Боланинг нутқи равон бўлсин

Боланинг нутқи равон бўлсин

Нутқ - инсоннинг безаги. Шахс сифатида камол топган ҳар бир инсоннинг фазилатларидан бири унинг нотиқлигидир. Шу сабаб фарзандларимизнинг нутқига унинг соғлиги ва билим олишидан кўра камроқ эътибор қаратиш керак эмас.  

Ўқувчилар нутқини ўстириш учун ўқитувчи ўқувчилар тилининг талаффузи, луғати, синтактик қурилиш ва боғланишли нутқини актив эгаллашларида ёрдам берадиган метод ва усуллардан фойдаланиш керак бўлади. Она тили таълимининг мақсади ўқувчиларда тафаккур қилиш тилнинг ифода воситаларини мақсадга мувофиқ тарзда, айни шу тилнинг меъёрларига риоя қилган ҳолда қўллашга ўргатишдан иборат. Бошланғич синфларда ўқувчилар барча дарслар давомида назарий ва амалий билимларни олиш билан бирга жумлаларни тўғри тузиш, ўзаро муомала қоидалари, фикрни баён этиш, қайта ижодий ҳикоялаш, шеър ёдлаш орқали оғзаки нутқ кўникмалари ҳам ривожлантириб борилади.

Она тили дарслари болалар луғатини бойитишга самарали ёрдам беради, нутқни тузишга ўргатади. Ўқиш дарси ва у билан боғлиқ холда олиб бориладиган экскурсия ўқувчиларга табиат ҳодисалари, кишилар ҳаёти ва меҳнати ҳақида билим беради. Бу дарсда ўқувчи нутқига, уни шакллантириш ва ўстиришга кенг имконият яратади. Бошланғич синфдаги бошқа дарсларда ҳам ўқувчилар нутқи хилма-хил сўзлар билан бойитилади. Математика дарсларида болалар янги тасаввур ва тушунчалар, жуда кўп сўз ва терминлар билан ўз нутқларини бойитадилар, мантиқий фикрлайдилар. Ўқувчилар табиатшунослик дарсларида ва экскурсия вақтида кўрган предметларини ўқитувчи ёрдамида гурухлайдилар, таққослаб ўҳшаш ва фарқли томонларини топиб айтадилар.

Энг аввало шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, ўқувчиларнинг нутқини ўстиришда дидактик ўйинларнинг ташкил этилиши ўринлидир. Чунки ўйинли дарс ўқувчилар учун қизиқарли ва севимлидир. Шу ўйинлар туфайли ўқувчи энг аввало мактабга, дарсга қатнашга қизиқувчан бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир дарсда жавоб беришга ҳаракат қиладиган, пухта фикрлаб сўнгра сўзлайдиган, ўқитувчи томонидан етказиладиган ҳар бир фикрга ўта эътиборли ва ўзгарувчан бўлиб боради.Ҳар томонлама баркамол, эркин фикрлайдиган шахсларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган мавжуд шароитда ўқувчилар нутқини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Нутқни ривожлантириш шахсни шакллантиришнинг зарурий шартига айланади. Шундай экан, бошланғич таълимда нутқ ўстириш муаммоси доимо диққат марказида бўлади.


Нодира СУЛАЙМОНОВА,

Жиззах шаҳридаги 27-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.