Ўзбекистон телевидениеси 64 ёшда

Ўзбекистон телевидениеси 64 ёшда

Бугун 5 ноябрь куни Ўзбекистон телевидениеси 64 ёшга тўлди.

1956 йилда худди мана шу куни Ўзбекистонда телевизион кўрсатувлар расман эфирга узатила бошланган ва Тошкент телевизион студияси ташкил қилинган.  

Бу студия ўз кўрсатувларини шу йили бунёд этилган 180 метр баландликдаги Тошкент телевизион минораси орқали эфирга узатган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, телемарказ 1958 йил кўчма телестанцияга эга бўлиб, ўз ишини Алишер Навоий номидаги Катта академик театрда 8 мартга бағишланган тантанали йиғилишни олиб кўрсатишдан бошлаган.  

Ўзбекистон телевидениесида ўтган асрнинг 70-80 йилларига келиб, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «Ойнадан ўпкалама», «ТВ-алманах», «Телевизион миниатюралар театри», «Оламда нима гап?» каби туркум кўрсатувлар оммалашиб, томошабинлар мақтовига сазовор бўлган. Ўша пайтда «Марҳабо, талантлар!», «Чашма», «Офарин» каби телевизион танловлар энг шов-шувли дастурлар ҳисобланган.

Ўзбекистон телевидениесида спорт мавзусининг ёритилиши 1960 йилларда бошланган. Ўша даврда телевидениенинг «Ёшлик» муҳарририяти таркибида «Спорт дастурлари» бўлими ташкил этилиб, бу бўлим ходимлари ҳам телевидение, ҳам радио учун спорт мавзусидаги кўрсатув, эшиттириш, хабар ва лавҳаларни тайёрлаб берган. 1980 йилда «Спорт дастурлари» бош муҳарририяти ташкил этилган.

1973 йили Ўзбекистон телевидениеси таркибида янги таҳририят – Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун мўлжалланган кўрсатувлар муҳарририяти ташкил этилиб, ижодий жамоа томонидан тайёрланган илк дастур 1973 йилнинг сентябрь ойида эфир юзини кўрган. Мазкур таҳририят 1989 йилда «Тошкент студияси»га айлантирилган.

Бугунги кунда 64 ёшни қаршилаган Ўзбекистон телевидениесида 12 та канал мавжуд. Улар, «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент», «Тошкент», «Спорт», «Маҳалла», «Маданият ва маърифат», «Болажон», «Дунё бўйлаб», «Кинотеатр», «Наво», «Оилавий», «Ўзбекистон 24» каналларидир.