Фазогир Ернинг энг қайноқ жойини кўрсатди (фото)

Фазогир Ернинг энг қайноқ жойини кўрсатди (фото)

Россиялик синовчи-космонавт Сергей Кудь-Сверчков «Instagram»даги саҳифасида ҳам фаол, хусусан, фазода олинган фотосуратларни тез-тез намойиш этиб туради.

У жойлаган охирги суратларда Ернинг энг қайноқ ҳудуди аксини топган: Дашти Лут — Эрон марказидаги қумли шўрхок чўл.

Дашти Лут — Эрон харитасида.

«Ердаги энг қайноқ жойга хуш келибсиз», дейилади суратга ёзилган изоҳда.

Дашти Лутнинг умумий майдони — 51,8 минг кв. км.

«Саҳронинг 500 квадрат километрлик қисмини маҳаллий аҳоли «Буғдой куйди» деб ҳам атайди. Айтишларича, чўлдаги қайноқ тош устида қолдирилган нон кўп ўтмай куйиндига айланади», — ёзади космонавт.

Сергей Кудь-Сверчков таъкидлашича, Дашти Лутда барқарор жазирама ҳаво ҳукмрон. 2005 йили Ердаги энг иссиқ ҳарорат шу ерда қайд этилганди — +70,7 °C.

Чўлнинг яна ўзига хос жиҳатлари қоялари-ю, жарликлари, баланд-баланд қум тепаликлари, сувсизликдан юзага келган тақир кенгликлари — уларни Халқаро космик станциядан ҳам кузатса бўлади.