Ҳамон жумбоқларга макон Бермуд учбурчаги

Ҳамон жумбоқларга макон Бермуд учбурчаги

Бермуд учбурчаги – Ер сайёрасининг синоатли нуқталаридан бири. Атлантика океани, Саргассо денгизида жойлашган бу ҳудуд Флорида, Бермуд, Пуэрто-Рико ороллари билан ўралган учбурчакда жойлашгани учун шундай ном олган.

Унинг синоати шундаки – бу ҳудуддан учиб ёки сузиб ўтаётган сув ва ҳаво кемалари сирли равишда ҳалокатга юз тутади. Бу ҳалокатларни турли табиат ҳодисаларидан тортиб, ўзга сайёраликларгача боғлашади, дейди "KUN.uz".

Иблис денгизи

Бермуд учбурчагида сув ва ҳаво кемаларининг «сирли равишда ғойиб бўлиши» ҳақидаги қарашни илк бор Associated Press мухбири Эдвард Ван Винкл Жонс 1950 йилда илгари суради ва бу ҳудудни «иблис денгизи» деб атайди.

«Бермуд учбурчаги» иборасини эса ёзувчи Винцент Гаддис 1964 йилда қўллайди – «Агроси» журналида «Ҳалокатли Бермуд учбурчаги» сарлавҳали мақола чоп этиб, унда АҚШ авиация флотига тегишли 19-звено ҳарбий самолётлари шу ҳудудда изсиз йўқолгани ҳикоя қилинади.

Шу билан 60-70 йилларда Бермуд учбурчаги атрофида турли асосли-асоссиз гаплар кўпайиб кетади.

Ваҳималар сабаби

Бермуд учбурчаги паранормал синоатга эгалиги ҳақидаги назарияга ишонувчиларнинг таъкидлашича, ХХ асрда 100дан зиёд ҳаво ва сув кемалари бу ҳудудда изсиз йўқолган.

Сирли равишда йўқолиш билан бирга, кемаларнинг бир зумда бир ҳудуддан бошқа ҳудудда пайдо бўлиб қолиши, вақтнинг аномал тарзда ўзгариши каби ҳолатлар айтилади.

Скептик-реалист олим Лоуренс Дэвид Куше «Бермуд учбурчаги: афсона ва ҳақиқат» китобида бу жойга тааллуқли қилиб кўрсатиладиган баъзи ҳалокатлар аслида бошқа ҳудудларда содир бўлганини таъкидлайди. Айрим ҳалокатларнинг эса чиндан ҳам содир бўлгани ҳақида расмий манбаларда ишончли факт ва далиллар мавжуд эмас.

19-звено

Бермуд учбурчаги билан боғланадиган шов-шувли воқеалардан бири АҚШнинг бомбардимон ҳарбий самолётларидан иборат 19-звенонинг ҳалокати ҳисобланади.

Звено 1945 йил 5 декабрда АҚШнинг ҳарбий кучлар базасидан бешта самолёт Форт-Лодердейл сари йўл олади, аммо қайтиб келмайди. Самолётнинг қолдиқлари ҳам топилмайди. Баъзи манбаларга кўра, экипаж яхши об-ҳавода, океан осуда бўлган вақтда парвозга шайланган. Парвоз чоғида учувчилар ҳарбий база билан радиомулоқотда навигация қурилмаларининг ишдан чиққани ва ғайритабиий визуал эффектлар кузатилаётганини айтишади. Самолётлар билан алоқа узилгач, уни топиш мақсадида «Мартин Маринер» гидросамолёти йўлга отланади, аммо у ҳам изсиз йўқолади.

Кушенинг бу бўйича версияси бошқачароқ. Унга кўра, звено тажриба парвозини амалга ошираётган курсантлардан иборат бўлган. Улар орасида фақатгина лейтенант Тейлор тажрибали бўлиб, у ҳам бу йўналишда илк бор парвоз қилаётган эди. Сақлаб қолинган радиомулоқот ёзувида эса лейтенант мўлжални йўқотиб қўйгани, компаслар йўлни кўрсатмаётгани айтилган. Мўлжални тиклашга ҳаракат пайтида самолётнинг ёнилғиси тугайди ва Тейлор сув устига қўнишга мажбур бўлади. Аммо бу пайтда нотинч бўлган сув самолётни домига тортиб кетади.

