АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинликларни таъминлаш бўйича ислоҳотларни тан олди

АҚШ Ўзбекистондаги диний эркинликларни таъминлаш бўйича ислоҳотларни тан олди

7 декабрь куни АҚШ давлат котиби М.Помпео халқаро диний эркинлик бўйича матбуот учун баёнот берди. Унда сўнгги бир йил ичида Ўзбекистоннинг эришган муҳим, аниқ ютуқлари асосида диний эркинлик бўйича «махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилганини қайд этди. АҚШ давлат котиби Тошкентнинг дадил ислоҳотлари бошқа давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Мамлакатимизнинг ушбу рўйхатдан чиқарилиши Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида диний эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлиги эътироф этилишини ҳамда АҚШнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигидан далолат беради.

Ўзбекистон АҚШ сингари, динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва диний эркинликларни таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш тарафдори бўлиб, буни узоқ муддатли ва барқарор тинчликка эришишнинг асосий кафолати деб билади.

Ўзбекистоннинг ушбу рўйхатдаги сўнгги йиллардаги динамикасига назар солсак, қуйидагиларга гувоҳ бўлиш мумкин.

2016 йилда Ўзбекистон АҚШ Давлат департаменти томонидан «алоҳида хавотирдаги мамлакатлар» қаторидан ўрин эгаллаб келган бўлса, 2018 йилда мазкур соҳадаги ўзгаришларнинг тан олиниши туфайли фақатгина «махсус кузатув рўйхати»га киритилган.

Шу нуқтаи назардан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири — бу диний соҳани либераллаштириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, шунингдек, аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитларни яратишдир.

Хусусан, ушбу йўналишдаги асосий вазифалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқ акс эттирилган. Мамлакатда диний соҳада бошланган ислоҳотлар, аввало, диний эркинлик учун шароит яратишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўзгаришлар эътиқод эркинлигига оид конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратди. Жумладан, диний ташкилотни рўйхатга олиш учун тўланадиган давлат божи миқдори беш бараварга камайтирилди ва уларнинг ҳар чоракдаги ҳисобот тақдим қилиш амалиёти бекор қилинди.

Диний ташкилотлар фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Хусусан, ижро ҳокимияти органи — Адлия вазирлигининг диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича қарор чиқариш ваколати судларга ўтказилди.

Жамиятда тотувликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2018 йилда Ўзбекистондаги мавжуд диний-ижтимоий жараёнларни муҳокама қилиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш учун Дин ишлари бўйича қўмита ҳузурида Конфессия ишлари бўйича кенгашнинг янги таркиби тасдиқланди. Кенгаш таркиби 9 тадан 17 та аъзога — Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча диний конфессиялар вакиллари ҳисобига кенгайди.

Жамиятда экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши курашиш йўналиши тубдан қайта кўриб чиқилди. Жумладан, жазолаш чоралари ўрнига маънавий-маърифий ва бундай ғоялар тарқалишининг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш бўйича тизимли ёндашув жорий қилинди.

Мамлакатимизда экстремистик гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаро махсус ҳисобдан чиқарилди ва бундай рўйхатларни юритиш амалиётидан бутунлай воз кечилди. 2019 йил давомида экстремизм учун ҳукм қилинган 472 нафар шахс авф этилди. Ушбу ҳаракатлар мамлакатда ва хорижда жуда ижобий баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаатини қўллаб-қувватлади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг резолюцияга мувофиқ, ўз фуқароларини уруш зоналаридан ватанига қайтариш тўғрисидаги мажбуриятларни қабул қилди.

2019 йил давомида «Меҳр» гуманитар операцияси доирасида 220 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари (асосан болалар ва аёллар) Сурия ва Ироқ ҳудудларидан олиб келинди.

2020 йил 7 декабрда Президент Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига йўллаган табригида фуқаролар ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлишини таъкидлагани диққатга сазовордир.

Ушбу сўзларнинг амалий натижаси сифатида эртаси куниёқ учинчи «Меҳр» гуманитар операцияси доирасида 98 нафар Ўзбекистон фуқароси — 25 аёл ва 73 бола Суриядан қайтарилди.

Умуман олганда, ушбу тоифадаги шахслар билан уларнинг реабилитацияси ва жамиятга ижтимоий мослашуви бўйича манзилли иш олиб борилмоқда

Шу билан бирга, ҳукумат диний эркинликларни таъминлаш соҳасида халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

2017 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизга ташриф буюрди. Унинг тавсиялари асосида 2018 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Жаҳон ҳамжамияти мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳоламоқда ва Ўзбекистон тажрибасини катта қизиқиш билан ўрганмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка қаратилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. 2018 йил декабрь ойида эса БМТга аъзо барча давлатлар ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ҳамда ушбу ҳужжатни қабул қилди.

2020 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон миллий давлатчилиги тарихида илк бор мамлакатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланди. Овоз бериш натижаларига кўра, БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси Ўзбекистон номзодини ёқлади.

Юқорида айтилганларни сарҳисоб қилар эканмиз, ҳеч муболағасиз, бу далиллар халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, диний эркинликларни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг тан олинишидан далолат беради.

Темур АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари