Пресс-релиз нима ва у қандай ёзилади?

Пресс-релиз нима ва у қандай ёзилади?

Сиз ташкилот (ёки компания)нинг матбуот котиби этиб тайинландингиз. Режада ташкилотнинг муҳим тадбири. Сиз оммага нима ҳақида гапириб беришни ва бу сизга нима учун кераклигини аниқ биласиз. Лекин матнни қандай шакллантириш «бошингизни қотиряпти». Ушбу мақола ахборотнинг ўзига хос турларидан бири пресс-релиз ва уни шакллантириш ҳақида.

Пресс-релиз бу — матбуот учун ахборот хати бўлиб, унда бирор янгилик, воқеа ҳақида эълон, воқеликка нисбатан позиция ёки позицияга муносабат акс этади. Хориж медиаэкспертларининг назарий талқинларига кўра, ҳар қандай пресс-релиз

  • янгилик
  • долзарблик
  • информативлик

каби уч асосга таянади.

Бугунги кунга келиб босма нашрларга бўлган талаб пасайиб кетганлигига қарамай унинг жамият онгига таъсирини инкор этиб бўлмайди. Пресс-релиз эса ташкилотлар учун ОАВ орқали тўғридан-тўғри жамият билан мулоқотга чиқиш «кўприги»дир.

Пресс-релиз — бу янгилик демак. Шунинг учун у юқорида санаб ўтилган уч асосий мезонлар талабига жавоб бериши керак, яъни ундаги маълумотлар янги, долзарб ва информатив бўлиши талаб этилади.

Агар пресс-релиз мақсадли ОАВда эълон қилиниши керак бўлса, хабар янги, долзарб ва информативликдан ташқари оммага қизиқарли ҳам бўлиши лозим. Қизиқарли матн яратиш учун пресс-релизда ҳамма нарса ҳақида, хозироқ гапириш (ўтлаб кетиш) мантиқсизликдир. Бу ўқувчини чалғитади ва оқибатда ахборот ўз нишонига бориб тегмайди, яъни ундан наф бўлмайди.

Прес-релиз ёзаётганда ташкилот раҳбарияти ёки маҳсус экспертлар фикрини инобатга олиш ва ахборотда акс эттириш самарали натижа беради. Шунингдек, пресс-релиз кутилмаган фактлар, статистик маълумотлар билан бойитилиши ҳам омад сари бир қадам дегани. Пресс-релиз ёзаётганда у эълон қилиниши режалаштирилаётган ОАВнинг мақсадли аудиторияси қизиқишлари инобатга олиниб, сўзларнинг мантиқий кетма-кетлиги, гапларнинг маъноси, ҳатто тиниш белгилари ўринли қўлланилиши ҳам аҳамиятли. Қисқа қилиб айтганда, пресс-релиз маъноси жиҳатидан информатив бўлиши (биттаям сўз ортиқча бўлмасин), долзарб янгиликни ўзида акс этиши ва «гапни айлантирмаслиги» керак!

Хориж медиатадқиқотчиларининг фикрига кўра, пресс-релиз вазифалари қуйидагилардан иборат:

  1. Оммавий аудиторияга ташкилот (ёки бренд) ҳақида янгилик етказиши керак. ОАВ орқали айтилган янгиликлар кенг аудиториянинг қизиқишини уйғотиб, брендга бўлган ишончини оширади. Бундан ташқари, пресс-релизда берилган ахборот жамоат фикрини самарали шакллантиради ва бренд ташвиқотига хизмат қилади.
  2. Медиа билан мустаҳкам ва самарали алоқалар ўрнатади. Журналистлар энг янги хабарлар ва воқеалар «овчиси» сифатида доимо изланишда. Шунинг учун пресс-релиз тарқатиш журналистларга «муносиб ахборот топиб бериш» демак. Бу жараён ўзаро фойдали ҳамкорликни шакллантиради.
  3. Ташкилот хизматига (ёки бренд маҳсулотига) бўлган муносабатни шакллантириш ва имижини яратиш. Пресс-релиз сизнинг брендингиз ҳақида оммага «гапириб берувчи» восита бўлибгина қолмай, балки у бренд ҳақидаги муносабатларни шакллантиради ва бренд имижининг назоратчиси бўлиб хизмат қилади. Пресс-релиз ахборот хавфсизлигини таъминлаб, нотўғри тушунчалар келиб чиқишининг олдини олади.
  4. Мижозларни жалб қилиш, савдо ҳажмини кўтариш. Кийимларнинг янги коллекциясидан тортиб, ҳатто ижтимоий ёки давлат миқёсидаги хизматларнинг янги турлари рекламасиз оммалашмайди. Брендлар эса янги мижозлар орттира олмайди. Пресс-релиз бу масалани ҳал эта олади.

Демак, пресс-релизлар икки мақсадда: маркетинг учун ва ижтимоий долзарб масала юзасидан шакллантирилади.

Пресс-релиз структураси қандай шаклланади ва унда нималар акс этиши керак?

Қуйида пресс-релиз матнининг босқичма-босқич қисмларда ёзилишини ўрганамиз:

1. Сарлавҳа: унда бренд ёки таклиф этилаётган хизмат турининг тўлиқ номланиши, у билан боғлиқ тадбирнинг номи кўрсатилиши шарт.

Пресс-релизнинг сарлавҳаси зерикарли бўлмаслиги учун унда ташкилот ёки бренд номи, тадбирнинг мақсади изоҳланиши, асосий ахборот ҳақида қисқа, лўнда ва қизиқарли ёзиш керак. Шунингдек, сарлавҳа ранги ва шрифти билан жилоланиб, матндан ажралиб туриши лозим. Бу деталларга аҳамият беришингиз сизнинг пресс-релизингизни «Кимдир ўқийдими?» деган саволга «Ҳа, ўқийди!» деган жавоб бўлади.   

Сарлавҳани матндан олдин ёки матнни ёзиб бўлгач охирида (яъни жараённинг қай пайтида) тузишнинг аҳамияти йўқ. Асосийси, у ўқувчини қизиқтира олиши керак.

2. Лид: бу қисм матннинг асосини ташкил этади.

Лид сарлавҳанинг «укаси». Агар сарлавҳада «Ким нима қилади?» (ёки «Нима содир бўлади?») саволига жавоб бўлса, ЛИД «Ким, қаердақачон, қандай қилиб ва нима учун нима қилади?» деган саволга жавоб бўлиб, сарлавҳага аниқлик киритиши билан аҳамиятлидир. Лид кўпи билан 3та гапдан иборат бўлган, ихчам ва равон матн қисмидир.

3. Асосий қисм (матн): лиднинг мантиқий давоми бўлиб, янгиликнинг моҳиятини очиб бериши лозим. Бу ерда тадқиқотлардан, фактлардан, сонлар, статистик маълумотлар, интервьюлар (эксперт суҳбати, раҳбарият мулоҳазалари), далиллардан мисоллар ва бошқа зарур ахборот жой олиши лозим. Чунки бу қисмда пресс-релизнинг «қаймоғи» мужассам бўлади.

Ёдда тутинг: энг муҳим ахборот матннинг биринчи хатбошида (абзацида) бўлиши керак!

Асосий янгилик матннинг биринчи хатбошида (абзацида) изоҳланишига сабаб ўқувчининг диққати абзацдан абзацга ўтган сари сустлашиб боради. Шунинг учун асосий гапни «кейинга» суриш мақсадга мувофиқ эмас.

Пресс-релиз матнининг мураккаблиги шундаки, унда воқелик акс этиши, лекин матн бадиийлашиб кетмаслиги керак. Ўқувчини фақат фактлар, далиллар, қуруқ сонлару статистика билан жалб қилиш мушкул. Ихчам матн яратиш маҳорати расмийлик ва бадиийлик орасидаги «олтин ўрталик»ни топиш ҳамда ўқувчи эътиборини жалб этишда.

Пресс-релиз ёзиш ижодкорлик иқтидорингизни синайдиган машғулот эмас. Пресс-релиз — ОАВ ахбороти. Шунинг учун унда ўта «ақлли» сўзларни қўллашдан, «пурмаъно» ва узун гаплардан қочинг.

Намунали пресс-релизнинг ноёб детали бу — фикрлар. Экспертларнинг фикри, раҳбариятнинг мулоҳазалари матнни «жонлантиради», унга ишончилилик бағишлайди. Умуман, пресс-релизнинг асосий «янгилиги» сабабчиси бўлган мутахассиснинг фикри омма эътиборини масъул шахсга жалб этади.