Олимнинг ёзишича, звенони излаш мақсадида йўл олган иккита «Мартин Маринер» гидросамолётида ёнилғи учқунлари кабинага ўтиши натижасида ёнғин кузатилиб, ҳалокатга учрайди.

Ҳақиқат излаб

2018 йилда Буюк Британиянинг Саутгемптон университетидан бир гуруҳ тадқиқотчилар Бермуд учбурчаги атрофидаги гап-сўзларга илмий асос топиш учун изланишлар олиб боришади.

Тадқиқот хулосасига кўра, мазкур ҳудудда кемаларнинг йўқолишига сабаб – тўлқинлардир.

Маълум бўлишича, бу ҳудудда баландлиги 30 метргача борадиган, жуда тик бўлган тўлқинлар юзага келади. Бундай тўлқинлар бир неча нуқтада бир вақтнинг ўзида кучли бўрон ҳаракатга келиши натижасида пайдо бўлади.

Буни амалда исботлаш учун АҚШнинг океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси океанографи Саймон Боксалл қизиқ тажриба ўтказади – ҳалок бўлган кемаларнинг кичик прототипини ясайди, махсус идишга уларни қўйиб, Бермуд учбурчагида қайд этиладиган сув ҳаракатлари моделини ҳаракатга келтиради. Натижада кемалар сувнинг бундай ҳаракатига қарши тура олмаслиги, тўлқинлар кемани сув гирдобига тортиб кетиши маълум бўлади.

Шунингдек, тадқиқотчилар Бермуд учбурчагидаги аномалиялар билан боғлиқ бошқа фаразларга ҳам ойдинлик киритишди.

Магнит аномалиялари. Атлантика океанида магнит аномалиялари чиндан ҳам мавжуд, улар ерости мантия қаватидаги ҳаракатлар билан боғлиқ, аммо бу аномалиялар Бермуд ҳудудидан 1500 км жанубда – Бразилия атрофида кузатилади.

Сув остида тўпланувчи газлар. Бу ҳудудда кузатиладиган аномалиялар сув остида ёнувчан газларнинг тўпланиб қолиши, тўлқинлар ҳаракати билан уларнинг юзага чиқиши ва кемани чўктириши ҳам тахмин қилинади. Аммо олимлар бу тахмин ҳам ўзини оқламаслигини айтмоқда.

«Газларнинг тўпланиб қолиши – эҳтимолий ҳолат, аммо бундай ҳолат кузатилиши мумкин бўлган жой фақат Бермуд учбурчаги эмас, бундай нуқталар дунё сув ҳавзаларида талайгина», дейди Боксалл.

«Асосий айбдор – инсон омили»

Боксаллнинг фикрича, самолёт ва кемаларнинг бу ҳудуддаги ҳалокати инсоний хатолар натижасида рўй берган.

АҚШнинг Қирғоқ қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, Бермуд ҳудудидаги ҳалокатларнинг 82 фоизи океанда ҳаракатланиш бўйича етарли кўникмага эга бўлмаганлар билан содир бўлган.

«Ҳалокатларнинг бош омилларидан бири – кемаларда радиоприёмник ва навигация қурилмаларининг йўқлигидир. Океанда тадқиқотлар олиб бориш жараёнида оддий йўл харитасига ёки мобил телефондаги навигаторга ишониб чиққанларни ҳам учратдик. Қирғоқдан 50-60 км узоқлашгач, мобил телефонлар сигнали йўқолади», дейди АҚШнинг океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси океанографи Саймон Боксалл.

Ўзгарувчан об-ҳаво шароити, қўққисдан қисқа муддатда юзага келадиган бўронларнинг ҳам ҳалокатларда роли бор.

«Умуман олганда, Бермуд учбурчаги муайян бир ҳудуд билан чекланиб қолмайди. Дунёнинг исталган нуқтаси эҳтимолий Бермуд учбурчаги бўлиши мумкин. Бўронлар юзага келадиган, тўлқинлар ҳаракати бўлган, сув остида хавфли газлар тўпланадиган жойлар, тажрибасиз учувчилар ва кема бошқарувчилари бор экан, исталган нуқтада «ғайритабиий» аномалиялар кузатилиши истисно этилмаган», дейди Боксалл.