиб ёнида бир тиланчини кўрди.

- Сизга нима керак?- деди у қўлини тортиб оларкан.

- Исмингиз Аброржонми?

- Сиз мени қаёқдан танийсиз?

-Ҳозир.Тиланчи чўнтагидан энг сўнгги русумдаги қўл телефонини олиб рақамларни терди,

- Мана, гаплашинг,- деб уни Аброржонга тутқазди.

Телефондан ўзи учун қадрдон бўлиб қолган мулла акасининг ёқимли овози эшитилди.

- Аброржон иним, соғ-омонмисиз?

- Э-э мулла Турсунбой ака, бормисиз? ¤зингиз саломатмисиз? Жиззахга қачон келасиз?

- Насиб бўлса, албатта бораман.Ҳозир сизга кичкинагина хизмат бор эди.

-Хизмат бўлса, бош устига…

- Ёнингизда турган одамда бироз омонатим бор эди. Шу нарсани менга етказибкелсангиз, укажон.

-Қаерга олиб боришим керак, ака?

- Мен Нукусдаман.

- Нукус… У ёқларда нима қилиб юрибсиз?

- Ўа энди, туз-насиба тортган экан.Йўл узоқ деб оғриндингизми?

- Йўғ-э, бораман. Јачон олиб бориш кераклигини айтсангиз бас.

- Баракалло, иним, баракалло! Эртага тонг саҳар йўлга чиқинг, Фақат поездда эмас, автобус ёки таксида келишга ҳа-ракат қилинг. Менга олиб келинадиган нарсага бегоналарнинг қўли тегишини хоҳламайман. Йўл харжингизни беришади. Нукусга менинг ёнимга келаётганингиз ҳақида ҳеч кимга, ҳатто ота-онангизга ҳам айтманг ҳозирча. Кейин бафуржа тушунтирарсиз. Бу ерда учрашганимиздан кейин хизмат ҳаққингизни ҳам бераман.

- Бу нима деганингиз, мулла ака. "Биз энди оға-инимиз!" деганингиз ёлғон экан-да?! Ука аканинг хизматини қилса ҳақ оладими?-дили оғриди Аброрнинг.

- Сизда ҳам тирикчилик бор, укажон.Ҳали уйланишингиз керак, уй-жойни таъмирлаш дегандай.Ҳа майли, келаверинг қани, қолган гапни шу ерда гаплашамиз.

Тиланчи уни қаёққадир бошлаб кетди. Улар пиёда анча юришди. Тиланчи ҳар замонда тўхтаб, атрофга ўғринча олазарак назар ташлаб оларди. Пана-пастқам кўчалардан ўтиб, ниҳоят кўримсизгина дарвоза ёнида тўхташди. Бу ҳовлига супурги тегмаганига кўп вақт бўлганга ўхшайди, ҳамма ёқда хазон сочилиб ётибди. Тиланчи пастаккина эшикдан уйга кириб кетди. Аброржонга "орқамдан юр" демагани учун у уй ёнидаги қайрағоч соясида қолди. Бироз вақт ўтгач, тиланчи чиқиб қўлидаги иккита халтани Аброржонга узатди.

- Биттасида йўл харажати учун пул бор,- деди у.

Аброржон ота-онасига институтда бирга ўқиган ўртоғимникига бораман, деб йўлга чиқди. Нукусда уни бутунлай бегона одамлар кутиб олишди. Машинада бийдек чўлда яна икки соатлар юриб қандайдир қишлоққа кириб боришди.Қишлоқ чеккасига тикилган ўтов ёнида машина тўхтади. Мулла Турсунбой ўтовда экан, у аввалгидай симоби яктакда, бошида худди шундай салла - тўрда қўр тикиб ўтирарди. Аброржонни кўриб унга пешвоз чиқди. Улар оға-инидай қучоқ очиб кўришдилар. Салом-алик, ҳол-аҳвол сў-рашганларидан кейин Аброржон ўзи олиб келган омонатни унга топширди.

Мулла халтани очиб, ичидагиларни кўрпача устига тўкди. Араб, лотин алифбосида ёзилган китоблар экан. Китоблар орасида бир хат ҳам бор эди. Турсунбой ака уни олиб яктагининг ички чўнтагига солиб қўйди.

