АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарди

АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарди

Ўзбекистон диний эркинликлар бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати» (Special Watch List) дан чиқарилгани эълон қилинди.

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео томонидан берилган баёнотда диний эркинлик бу инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани таъкидланаркан, бу борада хавотирга солаётган мамлакатлар, «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»га янги киритилганлар санаб ўтилади. Бироқ «бўлишиш учун ижобий ўзгаришлар ҳам борлиги» алоҳида қайд этилади.

«Ўтган йил давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан эришилган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Ўзбекистон Махсус кузатувлар рўйхатидан чиқарилганини эълон қилишдан мамнунман. Ўзбекистоннинг қонунлари ва амалиётдаги жасорати бошқа миллатлар учун намуна бўлмоқда», дейилади баёнотда.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг дин эркинлигини таъминлашда эришган натижалари тан олиниб, мамлакатимиз 2018 йилда алоҳида хавотирдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганди. Ўзбекистон 2006 йилдан бери ушбу «қора рўйхат»да қолиб келаётганди.

Ўзбекистонда диний эркинлик борасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз 12 йилдан сўнг ушбу рўйхатдан чиқарилиб, «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»га ўтказилганди.

Мана, икки йил ўтиб, мамлакатимиз мазкур рўйхатдан ҳам чиқарилди. Бу Ўзбекистон учун жуда катта халқаро эътирофдир.