Собиқ депутат Қобил Дусовга нисбатан 6 йилгача қамоқ жазоси сўралди

Улашиш:

20 май куни Тошкентда блогер ва собиқ депутат Қобил Дусов иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Прокурор томонидан Дусовга олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш сўралди. Ҳозирча расмий ҳукм эълон қилинмаган.

Дусовга нисбатан жиноий иш туҳмат, ҳақорат ва ёлғон ахборот тарқатиш моддалари бўйича қўзғатилган. Жиноят иши доирасида беш нафар шахс жабрланувчи деб топилган, улар орасида Навоий вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Раъно Ҳайитова ҳам бор. Жабрланувчиларнинг аксарияти таълим соҳасида фаолият юритади.

Ишга алоқадор айрим постлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Маълумотларга кўра, Дусов айнан ушбу платформалардаги чиқишлари орқали таъна ва ҳақоратлар содир этганликда айбланмоқда.

Бу Қобил Дусовнинг суд олдида биринчи марта жавоб бериши эмас. 2024 йил ноябрь ойида у мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосарини ҳақорат қилгани учун бир йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилганди. Суд қарорига асосан, у кечки ва тунги вақтларда уйдан чиқмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, оммавий тадбирларда иштирок этмаслик ва яшаш жойини рухсатсиз ўзгартирмасликка мажбур бўлган.

2025 йил январь ойига келиб, блогер ушбу шартларни мунтазам равишда бузгани учун манзил-колонияга ўтказилган эди.

Айни пайтда, Қобил Дусовга нисбатан қўзғатилган янги иш ва унга сўралган жазо жамоатчилик орасида турли муносабатларга сабаб бўлмоқда. Масала юзасидан расмий баёнотлар эса кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.