Отабек Сатторий 6 йил-у 6 ой муддатга «кесилди»

Отабек Сатторий 6 йил-у 6 ой муддатга «кесилди»

2021 йил 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида Отабек Сатторий (1980 йилда Термиз шаҳрида туғилган, блогерлик фаолияти билан шуғулланади, муқаддам судланмаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси Т. Абдираимов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, О. Сатторий айбловнинг жабрланувчи Н. Нарбаевани ҳақорат қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан ҳамда Т. Кўчаров, А. Худойқулов ва З. Хурсановга нисбатан такроран товламачилик қилганлиги бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «а»бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқланди.

О. Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона «Vivo-X50» русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л. Тўраевга, 1 дона «Redmi 5+» русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона «Zotac» русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О. Сатторийга қайтарилиши белгиланди.

Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Ҳ. Бобоқулов томонидан 2020 йил 2 июль куни KSH 032769 SV сонли реестр билан тасдиқланган «Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари Т. Шапулатов билан О. Сатторий ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, «Маърифат» маҳалласи, Истиқлол кўчаси, 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартирани О. Сатторийга сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

«Termiz Eko Ekspress loyiha» МЧЖ раҳбари Т. Шапулатовдан судланувчи О. Сатторий фойдасига жами 234 835 000 сўм ундирилиши белгиланди.

Ушбу жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан тарафларга жиноят оқибатида етказилган маънавий зарарни ундириш масаласида тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги ҳамда судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилишнинг қонунда белгиланган тартиби ва муддати тушунтирилди.