Toyota дунё бўйлаб барча заводлари ёпилишини эълон қилди

Toyota дунё бўйлаб барча заводлари ёпилишини эълон қилди

Япониянинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиси Toyota дунё бўйлаб барча заводларини ёпмоқчилигини эълон қилди. Ишлаб чиқаришнинг тўхтатилишга яримўтказгичлар етишмаслиги сабаб бўлмоқда, деб ёзади «Автоблог».

Заводларнинг ёпилиши ортидан Toyota молиявий йил охиригача (2022 йил 31 март) 9 миллион дона автомобиль ишлаб чиқариш режасини амалга ошира олмайди.

Қайд этиш керакки, яримўтказгичлар инқирози бутун жаҳон автомобилсозлик саноатини тебратиб юборди. Микрочиплар тақчиллиги сабаб Toyota компанияси февраль ойида атиги 700 000 та автомобиль чиқаради (режалаштирилганидан 16 000 та кам).

Япониядаги заводларнинг ёпилиши Toyota Prius, RAV4, C-HR ва Camry ҳамда Lexus бренди — LS ва IS седанлари, NX ва UX кроссоверлари каби моделларни ишлаб чиқаришга таъсир қилади.

Жорий молиявий йилда Toyota 9,3 миллион дона автомобиль ишлаб чиқаришни режалаштирган эди. Аммо компанияга шу вақтгача оёқда туришга ёрдам берган электрон компонентлар захираси тугади.