Хабарларга обуна бўлинг
  • Ваш аккаунт на сайте
    Не запоминать
    [vk][/vk] [odnoklassniki][/odnoklassniki] [facebook][/facebook] [mailru][/mailru] [yandex][/yandex] [google][/google]
  1. Инновацион ахборот портали
  2. Жиззах янгиликлари
  3. БЕПАРВОЛИК – КЕЛАЖАК ЗАВОЛИДИР!

БЕПАРВОЛИК – КЕЛАЖАК ЗАВОЛИДИР!

сана : 12-09-2018   /   Жиззах янгиликлари, Муносабат   /   кўрилди: 71

Бугунги кунда Ислом дини ниқоби остида турли ёт ғояларни тарғиб этаётган диний экстремистик оқимлар учраётгани ҳеч кимга сир эмас.

Улар юртимиздаги осойишта ҳаётни, машаққатлар билан эришган ютуқларимизни кўролмайдиган кимсалардир. Булар иродаси бўш, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган, содда ва ғўр инсонларни тузоғига илинтириб, онгларига сохта ғояларни сингдириб заҳарлайди, шум ниятларини амалга ошириш мақсадида барча имкониятлардан фойдаланади.

Ўзларини «мусулмон» деб ўйлайдиган, Ислом дини ниқоби остида ғаламислик қилаётган бу экстремист динфурушларнинг қисмати-ку маълум. Лекин, нега айрим ёшларимиз ҳамон қабиҳ кимсалар ноғорасига ўйнаб, бир икки кунлик кайф-сафо деб бундай тўдаларга қўшилиб қолаяпти? Наҳотки, ҳанузгача кўзимиз очилмаган бўлса?

1999 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида уюштирилган бир қатор қўпорувчилик ҳаракатлари, кейинчалик Наманган ва Андижон вилоятларида жангари тўдалар содир этган қотилликлар, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг тоғли ҳудудларига бостириб кирган террорчи тўдалар томонидан қилинган хунрезликлар ҳали-хануз ҳаммамизнинг ёдимизда-ку.

Юртимизга, тинч осойишта ҳаётимизга раҳна солишга уринаётган террорчи тўдаларга адашиб кирибқолган ёш йигит-қизларнинг аянчли қисматини наҳотки тезда унутиб юборган бўлсак?

Баъзида ўйлаб қоласан киши. Инсонларни қўрқитиб, даҳшат солиб, юрт тинчлигини бузиб, қабиҳликлар билан шуғулланишни ният қилган бундай кимсаларни ҳам она туққан-ку? Наҳотки, фарзанд тарбиясида ота-она, оила, маҳалла-куй шунчалик бепарво бўлса? Баъзиларнинг инсоний тарбия олмасликлари оқибатида, гадой топмас жойларда, пана-паналарда гуруҳлар тузиб, ваҳшийликни режа қилган кимсалар манқуртларга айланиб қолиши мумкинлигига эътиборсиз бўлсак?!

Қанчадан қанча оналарнинг дом-дараксиз йўқолган фарзандлари йўлларига кўз тутиб, ҳаётлари зимистонга айланиб келаётганига парво қилмасак? Хўш, бунга ким айбдор?

Шубҳасиз айбни бошқадан эмас, ўзимиздан ахтаришимиз керак. Нақ бурнимиз тагида қилинаётган шубҳали ишларга лоқайд бўлганимизни, ғафлатда қолганимизни тан олишимиз лозим.

Ахир оммавий ахборот воситаларида турли диний экстремистик ва террористик гуруҳлар ўз домига ҳали тафаккури тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни жалб этаётгани ҳақида айтилмоқда, кўрсатилмоқда. Шулардан хулоса чиқариб барчамиз огоҳ бўлишимиз керак эмасми?

Ота боболаримиз доимо дуога қўл очар эканлар, биринчи навбатда юртимизга тинчлик, хонадонларимизга файзу-барака тилаб яхши ният қиладилар. Чунки бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши ҳақидаги ҳикмат бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эмасми?

Шундай экан, теварак-атрофимизга теран кўз билан боқиб, ҳамиша хушёр яшасак, кимлар билан дўстмиз-у маҳалламизга кимлар келиб кетаётганлиги билан астойдил қизиқсак, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, огоҳ бўлиб, аҳоли ўртасида тинчлик, барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликлар хусусида, уларнинг асл сабаблари ва келтириб чиқараётган аянчли оқибатларини тушунтириб борсак фойдадан ҳоли бўлмайди.

Энг зарур чоралардан бири эса огоҳлигимиздир. Ҳеч бир террористик ҳаракат тайёргарликсиз амалга ошмайди. Уни қаерда амалга оширса, ўша ердаги ҳолат ўзгаришга учрамаслиги мумкин эмас. Худди кучли зилзиладан олдин ҳайвонлар безовталангани каби, атрофимизда - маҳалла кўйда бегона шахсларнинг пайдо бўлишига эътиборсиз бўлмаслик лозим.

Фарзандларимиз, ҳатто ёши катталар фаолиятида хоҳ у, хоҳ бу тарздаги ўзгаришларга диққатни қаратиш, бунинг замирида бирон бир катта муаммо келиб чиқмасмикин деган ўйда масалани ўрганиш муҳим саналади.

Статистик маълумотларга кўра, амалга ошмай қолган террористик ҳаракатларнинг 70 фоиздан ортиғи фуқароларнинг ўзлари билиб ёки билмаган тарзда уни фош этганларига боғлиқ экан. Шу сабабдан ҳар биримиз ана шу масалага огоҳлик билан қарасак, терроризмнинг даҳшатли чангалига банди бўлмасликнинг муҳим шартларидан бири бажарилган бўлади дейиш мумкин.

Мамлакатимизда рўй бераётган ривожланиш ва тараққиёт, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг эвазига бўлаётганлигини, бу кунларга эса осонликча эришилмаганлигини унутмаслигимиз лозим. Демакки, ҳар вақт, ҳар жойда - хоҳ кўчада, хоҳ транспортда, хоҳ одамлар гавжум тўпланадиган ҳудудларда бўлсин ўта ҳушёр бўлайлик! Огоҳликни бир зум ҳам бўшаштирмайлик! Мустақил Ўзбекистонимиз учун ўз жонимизни ҳам аямай, уни кўз қорачиғидай асрайлик!

Каримов Х.

dle 10.2 скачать , Быстрый торрент трекер КиноСвин рунета

Хабар ва янгиликлардаги маълумотлар учун муаллифлар жавобгар. Сайт таҳририят муаллифлигидаги материаллардан бошқа хабарлар учун жавобгарликни зиммасига олмайди!