- Аброржон иним, сиз катта савоб иш қилдингиз! Энди меҳмоним бўлинг, насиб қилса индин уйингизга кузатиб қўямиз,-деди мулла мамнун бўлиб.

Улар дастурхон устида ҳам суҳбатлашиб ўтиришди. Турсунбой аканинг тақводорлиги, дунёда бўлаётган воқеалар ҳақида шарҳловчилардай сўзлаши, мусулмончилик, ислом ақи-даларини мукаммал билиши Аброржоннинг унга бўлган ҳурматини икки баробар оширди.Ҳамроҳининг сўзларини жон қулоғи билан тингларди. Мулла ака намоз ўқиш учун бошқа ўтовга чиқиб кетганида, Аброржон шундай инсонга йўлиқтиргани учун Яратганга шукроналар айтарди. Шу тариқа вақт ўтганини сезмасди, унинг уйга қайтадиган соатлари яқинлашарди. Мулла Турсунбой уни кузатиш олдидан қўлига бир даста АҚШ долларини тутқазди.

- Олмайман, десангиз хафа бўламан. Эшитдим, уйни таъмирламоқчи экансизлар тўй олдидан, бу менинг ҳиссам.Ҳали тўйга қўшадиганимни алоҳида олиб қўйганман, кўп бора бир-биримизга хизматларимиз сингади, - деди у.

"Олмасам мулла ака хафа бўлади”, деган ўй билан пулларни чўнтагига солди. "Уй таъмири, тўй ҳақидаги гаплардан бу одам қаердан хабар топди?” деб ўйлаб ҳам кўрмади.

- Йўл харажати учун берилган пуллардан анча ортди, шу ҳам етарди …, - деганида Турсунбой ака айтишга арзимайди дегандай қўл силтаб қўйди.

- Фақат яна битта кичикроқ хизмат бор. Мана бу қутини қайтишда Бухорога ташлаб ўтсангиз, у ерда сизни кутиб олишади,- деди у ўтовга кираверишда турган чоғроққина қалин қоғоздан ясалган қутини кўрсатиб.

- Бажону дил…

Дарҳақиқат, Бухорода уни кутиб туришган экан, келбати келишган норқул икки йигит қутини олиб, қўлига атлас белбоққа тугилган тугун беришди.

- Бу Бухородан сизга совға,- деди уларнинг бири.

Уйда аяси хавотир билан кутиб турган экан, Аброржонни кўриб юзлари ёришди. Кўп ўтмай маҳаллага чиққан дадаси ҳам келди. Биргалашиб бухороликлар берган тугунни ечишди. Ичидан Бухоро чеварлари тиккан зардўз чопон ва замонавий қўл телефони чиқди. Телефонни кўриб Аброрнинг кўзи ёнди. Кўпдан бери шунақасини орзу қилиб юрарди.

- Чопонни сизга бериб юборишди,- деди дадасига.

Букланган чопон қатидан ангор эчкиларининг момиқ жунидан тўқилган рўмол тушди.

- Бу эса аямга!

Оиласидагиларнингҳеч бирини мулла ака эсдан чиқармагани Аброржонни беҳад қувонтирди. Бу совғалар Турсунбой аканинг маслаҳати билан тайёрланганлигига унинг ишончи комил эди.

Ота-онасининг хурсандчилигини айтмайсизми, ахир фарзандлари улғайиб уларга илк бор совға олиб келди!

- Дада, хоҳласангиз телефонни ҳам олишингиз мумкин…,-мулозамат қилди Аброржон.

- Йўқ ўғлим, билиб турибман, буни ўзинг учун олгансан. Мен учун бу чопон ҳар нарсадан қиммат ва азиз. Шунинг ўзи етади. Бунинг ҳошияларига қара!

Асад МУСТАФОЕВ

(Давоми бор).

(Жиззах овози) газетаси

Ушбу хабар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан қўллаб-қувватланаётган "Sangzor.uz веб сайти базасида мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказувчи инновацион портал яратиш” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!