ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Сардобадаги воқеа жабрланувчиларига кўмак бермоқда

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Сардобадаги воқеа жабрланувчиларига кўмак бермоқда

Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудида содир бўлган фожеа минглаб инсонларнинг бошпанасиз қолишига сабаб бўлди. 2020 йилнинг 1 май куни тонгги соат 05:55да “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудига эвакуация қилинган. Эвакуация қилинган инсонларга зарурий шарт-шароитлар яратилди. Улар иссиқ овқат, дори-дармон ва дам олишлари учун жой билан таъминланди.

239 нафар Оқолтин тумани фуқаролари Жиззах олимпия заҳиралари мактаб интернати ётоқхонасига жойлаштирилди.

Эвакуация жараёнида аксарият фуқаролар зарур ҳужжатларни олишни унутишган.

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси ташаббуси билан ҳужжатлари йўқолган фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда. Мактаб-интернат ётоғида жойлашганларнинг 32 нафарида туғилганлик туғилганлик, никоҳ қайд этилганлик гувоҳномалари, фуқаролик паспорти, кадастр ҳужжатлари йўқолган. 

Эндиликда Давлат хизматлари марказлари томонидан экстерриториаллик тамойили асосида мазкур ҳужжатлар қайта расмийлаштириб берилади.

Ҳозирда сирдарёликларга ёрдам бераётган кўнгилли гуруҳлар кўпаймоқда. Сирдарё вилоятида рўй берган фалокат халқимизнинг  бирдамлигини, унинг саховати, раҳм-шавқати, ёрдамга доимо тайёрлигини яққол намоён этди. Ҳодисадан талофат кўрганлар учун Жиззах шаҳар Давлат хизматлари марказида инсонпарварлик ёрдами тўпланмоқда.  Ушбу буюмлар 3 май куни вилоятнинг Дўстлик туманига жойлаштирилган 4070 нафар сирдарёликларга юборилади.

Бугун Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳрига жами 10629 нафар Сирдарё вилояти фуқаролари эвакуация қилиниб, уларнинг 8651 нафари хонадонларга, 1978 нафари турли муассасаларга жойлаштирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, бугунннинг ўзида 1608 нафар фуқароларнинг паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари мавжудлиги юзасидан мониторинг ўтказилди. Шундан 292 фуқаронинг 94 нафарида паспорт, 134 нафарида туғилганлик, 64 нафарида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Бу дастлабки ўрганиш натижалари бўлиб, мониторинг ишлари давом этмоқда.



ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати