Электр тармоқлари корхонасининг расмий муносабати

Электр тармоқлари корхонасининг расмий муносабати

Жорий йилнинг ноябрь ойида ижтимоий тармоқда қуйидаги мазмундаги мурожаат эълон қилинган.

ФОРИШ. “Жиззах вилояти Фориш тумани Порашт қишлоғидан мурожаат этяпмиз. Енгил шамол турса ҳам электр энергиямиз ўчиб қолади. Туман, вилоят электр корхонасига қўнғироқ қилсак, трубкани ҳеч ким кўтармайди. Монтёр тайинлашда ҳам таниш-билишчилик қилинган. Монтёрнинг боласи деб ўқимаган йигитни қўйишган. Аҳоли электр энергияси учун ойма-ой тўлов қиляпти-ку. Электрни мунтазам таъминлаб беришсин”.

Ушбу мурожаат «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг масъул ходимлари ҳамда мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.

Қуйидагича муносабат билдирамиз.

Ҳақиқатдан ҳам шамол оқибатида электр энергиясида узилишлар бўлиб турмоқда. 35/10 кВли «Фориш» нимстанциясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилиб, камчиликлар бартараф этилди.
Фориш ТЭТКга истеъмолчилар томонидан телефон орқали қилинаётган ҳар бир мурожаатни ўз вақтида қабул қилиб олиш ва рўйхатга олиш китобига қайд қилиб бориш, носозликларни бартараф этиш учун раҳбар ва масъулларга тушунтиришлар берилди ҳамда огоҳлантирилди.
Аманқулов Зохид Бабамуродович 1980 йил 8- август куни Фориш туманида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, 2004 йилда Жиззах индустриал техникумини техник-механик мутахассислигини тамомлаган. «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 2007 йил 25- сентябрдаги 347- сонли буйруғига асосан Нимстанциялар хизмати «Фориш» нимстанциясига электромонтёр вазифасига ишга қабул қилинган. Аманқулов Зохид ҳам қўшимча равишда огоҳлантирилди.

Энергетика вазирлигининг мониторинг маълумотларига кўра, 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар сони ва давомийлиги 2019 йилга нисбатан икки баравар камайган.
Электр таъминоти барқарорлигига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири – бу мавжуд электр станциялари ва электр тармоқларини модернизация қилишдир. Ушбу йўналишда мунтазам ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, истеъмолнинг энг юқори юклама пайтида, айниқса совуқ мавсумда содир бўладиган электр энергиясидаги узилишларга келсак, эскирган электр станциялари билан боғлиқ ҳолат.
Ҳозирги кунда фойдаланилаётган энергоқурилмаларнинг 50 фоизигача 30-40 йил давомида фаолият кўрсатади. Уларнинг жисмонан ва маънан эскириши ушбу энергоблокларнинг ишдан чиқишига олиб келади, бу эса электр станцияларининг айрим энергоблокларида узилишлар юз беришига олиб келади. Одатда уларни таъмирлаш учун 3-5 соат вақт кетади. Ушбу ҳолатлар қисқа муддатли электр узилишларининг сабаблари ҳисобланади.

Юзага келган ноқулайликлар учун Фориш тумани бўйича истеъмолчилардан узр сўраймиз.

Амалга оширилаётган ишлардан асосий мақсад истеъмолчиларни, қолаверса инсонларнинг электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини камайтириш.
«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» - дейди Президентимиз.
Мурожаатлар қандай бўлмасин муаммолигича қолиб кетмаслиги, ўз вақтида ечим топилиб ҳал бўлиши кераклиги, бу эса халқимиз фаровонлигининг асосини ташкил қилишини ҳар биримиз чуқур англаб етмоқдамиз.