Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизимида нималар ўзгарди?

Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизимида нималар ўзгарди?

 Ўзбекистонда октябрь ойидан бошлаб иссиқлик таъминоти учун тўловнинг янги тизими ишга туширилди, деб ёзмоқда Spot. Унга кўра, 2020—2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади. Бугунги кунда у 1 квадрат метр иситиладиган жой учун 142 сўмни ташкил қилади.

Тариф ошгани ва истеъмолчилар аввалгига қараганда кўпроқ тўлашга тўғри келиши ҳақидаги фикрлар пайдо бўлгач пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати иссиқлик таъминоти учун тўлов ошмагани, фақат тўлов тартиби ўзгарганини маълум қилди.

«Тошиссиққуватти» ДУК иссиқлик таъминоти бошқармаси бошлиғи Оксана Каснованинг билдиришича, истеъмолчилар, хоҳишга кўра, иситиш мавсуми тугаганидан кейин ҳам ушбу ставкада тўлашни давом эттириши мумкин, шунда янги мавсум бошида улар иссиқ сув таъминоти учун тўлашга «захира» маблағга эга бўлади.

Иссиқ сув таъминоти учун 2020 йил охиригача пул тўлаган истеъмолчиларга келсак, эски тўлов тизими бўйича тўлов 3 августгача, яъни 2020 йил 1 январдан 28 мартгача кўрсатилган хизмат учун амалга оширилди.

Янги тўлов тизими жорий этилганлиги сабабли 3 августдан бошлаб тўловлар ўтказиш тўхтатилди ва 17 октябрдан бошлаб давом эттирилди. Аввалдан тўлов қилганларнинг қолдиқ пуллари кейинги иссиқлик мавсумига ўтказилади. Шундай қилиб истеъмолчи ҳеч нарса йўқотмайди.

Шунингдек, иссиқлик таъминоти бутун шаҳарда бир кунда берилмагани сабабли муайян яшаш уйида иситиш мавсуми бошланиши санасини қандай аниқлаш мумкинлигига ҳам тўхталиб ўтилган. Таъкидланишича, бунинг учун хонадон эгалари исистиш мавсуми бошланиши санаси кўрсатилган далолатномага эга ўз ширкатларига мурожаат қилишлари лозим. Ана шу санадан бошлаб янги иситиш мавсуми учун тўлов ҳисоблаш бошланади.

Бундан ташқари, иссиқлик тармоқларида авария юз берганда бу иссиқлик таъминоти учун тўловда ҳисобга олиниш-олинмаслиги кўпчилик учун баҳсли савол бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатда «Тошиссиққуввати» туман бўлинмаларига мурожаат қилиш лозим. Шундан сўнг мутахассислар далолатнома тузиб, авария кимнинг айби билан юз берганини аниқлайди.

Айбдор «Тошиссиққуввати» ДУК бўлиб чиқса, авария туфайли таъминланмаган иссиқлик учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ширкат айбдор бўлган тақдирда, қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласини уларнинг ўзлари билан ҳал қилиш лозим.