Жиззахда ўнинчи ДХМ фойдаланишга топширилди

Жиззахда ўнинчи ДХМ фойдаланишга топширилди

Зафаробод туманида замонавий давлат хизматлари маркази биноси фойдаланишга топширилди.

Зафаробод туман давлат хизматлари марказида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд. Мазкур бинода Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, туман ФҲДЁ бўлими, адлия, нотариус, кутиш зали, болалар майдончаси, кутубхона, E-auksion хонаси мавжуд.
- Ушбу давлат хизматлари маркази биноcи туман марказида, замонавий архитектура ва меъморий дизайнга асосланган ҳолда, “OSIYO SHK” хусусий корхонаси бунёдкорлари томонидан қурилди, - дейди ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаков. – Зафаробод туман ДХМ биноси Давлат хизматлари агентлиги, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобига қурилиб фойдаланишга топширилди. Марказга кираверишда ташриф буюрувчиларни рецепшнда ходимларимиз кутиб оладилар ва тегишли тартибда электрон навбат асосида хизмат ойнасига йўналтирадилар. Шунингдек, фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ҳам бериш айнан шу ердан бошланади. Мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар намойиш этилади.
Маълумот ўрнида: Айни вақтда Зафаробод туманида 51 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Туман иқтисодиёти мева-сабзавот, чорвачилик, боғдорчилик, озиқ-овқат, цемент, оҳактош каби қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Туман Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2020 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 9415 та хизмат кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсаткичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.
Тантанали очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Фото: Ботир Қудратов
ДХА Жиззах вилояти бошқармаси Ахборот хизмати