4. Хулоса

Бренд (хизмат тури) ҳақида маълумот: ташкилот (компания) ҳақида қисқа ва лўнда изоҳ. Бу ерда бренд логотипи, шиори, тарихи ва асосий ютуқларини қайд этиш ўринли.

Пресс-релиз матни охирида ахборот бўлими мутахассисининг ёки матбуот котибининг алоқа рақамлари берилиши зарур. Бу журналистларга қўшимча маълумотлар олиш учун қулай. Шунингдек, матн сўнгида компаниянинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, сайтлари ва лендинглари каби интернет ресурслари ҳаволаларини қайд этиш ўринли.

Ахборотнинг барча тури, хусусан, пресс-релиз тескари эҳром структураси асосида шакллантирилади.

Қўшимча маълумотлар (визуал ахборот ва ҳаволалар): пресс-релизга асосий хабар билан боғлиқ мультимедиа ахборотини беринг. Бу фотосуратлар ҳисоботи, инфографик маълумотлар, тадбир баннери, (матнда QR код орқали жонланадиган) видеороликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, брендга тегишли махсус сайт, мессенжерлар, катта ҳажмдаги материалларни ўз ичига олган Google Диск, Яндекс Диск, DropMeFilesDropboxWeTransfer каби файл алмашиш майдонлари ҳаволасини қайд этиш ўринли.

Пресс-релиз шаблони:

Шапкада компания номи, логотипи, жойлашган манзили, телефон рақамлари, пресс-релизни тарқатувчи муассис (агар компания PR агентлик хизматини ёллаган бўлса) номи кўрсатилган бўлиши керак.

Масъул шахсларнинг алоқа манзилларида масъулнинг исм-шарифи, телефон рақамлари, электрон почта манзили, персонал сайтининг (агар бўлса) ҳаволаси қайд этилади.

Пресс-релизнинг ахборот маълумотларида тадбир ўтказиладиган вақти, санаси ва манзили ёзилади.

Пресс-релизда нима мумкину нима мумкин эмас?

  • Биринчи олтин қоида: битта пресс-релиз — битта янгилик!
  • Пресс-релиз қизиқарли, лўнда ва равон тилда (қисқартмаларсиз) ёзилиши, кўпи билан икки варақдан иборат бўлиши керак.
  • Шахсий (субъектив) мулоҳазалардан кўра фактлар ва рақамлар афзал.
  • Матндаги воқелик далиллар билан исботланган бўлиши керак.
  • Пресс-релизда «биз», «бизнинг ташкилот» каби олмошларга ўрин йўқ. Уларни ташкилотнинг тўлиқ номи билан алмаштиринг.
  • «Бунинг натижасида», «шундай қилиб», «кейинчалик», «шу сабабли» каби канцелярит ибораларни қўлламанг.
  • Матнни чоп этишдан олдин имло хатолари ва тиниш белгиларини текширишни унутманг.

Ихчамлик! Бу пресс-релиз шаклига қўйилган биринчи талаб.

Пресс-релизнинг қадри янгилик ахбороти ва мультимедиасида. Ахборот матни саводли тузилиши, мультимедиасида тасвир ва матн (мисол учун, тадбирга тайёрланган баннерлар) уйғунлиги билан аҳамиятли.

Пресс-релиз матнини ёзиб бўлганингиздан кейин унга бироз «дам беринг», иш столингизда бир оз «ётсин». Тоза ҳавода бир айланиб келгач (ёки тушлик қилиб келгач), матнни овоз чиқариб ўқинг. Бу усул ўқилиши қийин сўзларни аниқлашда, ҳаддан зиёд узун гапларни қайта шакллантиришда ёрдам беради. Матнни таҳрир қилиб, қисқартириб, ўзгартириб ёки қайта ишлаб бўлгач, яна овоз чиқариб ўқинг. Бу пресс-релиз матни ихчам, равон ва мазмунли чиқишига кафолат беради.

Муҳайё Саидова,
ЎзДЖТУ Медиа ва коммуникация
факультети катта ўқитувчиси,
журналист